Ўзбекистон | 19:42 / 22.04.2026
4144
2 дақиқада ўқилади

Мактабларда 12 йиллик таълимга қачон ўтилади? – масъуллар жим

Ўзбекистонда 12 йиллик умумий таълим тизимига ўтилиши айтилганди. Бироқ бу тизим айнан қачондан бошлаб амалга татбиқ этилиши номаълумлигича қолмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъуллари ҳам бу борада аниқ санани очиқлагани йўқ.

Фото: Kun.uz 

Тошкент шаҳрида 21 апрел куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Kun.uz мухбири 12 йиллик таълим тизимига ўтиш қачондан бошланиши ва у қандай ишлаши ҳақида савол берди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов бу масала атрофида кўп муҳокамалар олиб борилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, вазирлик вакили 12 йиллик таълим тизими қачондан тўлиқ жорий этилиши бўйича аниқ муддатни очиқламади.

Каримовга кўра, режага асосан 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов босқичи расмий таълим тизимига киритилиши кўзда тутилган. Бунда асосий мақсад – болаларни мактабга бир хил тайёргарлик даражаси билан олиб келиш.

“Ҳар бир бола мактабга тайёр ҳолда келиши керак. Чунки унинг кейинги ўқиши шу босқичга боғлиқ. Ҳозир боғчадан тўғридан тўғри мактабга келиш 100 фоиз эмас. Шунинг учун барчани битта даражага олиб келиш муҳим”,  — деди у.

Унинг таъкидлашича, тайёрлов босқичида таълим сифатига алоҳида эътибор қаратилиб, болаларга фақат олий маълумотли педагоглар дарс бериши талаби қўйилади.

Эслатиб ўтамиз,  2025 йил сентябрида ўша вақтдаги мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов республикадаги мактаблар 12 йиллик умумий ўрта таълим тизимига ўтишини маълум қилганди.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид