Жаҳон | 09:09
891
3 дақиқада ўқилади

Украина НАТОга узоқ масофали дрон ва ракеталар етказиб беришга тайёр

Украина келажакда НАТО давлатларига узоқ масофали дронлар ва ракеталар етказиб бериши мумкин. Бу ҳақда Украинанинг НАТОдаги миссияси раҳбари Алена Гетьманчук Welt газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: AP

Унинг айтишича, Киев НАТОнинг душман ҳудуди ичкарисига аниқ зарба бериш имкониятларини кучайтиришга ёрдам бера олади.

“Агар Германия каби НАТО давлатлари келажакда бундай сўров билан чиқса, биз ўз тажрибамиз ва самарали қуролларимизни — узоқ масофали дронлар ва ракеталарни таклиф қилишимиз мумкин”, — деган Гетьманчук.

Унинг таъкидлашича, Украина нафақат дронлардан ҳимояланиш, балки юқори аниқликдаги зарбалар бериш соҳасида ҳам “ўзига хос ечимлар” ва катта тажрибага эга.

Welt нашри ёзишича, бундай таклиф Германия ва НАТО учун айниқса долзарб бўлиши мумкин. Чунки май ойи бошида АҚШ президенти Дональд Трамп Германия ҳудудида Американинг Tomahawk қанотли ракеталари ва баллистик ракеталарни жойлаштириш бўйича келишувни бекор қилган.

Мазкур ракеталар зарурат туғилганда Россия ҳудудидаги стратегик объектлар — қўмондонлик пунктлари, электр станциялари ва қурол омборларига зарба бериш учун мўлжалланган эди.

Нашр таъкидлашича, Трампнинг бу қарори ортидан НАТО Европада Россиянинг ядровий заряд ташиш имкониятига эга 9М729 (SSC-8) ракеталари ва “Искандер” мажмуаларига қарши қўйиши мумкин бўлган айрим қурол турларидан маҳрум бўлган.

11 май куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус Киевга ташриф буюрган. Welt бу ташриф тасодифий эмаслигини таъкидлаган.

Ташриф давомида Писториус Украина билан мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш нияти борлигини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири барча турдаги замонавий дрон тизимларини, айниқса Deep Strike — яъни душман ҳудуди ичкарисига зарба бериш тизимларини биргаликда яратиш бўлади.

“Шу орқали биз ҳар икки давлат хавфсизлигини мустаҳкамлаймиз”, — деган Германия мудофаа вазири.

Бундан аввал Welt газетаси Европа Иттифоқи ва НАТОдаги бир неча дипломатларга таяниб, Германия ҳукумати 2028 йилдан бошлаб мамлакат ҳудудида Tomahawk қанотли ракеталарини ишлаб чиқариш бўйича АҚШ-Германия қўшма корхонаси ташкил этиш имкониятини ҳам ўрганаётганини хабар қилган эди.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид