Жаҳон | 08:04
1038
8 дақиқада ўқилади

Инқироздан дунё брендига: Бильбао шаҳрининг қайта туғилиши

1990-йиллар бошида Испаниянинг Бильбао шаҳри оғир даврни бошдан кечираётган эди. Бир вақтлар пўлат ишлаб чиқариш, кема қурилиши ва оғир саноат ҳисобига ривожланган шаҳар инқирозга юз тутди: доклар бўшаб қолди, заводлар ёпилди. Ишсизлик ошиб, одамларнинг кайфияти тушиб кетди. Худди шу пайтда маҳаллий ҳокимият кутилмаган ғояни илгари сурди — шаҳарни санъат музейи қуриш орқали қайта жонлантириш.

Фото: Gehry Partners, LLP

Аммо бу оддий музей эмас эди. У бинодан кўра кўпроқ улкан ҳайкални эслатиши керак эди. Эгилган титан деворлари ва деярли имконсиз геометрияси туфайли кўпчилик уни қуриб бўлмайди деб ҳисоблади. Бошқалар эса бундай уринишнинг ўзи кераксиз деди. Бироқ музей барибир қурилди. Ва бу ҳаммасини ўзгартирди.

Бугун Бильбаодаги Гуггенхайм музейи дунёдаги энг машҳур бинолардан бири ҳисобланади. Аммо унинг ҳайратланарли ташқи кўриниши ортида улкан жасорат, фавқулодда муҳандислик ечимлари, қирувчи самолётлар учун яратилган дастурий таъминот ва титанга қилинган хавфли сармоя тарихи яширинган. Бу қарор нафақат шаҳарни, балки бутун архитектура соҳасини ўзгартирди.

Испания шимолидаги Басклар мамлакати бир вақтлар мамлакатнинг асосий саноат марказларидан бири эди. Ўнлаб йиллар давомида Бильбао металлургия, кемасозлик ва ишлаб чиқариш маркази сифатида гуллаб-яшнади. Аммо 1970-йилларга келиб глобал рақобат ва иқтисодий ўзгаришлар бу даврга нуқта қўйди. 1979–1985 йиллар орасида саноатдаги иш ўринларининг тўртдан бири йўқолди. Илгари верфлар ва домна печлари билан ўралган Нервьон дарёси постиндустриал таназзул рамзига айланди. 1991 йилга келиб, совуқ уруш тугаб, Испания янги Европа таркибига қўшилаётган бир пайтда, шаҳар келажаги ноаниқ кўринаётган эди.

Айнан шу инқироз даврида Басклар ҳукумати янги йўлни таклиф қилди. Уларнинг фикрича, келажак энди кўмир ва пўлатда эмас, балки маданиятда эди. Режа жуда катта эди: Бильбаони маданий ва туристик марказга айлантириш. Бунинг учун инфратузилма ва рамзий лойиҳалардан иборат кенг дастур ишлаб чиқилди. Архитектор Норман Фостерга метро лойиҳаси топширилди, Сантьяго Калатрава эса пиёдалар кўприги ва аэропорт терминалини ишлаб чиқди. Энг баҳсли қарор эса Нью-Йоркдаги Гуггенхайм фонди билан замонавий санъат музейи қуриш бўйича келишув бўлди.

Минтақавий ҳокимият 100 миллион долларлик қурилишни молиялаштиришга ва бренд номи ҳамда коллекциядан фойдаланиш учун қўшимча лицензия тўловини амалга оширишга рози бўлди. Ишсизлик 20 фоизга етган шароитда бу қарор қаттиқ танқид қилинди.

Шунга қарамай, архитектура танлови эълон қилинди. Ва тақдим этилган барча лойиҳалар орасида биттаси алоҳида ажралиб турди.

Фрэнк Гери лойиҳаси дунёдаги ҳеч қайси музейга ўхшамасди. У анъанавий геометриядан воз кечиб, тўғри чизиқ ва бурчакларни суюқдек оқувчи органик шакллар билан алмаштирди. Гери ўзининг ноодатий услуби билан аллақачон танилган эди, аммо у катта муаммоларга ҳам дуч келган — жумладан, Лос-Анжелесдаги Уолт Дисней концерт зали лойиҳаси молиявий ва муҳандислик қийинчиликлари сабаб тўхтаб қолганди.

Унинг Бильбао учун танланиши катта таваккал эди. Аммо комиссия айнан шу ғоя шаҳарни ўзгартириш миқёсига мос келади деб қарор қилди. Бу сафар Герида яширин қурол ҳам бор эди. У мураккаб шаклларни ҳақиқий конструкцияга айлантириш учун CATIA номли 3D моделлаштириш дастуридан фойдаланди. Бу дастур аслида ҳарбий самолётларни лойиҳалаш учун яратилган эди.

Ўша даврда аксарият архитекторлар фақат оддий шакллар билан ишлай оладиган содда CAD тизимларидан фойдаланарди. CATIA эса математик усуллар — ноеўклид геометрияси орқали энг мураккаб эгри чизиқларни аниқ моделлаш имконини берди.

Бу дастур Mirage қирувчи самолётини яратишда ва Boeing 777 — тўлиқ рақамли усулда ишлаб чиқилган биринчи самолётни лойиҳалашда қўлланган. Энди эса у бино қуриш учун ишлатилаётган эди.

Гери жамоаси қўлда чизилган эскизлар ва қоғоз моделлардан рақамли симуляцияларга ўтди. CATIA нафақат шаклни тасвирлар, балки уни минглаб элементларга бўлиб, ҳар бир қисмни миллиметр аниқлигида тайёрлаш имконини берди.

Дастур яна бир муаммони ҳам ҳал қилди: текис материаллардан эгри юзаларни қандай ясаш мумкинлиги. У бино “қобиғи”ни виртуал равишда ёзиб чиқиб, ҳар бир титан панели учун шаблон тайёрлади. Бу ишни қўлда бажариш ҳафталар талаб қиларди.

Титан эса дастлаб асосий материал сифатида режалаштирилмаган эди. Гери аввалги лойиҳаларида қўрғошин ва мис қотишмаларидан фойдаланган, аммо экологик сабаблар туфайли улар рад этилди. Зангламас пўлат ҳам кутилган визуал эффектни бермади. Ечим тасодифан топилди: Гери Лос-Анжелесдаги студияси яқинида ёмғирли кунда ётган титан бўлагини кўриб қолди. Ундаги кулранг осмон аксини кўриб, Бильбаони эслади.

Муаммо шунда эдики, титан жуда қиммат материал бўлиб, асосан авиация соҳасида ишлатиларди. Аммо геосиёсий вазият ҳаммасини ўзгартирди. СССР парчаланганидан кейин “Лира” лойиҳасидаги совет сувости кемалари металлга топширила бошланди ва уларнинг титан қопламаси бозорни тўлдириб, нархларни кескин туширди.

Натижада музей 80 × 115 сантиметр ўлчамдаги 33 мингта жуда юпқа титан панели билан қопланди. Ҳар бир панель бинодаги мураккаб шаклларга аниқ мослаштирилди.

Қурилиш 1993 йилда бошланди. Калифорниядаги Гери жамоаси рақамли моделларни такомиллаштирар экан, Чикагодаги муҳандислар ва Бильбаодаги қурувчилар уларни ҳақиқий иншоотга айлантираётган эди. CATIA аниқ параметрларни берса-да, бинога қандай шакл беришни кўрсатмасди. Бу вазифа муҳандислар зиммасига тушди.

Муҳандис Хуан Рамон Перес Гонсалес ва унинг жамоаси кўп қатламли конструкция ечимини таклиф қилди: қаттиқ пўлат каркас, унинг устида эгилган балкалар тизими ва икки томонлама эгрилик ҳосил қилувчи тўрсимон қобиқ. Ҳеч бир балка бошқасини такрорламасди. Айрим элементлар конструкция тугаллангунча кранлар ёрдамида ушлаб турилди.

Қопламани ўрнатиш ҳам осон кечмади. Кранлар баъзи жойларга ета олмагани учун профессионал альпинистлар жалб қилиниб, улар панелларни қўлда ўрнатди.

Қурилиш давомида аҳолидаги шубҳа аста-секин қизиқишга айланди. Музей 1997 йил октябрида очилганда эса жамоатчилик фикри бутунлай ўзгарди. Биринчи йилнинг ўзида музейга 1,3 миллион киши ташриф буюрди — бу кутилганидан уч баравар кўп эди. Туристлар оқими кескин ошди ва шаҳар иқтисодиёти жонлана бошлади.

Шундан кейин метро, кўприклар ва аэропорт каби бошқа йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилди. 2000 йилга келиб Бильбаонинг ўзгариши тўлиқ авж олди.

Гуггенхайм музейи шаҳарни қайта тиклашнинг жаҳон миқёсидаги намунасига айланди. Унинг муваффақияти Лондондаги Tate Modern ва Мец шаҳридаги Помпиду маркази каби кўплаб лойиҳаларга илҳом берди. Аммо бу муваффақиятни такрорлаш осон бўлмади.



Чунки музей кенг қамровли дастурнинг бир қисми эди. Бу дастур транспорт, уй-жой, экология ва узоқ муддатли инвестицияларни ҳам ўз ичига олган. Лойиҳанинг ноёблиги шунда эдики, унда вақт, эҳтиёж, тасаввур ва амалга ошириш омиллари мукаммал мос келган эди.

Унинг таъсири Бильбаодан анча узоққа тарқалди. Лойиҳа BIM технологияларининг оммалашишига туртки берди, архитекторлар ва муҳандислар ўртасидаги ҳамкорликни ўзгартирди ва мураккаб иншоотларни лойиҳалашга янги ёндашувни шакллантирди.

Бугун Бильбаодаги Гуггенхайм музейи нафақат шаҳар, балки бутун архитектура соҳасининг трансформация рамзи бўлиб қолмоқда.

Унинг дарё бўйида ялтираган эгри чизиқлари орасида сайр қилар экан, кўпчилик бу бино архитектурада янги даврни бошлаб берганини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Янада камроқ одамлар эса бунинг барчаси қирувчи самолётлар учун яратилган дастур, тасодифан кўрилган титан бўлаги ва совет сувости кемаларининг демонтажи туфайли амалга ошганини билади.

Аммо эҳтимол бу рамзийдир. Чунки Гуггенхайм тарихи — бошқалар муаммо деб билган жойда имкониятни кўра олиш ва энг кутилмаган жойда гўзал нарса яратиш ҳақидаги ҳикоядир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид