Ўзбекистон | 10:21
3072
1 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда Қизил китобдаги қушни овлаб, истеъмол қилганлар аниқланди

Сурхондарё вилоятида Қизил китобга киритилган ноёб пушти сақоққушни овлаб, истеъмол қилган фуқаролар аниқланди. Ҳолат юзасидан экология ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Вилоят Экология бошқармаси маълумотига кўра, Жарқўрғон тумани фуқароси танишлари билан Термиз туманидаги Учкўл массивига борган вақтида икки бош ноёб қуш овланиб, истеъмол қилинганига гувоҳ бўлганини маълум қилган.

Тақдим этилган фото ва видеоларда бир неча фуқаронинг жонсиз пушти сақоққуш билан тушгани акс этган. Текширув жараёнида улар бу ҳолатни «шунчаки қизиқиш» билан изоҳлаган.

Экополиция томонидан олиб борилган ўрганишларда ушбу фуқаролар овчилик билан шуғулланиб келгани ва уларда ов қуроллари мавжудлиги аниқланган. Қуроллар вақтинча сақлаш учун ички ишлар бўлими томонидан олиб қўйилган.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, Қизил китобга киритилган ноёб қушнинг табиатдан ноқонуний ажратиб олиниши оқибатида ҳайвонот дунёсига 206 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид