Фойдали | 15:48
618
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар Японияга визани қандай олиши мумкин?

Ўзбекистон фуқароларига Япония визаси бепул расмийлаштирилади — консуллик йиғими олинмайди. Ҳужжатлар Япониянинг Тошкентдаги элчихонасида олдиндан онлайн навбат орқали қабул қилинади. Қуйида туристик виза учун қандай ҳужжатлар кераклиги, анкетани қандай тўлдириш ва рад жавобига нима сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.

Японияга қандай визалар берилади?

Япония қисқа муддатли ва узоқ муддатли визалар беради: туризм, қариндошларни йўқлаш, хизмат сафари, ўқиш ва ишлаш учун.

Ўзбекистондан сафарлар учун кўпинча қисқа муддатли туристик виза расмийлаштирилади. У саёҳат, дўстлар ва қариндошларни йўқлаш ҳамда қисқа шахсий сафарлар учун мос келади.

Туристик виза бир марталик ёки кўп марталик бўлиши мумкин.

  • Бир марталик виза Японияга бир марта бориш имконини беради. Одатда у илк сафар учун берилади.
  • Кўп марталик виза Японияга унинг амал қилиш муддати давомида бир неча марта бориш имконини беради. Кўпинча бундай визани яхши виза тарихи, барқарор даромадга эга бўлган ёки Японияга илгари ҳам кўп борган аризачилар олади.
Японияга бир марталик виза

Виза тури, амал қилиш муддати ва рухсат этилган бўлиш вақти бўйича якуний қарор ҳужжатлар кўриб чиқилгандан кейин консуллик томонидан қабул қилинади.

Визани онлайн олиш мумкинми?

Ўзбекистон фуқаролари учун электрон виза мавжуд эмас. Ҳужжатларни онлайн тарзда топшириб бўлмайди — ариза фақат қоғоз кўринишида Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси орқали қабул қилинади. Шу билан бирга, ҳужжат топшириш учун навбат элчихонанинг онлайн-тизими орқали расмийлаштирилади.

Япониянинг Тошкентдаги элчихонасида кимлар ҳужжат топшириши мумкин?

Тошкентда ҳужжат топшириши мумкин:

  • Ўзбекистон фуқаролари;
  • Ўзбекистонда қонуний равишда узоқ муддатдан бери яшаб келаётган хорижликлар.

Чет эл фуқароларига мамлакатда узоқ муддат яшашини тасдиқловчи ҳужжатлар керак бўлади. Масалан, яшаш гувоҳномаси ёки узоқ муддатли виза.

Туристик виза олиш учун қандай ҳужжатлар керак?

Япония элчихонаси ҳужжатларни фақат қоғоз кўринишида қабул қилади.

Туристик виза олиш учун қуйидагилар керак:

  • хорижга чиқиш паспорти ;
  • паспорт биринчи саҳифасининг нусхаси;
  • икки нусхада виза анкетаси;
  • 45×35 мм фотография;
  • иш жойидан маълумотнома ва даромади тўғрисидаги ҳужжат;
  • банкдан кўчирма;
  • брон қилинган авиачипта;
  • Японияда бўлиш дастури;
  • брон қилинган меҳмонхона ёки қабул қилувчи томон маълумотлари.

Сафар дастурида одатда сафар санаси, шаҳарлар, меҳмонхоналар ва кунлар бўйича маршрут режаси кўрсатилади.

Японияда бўлиш дастури

Агар сафар харажатини бошқа шахс тўласа, қўшимча равишда унинг ҳужжатлари ва қариндошликни тасдиқловчи маълумотлар керак бўлади. Элчихона қабул қилинган ҳужжатлар ва маълумотномалар қайтарилмаслиги ҳақида огоҳлантиради.

Барча ҳужжатлар A4 форматда тайёрланиши керак. Элчихона шунингдек, қоғозларни степлер ёки қисқич билан тикиб қўймасликни сўрайди.

Сафар учун қанча маблағ борлигини тасдиқлаш керак?

Элчихона минимал сумма айтмайди, шунинг учун одатда сафар давомийлиги ва харажатларга қараб ҳисоб-китоб қилинади. Лекин ариза берувчилар учун йўриқномада кўрсатилишича, Япония бўйлаб сафар учун чет эл фуқароларига яшаш харажатларини ҳисобга олмаган ҳолда кунига 100–150 доллар атрофида пул керак бўлади.

Молиявий ҳолатни тасдиқлаш учун элчихона қуйидагиларни тақдим этишни сўрайди:

  • иш жойидан маълумотнома;
  • охирги уч ой давомидаги маблағлар ҳаракати тўғрисида кўчирма
Банкдан кўчирма
Иш жойидан маълумотнома

Консуллик шунингдек иш жойидан лавозим, иш стажи ва маош кўрсатилган маълумотнома ёки my.gov.uz дан солиқ ҳужжатларини талаб қилиши мумкин. Иш жойидан маълумотномани шахсий кабинет орқали олиш мумкин.

Иш жойидан лавозими кўрсатилган маълумотнома олиш

Виза учун анкета қандай тўлдирилади?

Японияга виза учун анкета инглиз тилида тўлдирилади. Анкетада шахсий маълумотлар, саёҳат маршрути, иш жойи ва Японияда яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Исмнинг турлича ёзилиши, хатолар ёки бўш қолдирилган майдонлар аризани кўриб чиқиш жараёнини кечиктириши мумкин.

Анкетанинг биринчи қисмида қуйидагилар кўрсатилади:

  • исм-фамилия хорижга чиқиш паспортида кўрсатилганидек ёзилади;
  • туғилган санаси ва жойи;
  • фуқаролиги;
  • паспорт рақами ва амал қилиш муддати;
  • яшаш манзили ва телефон рақами;
  • касби ва иш жойи.

«Other names» бўлимида агар аввалги фамилиялар ёки бошқа исмлар бўлса кўрсатилади. Агар бундай маълумот бўлмаса, майдон бўш қолдирилади.

Сафар ҳақидаги бўлимда ташриф мақсади, кириш санаси, режалаштирилган бўлиш муддати, учиб келиш аэропорти, авиакомпания ва меҳмонхона ёки қабул қилувчи томон манзили кўрсатилади.

Агар маршрут бир нечта шаҳарни қамраб олса, кунлар бўйича алоҳида саёҳат режасини илова қилган маъқул. Япония консуллиги маршрутнинг ҳақиқийлигига эътибор қаратади.

Япониядаги кафил ҳақидаги бўлим ҳар доим ҳам тўлдирилмайди. Агар сафар туристик бўлса ва меҳмонхона брон қилинган бўлса, бу майдон одатда бўш қолдирилади. Агар хусусий шахс ёки компания таклиф қилса, таклиф қилувчи томоннинг исми, манзили, телефони, яшаш ҳолати ва иш жойи кўрсатилади.

Анкета охирида судланганлик, депортация ва виза қоидаларини бузиш ҳақида саволлар бўлади. Уларга «Yes» ёки «No» деб жавоб берилади. Агар ариза берувчи «Ҳа» деб жавоб берса, ҳолатни алоҳида тушунтириш керак. Кўп учрайдиган хато — бу майдонларни бўш қолдириш.

Анкетага оч фондаги 45×35 мм ўлчамдаги рангли фотосурат ёпиштирилади. Фото янги бўлиши, кўзойнак ва бош кийимсиз бўлиши керак.

Ариза берувчи анкетани иккинчи саҳифанинг пастки қисмида имзолайди. Имзо хорижий паспортдаги имзо билан мос бўлиши керак. Имзосиз ҳужжатлар қабул қилинмайди.

Ҳужжатлар қандай топширилади?

Виза учун ҳужжатлар Япониянинг Тошкентдаги элчихонасига шахсан ёки ишончнома берилган вакил орқали топширилади.

Элчихона консуллик бўлимига онлайн-рўйхатга олиш тизимидан фойдаланади. Рўйхатга олиш тахминан бир ҳафта олдин очилади. Агар қабул куни анкетада хатолар бўлса ёки ҳужжатлар тўплами тўлиқ бўлмаса, ариза қабул қилинмайди — қайтадан рўйхатдан ўтишга тўғри келади.

Виза учун ҳужжатлар иш кунлари 9:30 дан 12:30 гача қабул қилинади.

Агар онлайн рўйхатга олиш мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар навбат тартибида қабул қилинади. Бу ҳолда ариза берувчи барча ҳужжатлар билан элчихонага келиб, аризачилар рўйхатига паспорт рақамини киритади.

Ҳужжатлар текширилгандан кейин консуллик ходимлари ариза қабул қилингани ҳақида квитанция беради. Бу квитанциясиз ариза қабул қилинган ҳисобланмайди. У шунингдек виза кўриб чиқилгандан кейин паспортни олиш учун ҳам керак бўлади.

Паспортлар иш кунлари 14:30 дан 17:00 гача берилади.

  • Ҳозирда элчихона кунига 20тадан ортиқ бўлмаган аризачини қабул қилади.
  • Туристик компаниялар бир фирмадан кунига кўпи билан бешта ариза бериши мумкин.

Элчихона мажбурий тиббий суғурта талаб қилмайди, аммо суғурта полиси ҳужжатлар тўпламини кучайтириши мумкин — айниқса сафар узоқ давом этадиган ёки Япония бўйлаб ички авиақатновларни ўз ичига олса.

Японияга виза нархи қанча?

Ўзбекистон фуқаролари учун Япония визаси бепул расмийлаштирилади — консуллик йиғими ундирилмайди.

Агар ҳужжатлар туристик компания орқали топширилса, фақат воситачи хизматлари учун пул тўланади. Нарх агентликка боғлиқ бўлиб, одатда ҳужжатларни текшириш ва ариза топширишда ёрдам бериш хизматларини ўз ичига олади.

Ариза қанча муддатда кўриб чиқилади?

Аризани кўриб чиқишнинг стандарт муддати — ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин 10 иш куни.

Бироқ агар консуллик қўшимча ҳужжатлар сўраса, ариза берувчини суҳбатга чақирса ёки сафар ҳамда молиявий ҳолатни қўшимча текширишни бошласа, текширув бир неча ҳафта ёки ҳатто ойларга чўзилиши мумкин.

Таътил мавсумида аризалар сони кўпайиши сабабли муддат янада узайиши эҳтимоли бор.

Нима учун Япония элчихонаси виза учун ҳужжатларни қабул қилмаслиги мумкин?

Баъзан Япония элчихонаси аризани ҳужжатларни кўриб чиқишдан олдин ҳам қабул қилмаслиги мумкин. Бу ариза рўйхатга олинмайди ва қабул қилингани ҳақида квитанция берилмайди дегани. Бундай ҳолатда хатоларни тўғрилаб, ҳужжатларни қайта топшириш керак бўлади.

Кўпинча ҳужжатлар тўлиқ бўлмагани, анкетада хатолар борлиги ёки топшириш қоидалари бузилгани сабабли қабул қилинмайди.

1. Ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги

Агар ариза берувчи рўйхатдаги барча ҳужжатларни олиб келмаса, ариза қабул қилинмайди. Элчихона ҳужжатлар тўплами топшириш кунида тўлиқ бўлиши шартлигини алоҳида таъкидлайди.

Масалан, кўп ҳолларда қуйидагилар етишмайди:

  • бўлиш дастури;
  • банкдан кўчирма;
  • иш жойидан маълумотнома ёки даромадларни тасдиқловчи ҳужжат;
  • паспорт биринчи саҳифаси нусхаси;
  • яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат.

2. Анкетадаги хатолар

Кичик хато ҳам ҳужжатларни қабул қилмасликка сабаб бўлиши мумкин. Кўпинча анкеталар қуйидаги ҳолатларда қайтарилади:

  • майдонлар тўлдирилмаган;
  • сафар муддати сафар дастурига мос эмас;
  • меҳмонхона манзили ёки алоқа маълумотлари нотўғри кўрсатилган;
  • исм-фамилия хорижга чиқиш паспортидагидек ёзилмаган.

3. Вакил ҳужжатларни ишончномасиз топшириши

Агар ҳужжатларни бошқа шахс топшираётган бўлса, ариза берувчининг имзоси қўйилган ишончнома керак бўлади. Ишончноманинг асл нусхасисиз ариза қабул қилинмайди.

4. Паспорт билан боғлиқ муаммолар

Элчихона қуйидаги ҳолатларда ҳужжатларни қабул қилмайди:

  • паспортда виза учун тоза саҳифалар йўқ бўлса;
  • паспорт шикастланган бўлса;
  • паспортнинг амал қилиш муддати жуда қисқа (қоида ҳолатга қараб ўзгаради, лекин амалда элчихона сафарнинг бутун даври учун амал қиладиган паспортни талаб қилиши мумкин).

5. Рад жавобидан кейин белгиланган муддат тугамасдан аризани қайта топшириш

Агар авалги ариза рад этилган бўлса, белгиланган муддат ўтмагунча қайта топширилган ариза қабул қилинмаслиги мумкин.

6. Яшаш жойига мос бўлмаган ҳолда ҳужжат топшириш

Тошкентда ҳужжат топшириши мумкин:

  • Ўзбекистон фуқаролари;
  • Ўзбекистонда қонуний равишда узоқ муддатдан бери яшаб келаётган хорижликлар.

Бошқа мамлакатда яшайдиган ёки Ўзбекистонда анчадан бери яшаётганини тасдиқлай олмаган шахснинг аризаси қабул қилинмайди.

7. Ариза бошқа консулликда кўриб чиқилмоқда

Агар ҳужжатлар Япониянинг бошқа консуллигига топширилган бўлса, Тошкентда қайта топширилган ариза кўриб чиқиш якунланмагунча рад этилиши мумкин.

8. Навбат ёки рўйхатга ёзилиш қоидасининг бузилиши

Элчихона йўриқномасига кўра, қуйидаги ҳолларда ҳужжатлар қабул қилинмаслиги мумкин:

  • аризачи рақамли талонни йўқотиб қўйса;
  • талонни бошқа одамга берган бўлса;
  • киришда тарибни бузса;
  • чақирувни ўтказиб юборса ва вақтида келмаса.

Қачон қайта ҳужжат топшириш мумкин?

Агар виза бериш рад этилган бўлса, аризачи фақат 6 ойдан кейин ўша сафар мақсади учун ҳужжатларни қайта топшириши мумкин.

Агар вазият жиддий ўзгарган ёки сафар гуманитар сабабларга боғлиқ бўлса, истисно қўлланилиши мумкин.

Асал Равшанова
Муаллиф Асал Равшанова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид