Технология | 22:10 / 17.05.2026
2985
2 дақиқада ўқилади

Смартфонлар ва интернет туғилиш даражасини пасайтирди – тадқиқот

Таҳлилчиларнинг фикрича, ёшлар ўртасида шахсий учрашувлар сонининг камайиши ва ижтимоий тармоқлар таъсирида бўлажак жуфтларга нисбатан кутилма ва талабларнинг ошиши туғилиш даражасининг камайишига сабаб бўлмоқда.

Фото: Getty Images

2000–2010 йилларда смартфонлар ва тезкор интернетнинг кенг тарқалиши дунёнинг турли мамлакатларида туғилиш даражасининг пасайишини тезлаштирган. Бу ҳақда Financial Times тегишли маълумотларни таҳлил қилиб ёзмоқда.

Масалан, Франция ва Полшада туғилиш кўрсаткичлари 2000 йиллар бошида барқарор бўлган, лекин 2009 йилдан кейин кескин пасайиш бошланган. Мексика, Марокаш ва Индонезияда туғилиш кўрсаткичининг пасайиши 2012 йилда, Гана, Нигерия ва Сенегалда эса 2013–2015 йиллар оралиғида кузатилган.

Барча ҳолатларда туғилиш даражасининг кескин пасайиши бу мамлакатларда мобил иловалар бўйича Google қидирувларининг оммалашиши билан бир вақтга тўғри келган.  

Цинциннати университети олимлари Натан Ҳадсон ва Эрнан Москосо-Боедо ўз тадқиқотларида АҚШ ва Буюк Британияда туғилиш даражаси 4G тезкор мобил интернет эртароқ пайдо бўлган ҳудудларда аввалроқ ва кучлироқ пасайганини аниқлашган.  

Таҳлилчиларнинг фикрича, смартфонлар туғилиш даражасининг камайишига олиб келаётганининг сабаби ёшлар ўртасида шахсий учрашувлар сонининг камайиши ва ижтимоий тармоқлар таъсирида бўлажак жуфтларга нисбатан кутилма ва талабларнинг ошишидир.

«Instagram ва TikTok дунё бўйлаб ёш аёлларга анъанавий қоидаларни четлаб ўтиш имконини бермоқда, бу эса аёлларнинг ўзаро муносабатларга нисбатан талабларини эркаклар тайёр бўлмаган даражада оширмоқда», дейди Стэнфорд университети демографи Элис Эванс.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид