Кўчмас мулк | 08:44
1250
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда ижара бозори уй-жой сотувидан тезроқ ўсмоқда

Тошкент шаҳрида ижара бозори уй-жой сотув бозорига нисбатан тезроқ ўсишда давом этмоқда. Сўнгги бир йил ичида пойтахтда ўртача ижара нархлари 9,1 фоизга ошган бўлса, уй-жой нархларининг умумий индекси 7,6 фоизга ўсган.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг 2026 йил апрель ойи якунлари бўйича тақдим этган шарҳида қайд этилишича, апрель ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача қиймати бир квадрат метр учун 9,2 долларни ташкил этган.

Ижара нархларининг энг юқори даражаси Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида сақланиб қолмоқда. Ушбу ҳудудларда бир квадрат метр учун ижара қиймати ўртача 11 доллар атрофида шаклланган.

Йиллик ҳисобда ижара нархларининг энг юқори ўсиши Яшнобод туманида кузатилди — 18,2 фоиз. Шунингдек, Бектемир туманида ўсиш 16,7 фоизни, Юнусобод туманида эса 14,3 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ҳам мўътадил ўсмоқда. Апрель ойида иккиламчи уй-жойнинг ўртача қиймати бир квадрат метр учун тахминан 1150 долларга етган.

Бирламчи уй-жой сегментида эса ўсиш суръати юқорироқ бўлиб, йиллик ҳисобда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 8,8 фоизга ошган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид