Молия | 08:37 / 25.05.2026
1047
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда крипто-майнингни назорат қилиш кучайтирилади

Ўзбекистонда крипто-майнинг фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишни кучайтиришга қаратилган Besqala Mining Valley махсус майнинг зонаси тўғрисидаги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фото: stock.adobe.com

Ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистон ҳудудида махсус майнинг зонаси ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, унда крипто-майнинг билан шуғулланувчи юридик шахслар махсус тартибда рўйхатдан ўтказилади.

Лойиҳада майнинг фаолияти учун қатор қатъий талаблар белгиланган. Жумладан, фақат Қорақалпоғистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар махсус зона резиденти бўлиши мумкин. Майнинг фақат рўйхатдан ўтиш вақтида кўрсатилган манзилда амалга оширилиши шарт.

Шунингдек, яширин майнинг, аноним крипто-активлар майнинги ҳамда аввал муомалада бўлган крипто-активларни айланмага киритиш тақиқланмоқда.

Низом лойиҳасига мувофиқ, майнинг билан шуғулланиш учун юридик шахслар махсус рухсатнома олиши керак бўлади. Рухсатнома ва резидентлик гувоҳномаси 5 йил муддатга берилади.

Ҳужжатда электр энергиясидан фойдаланиш тартибига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Майнинг фаолияти учун қайта тикланувчи энергия манбалари, водород электр станциялари ёки ягона электр тармоғидан фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.

Бундан ташқари, крипто-активларни сотиш ва айирбошлаш жараёнлари ҳам назорат остига олинади. Майнинг орқали топилган крипто-активларни сотишдан тушган маблағлар мажбурий тарзда Ўзбекистон банкларидаги ҳисоб рақамларига ўтказилиши шарт бўлади.

Лойиҳада резидентларнинг таъсисчилари ва раҳбарларига нисбатан ҳам чекловлар назарда тутилган. Терроризм, коррупция, иқтисодий жиноятлар ёки ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларда гумон қилинган ёки судланган шахсларнинг бундай фаолиятда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Мазкур махсус зона фаолиятини назорат қилиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги зиммасига юкланиши белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид