Жаҳон | 15:20
2242
8 дақиқада ўқилади

Банкротлик ёқасидаги БМТ ва аросатда қолган Арманистон – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди

АҚШ дам олиш кунлари Эрон жанубидаги ҳарбий объектларга зарба берди. Муҳофизлар корпуси бунга жавобан душанба куни Кувайтдаги АҚШ ҳарбий базасини нишонга олди.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, якшанба кунги ҳужумлар «халқаро сув ҳудудларида парвоз қилаётган АҚШнинг MQ-1 дронини уриб туширишни ўз ичига олган Эроннинг ҳаракатларига» жавобан амалга оширилган.

«АҚШ қирувчи самолётлари минтақавий сувлардан ўтаётган кемаларга аниқ хавф туғдирган Эрон ҳаво мудофааси тизимлари, ердаги бошқарув станцияси ва иккита камикадзе дронларни йўқ қилиш орқали тезкорлик билан жавоб қайтарди», дейилади CENTCOM баёнотида.

Кейинроқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Эронга ҳужум қилиш учун фойдаланилган АҚШ авиабазасини нишонга олганини маълум қилди. Бироқ айнан қайси база эканига аниқлик киритмади.

Reutersʼнинг ёзишича, Кувайт расмийлари душанба куни ҳаво мудофааси тизимлари ракета ва дрон ҳужумларини қайтарганини хабар қилган. Бу мамлакатда АҚШнинг йирик ҳарбий базаси жойлашган.

АҚШ ва Эрон ўртасида апрел ойи бошида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганди. Шундан бери асосий битимга эришишга қаратилган музокаралар чўзиляпти. Шу билан бирга улар вақти-вақти билан ўзаро зарбалар алмашиб турибди.

Икки томон бошқа бир қанча масалаларда, жумладан, Ливандаги уруш борасида ҳам келиша олмаяпти. 31 май куни Бинямин Нетаняҳу «Ҳизбуллоҳ»га қарши курашда Исроил қўшинларига Ливан ичкарисига чуқурроқ кириб боришни буюрганини маълум қилди.

БМТ банкротлик ёқасида

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти АҚШ ва Хитой тўловларни кечиктираётгани сабабли банкротлик ёқасига келиб қолди.

Wall Street Journal маълумотларига кўра, Вашингтоннинг ташкилот олдидаги қарзи 4 миллиард доллардан ошади. Пекин эса май ойи охирида 850 миллион долларлик тўловларига қарамай, ҳамон 455 миллион доллар қарз бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, ХХР ўзини «амалда асосий молиявий ҳомий» деб атаб, ташкилот олдидаги мажбуриятларини бажаришга ваъда бермоқда.

АҚШ ўзининг келгуси молиявий кўмагини — БМТ харажатларини қисқартириш билан боғламоқда. Вашингтон талаб қилаётган чоралар қаторида иш ўринларини қисқартириш, бизнес-классдаги парвозлар сонини камайтириш ва автоматик таржимадан фойдаланиш бор.

Ташкилотнинг бошқа йирик донорлари — Буюк Британия ва Германия ҳам маблағларни тежаш мақсадида ҳуманитар дастурларга камроқ маблағ ажрата бошлади.

Швеция ва Нидерландия томонидан тўловларнинг камайтирилиши эса ўнг қанот кучларининг ҳокимиятга келиши билан изоҳланмоқда.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 2025 йилнинг октябридаёқ ташкилот «банкротлик сари пойгада» эканидан огоҳлантириб, бирлашманинг «молиявий таназзулга учраши жуда реал истиқбол» эканини айтганди.

Прогнозларга кўра, БМТ маблағлари шу йилнинг август ойи ўрталарига келиб тугайди. Айнан ўша пайтда Гутерришнинг ворисини танлаш масаласи янада долзарб бўлиб қолади. Уни эса 2026 йил охиригача тасдиқлаш зарур.

Маблағларнинг кескин етишмовчилиги шароитида БМТ кенг кўламли харажатларни қисқартиришга мажбур бўлди. Хусусан, ташкилот баъзи офисларини ёпди ва котибиятдаги рекорд даражада — уч мингта лавозимни қисқартирди.

Бошқа чоралар қаторига Африкадаги можаро зоналаридан қўшинларни олиб чиқишни тезлаштириш ва тинчликпарварлик операцияларига сарфланадиган харажатларни кескин камайтириш ҳам киради.

Арманистон қийин танлов ўртасида

Беларус раҳбари Александр Лукашенко Арманистондаги парламент сайловлари арафасида уларни «Украинада содир бўлган воқеаларни такрорламаслик учун жуда эҳтиёт бўлишга» чақирди. Лукашенконинг Остонада бўлиб ўтган Евросиё иқтисодий иттифоқи саммитидаги ушбу сўзлари 31 май куни эълон қилинди.

«Украинада ҳам ҳаммаси айнан шундай бошланган эди», дея Лукашенко Владимир Путиннинг тезисини такрорлади. Путин Остонадаги матбуот анжуманида Украинадаги инқироз ўз вақтида «Киевнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишга уринишларидан бошланганини, ҳозирда эса Ереван ҳам айнан шунга интилаётгани»ни таъкидлаганди.

Беларус раҳбари Арманистон фуқароларига Евроиттифоқ билан яқинлашишдан олдин «жуда жиддий ўйлаб кўришни» таклиф қилди: «Мен уларни чақираётган ягона нарса шу. Халқ ўз фикрини билдирса, биз бунга рози бўламиз», деди у.

Аввалроқ Путин бошчилигидаги саммит қатнашчилари қўшма баёнотда Арманистондан — Евроиттифоққа кириш ёки Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзоликни сақлаб қолишни танлаш бўйича референдум ўтказишни талаб қилганди. Владимир Путин шунингдек, агар Ереван улар билан муносабатларни узадиган бўлса, мамлакатга иқтисодий оқибатлар билан таҳдид қилди.

Арманистон бош вазири ўринбосари Мгер Григорян қачонки бу масала кўндаланг қўйиладиган даражага етса, ўшанда аниқлик киритилишини айтди.

Мянмада портлаш: ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди

Якшанба куни Мянмадаги кончилик учун мўлжалланган портловчи моддалар сақланадиган бинода портлаш юз берди. Қутқарувчиларга кўра, камида 46 киши ҳалок бўлган, яна 70 га яқин одам жароҳатланган. Қурбонлар сони бўйича рақамлар турлича: AFP манбаларига кўра қурбонлар сони 59 кишигача етади.

Портлаш Хитой чегарасидан тахминан уч километр жанубдаги Каунгтуп қишлоғида содир бўлган. Ушбу ҳудуд Мянма марказий ҳукуматига қарши этник исёнчи гуруҳ — Таанг миллий озодлик армияси назорати остида ҳисобланади.

Гуруҳ кончилик ва тош карерларида фойдаланиш учун желигнит портловчи моддаси сақлаганини тасдиқлади. Ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Портлаш оқибатида атрофда жойлашган ўнлаб турар жой биноларига жиддий зарар етган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолган одамларни қидиришни давом эттирмоқда. Маҳаллий касалхона жароҳатланганларни даволаш учун қон захиралари кескин етишмаётганини маълум қилди.

 

 

Украинанинг дрон ҳужумлари ортмоқда

Украина армиясининг Махсус операция кучлари Кировдаги «Сургут-Полотск» нефт қувурининг энг муҳим бўғини — «Лазарево» диспетчерлик станциясига дронлар билан зарба берди.

Ушбу қувур орқали Сибир ва Россия шимолидан келадиган нефт – Беларусга ҳамда Болтиқ бўйидаги портларга экспорт қилиш учун ташилади. Станция, шунингдек, «Дружба» магистрал нефт қувури тизимига ҳам уланган.

«Лазарево» станцияси Украина чегараларидан 1100 километр масофада жойлашган. Киров вилояти губернатори Александр Цоколов 31 майга ўтар кечаси дронлар ҳужум қилганини тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳужум туфайли объектда ёнғин бошланган.

Бундан ташқари, 31 майга ўтар кечаси Украина кучлари Саратов нефтни қайта ишлаш заводига ҳам зарба берди. Заводда йирик ёнғин содир бўлган. Корхонанинг лойиҳавий қуввати йилига қарийб 7 миллион тонна нефтни ташкил этади.

Киевдагилар, шунингдек, Россиянинг қуйидаги объектлари ҳам ўққа тутилганини қўшимча қилди:

  • Курск вилоятининг Бегошче қишлоғидаги қўмондонлик-кузатув пункти;
  • Донецк вилоятининг Графовка ҳудудларида дронларни бошқариш пунктлари;
  • Донецк шаҳридаги дрон ишлаб чиқарувчи цех.

Бундан ташқари, 30 май куни Қрим денгиз нефт терминали ҳудудида учта резервуарга ҳамда Донецкда жойлашган газ омборига шикаст етказилган.

Май ойида Украина дронлари Россия ҳудудидаги 18 тадан ортиқ нефт ва газ инфратузилмаси объектларига зарба берди. Ушбу объектларнинг ярмидан кўпи бир ой давомида бутунлай тўхтатилди ёки ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид