Жаҳон | 18:05
2195
5 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон музокаралари қандай кетяпти?

АҚШ ва Исроил биргаликда Эрон Ислом Республикасига 28 февралда ҳужум қилганидан буён, шу кунга қадар Доналд Трамп жами 38 марта “Биз Эрон билан келишувимизга жуда оз қолди” деб айтган. Амалда эса сўнгги кунларда томонлар яна қайтадан эскалация томон кетаётгандек бўляпти.

Яқинда Эрон АҚШнинг Apache русумли ҳарбий вертолётини уриб тушурди. Аскарлар қутқарилган, ҳеч ким ўлмаган ёки жароҳатланмаган. Бунга жавобан АҚШ ҳам “биз жавоб зарбалари берамиз” дея, Эроннинг Бандар-Аббос шаҳри атрофидаги йигирмага яқин нишонларга ҳужум қилган. Эрон тарафи эса, бу ҳужумларни ютмаслик, “қўрқиб қолгандек” кўринмаслик учун Баҳрайн, Иордания ва Қатардаги Америка объектларига ҳужум қилган.

Мана шу фонда АҚШ ва Эрон музокаралари узилмаган, аксинча, янада жадаллашган. New York Times газетасининг маълум қилишича, томонлар ўртасидаги музокаралар марказида Эроннинг ядро дастури турибди. Газетанинг ёзишича, томонлар келишувга анча яқин ва қуйидаги нуқталар борасида маълум келишувларга эришилган:

  • Эрон ўзининг уранини 15 йил мобайнида бойитмаслиги керак. АҚШ 20 йил сўраган, Эрон 10 таклиф қилган, ўртада 15 йилга келишилган.

  • Бойитилган уран Эроннинг ўзида қолишига АҚШ рози бўлган. Бироқ, АҚШ талаби билан Эрондаги учта уранни бойитиш марказларидан фақат биттаси қолиши керак, у ҳам бўлса – Исфаҳон. Фордо ва Натанз уранни бойитиш марказларини ёпиш талаб қилиняпти.

  • Исфаҳондаги уранни бойитиш маркази фаолияти халқаро ташкилотлар, жумладан, АЭХА назорати остида амалга оширилиши керак, бироқ бу марказ ернинг остидан ернинг устига олиб чиқилиши талаб қилинмоқда. Табийки, бунга Эрон қарши, АҚШ эса бу марказни зарурат бўлганда бомбалаш осон бўлиши учун шундай шарт қўяётгани маълум.

  • Эронга Исфаҳондаги ядрони бойитиш маркази қолдирилишидан мақсад – расмий Теҳрон ўз халқига “биз уранни бойитиш ҳуқуқини сақлаб қолдик – ғалаба қилдик” дейиши учун.

Келишув пунктларидан кўринадики, томонлар компромисс изламоқда. Эрон АҚШнинг имкониятлари чекланиб бораётганини ҳис қилмоқда ва музлатилган маблағлар қайтарилиши, санкциялар ечилиши каби иқтисодий шартларни қўймоқда. Бу шартларни АҚШ қабул қилиши эҳтимоли юқори, акс ҳолда Эрон яна Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйиши мумкин.

Кейинги кунлардаги эскалация фонида Трамп Исроил бош вазири Нетаняҳуга телефон қилиб, “Эронга жавоб зарбалари йўлламанг, ахир бу сафар Исроилда ҳеч ким қурбон бўлмади, ўлмади” дея талаб қилди. Табиийки, Нетаняҳу Трампга қулоқ солишга мажбур. Бу – икки иттифоқчи давлатнинг ички ўйин қоидаси. Қоидага кўра, Вашингтон Исроилга чексиз қурол-аслаҳа етказиб беради, БМТ Хавфсизлик Кенгашида ўз ветолари билан Исроилни ҳимоя қилади, чексиз молиявий қўллайди. Лекин вақти келганда, АҚШ Исроилдан “жим бўлишни” талаб қилади. Мисол учун, 1973 йилги урушда, Мисрга еки Ироққа қарши урушларда АҚШ Исроилга “жим бўлишни” кўп марта буюрган. Исроилнинг ортиқча ҳужумлари АҚШнинг араб иттифоқчилари ва коалициясини бузиб юбориш эҳтимоли пайдо бўлганда, Вашингтон шу талабни қўяди.

Бироқ бугун АҚШ жамоатчилигида ҳам, Исроил ижтимоий фикрида ҳам икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик зарарли ёки хавфли экани борасидаги фикрлар анча кучайган. Трампнинг танқидчилари “АҚШ Исроилнинг қўғирчоғи бўлиб қолди” дейишса, Исроилдаги Нетаняҳу танқидчилари “биз АҚШнинг 51-штати бўлиб қолдик, мустақилликни йўқотдик” дея истеҳзо қилишади.

Дунё экспертлари ва сиёсий доиралари назарида, Трамп ва Нетаняҳунинг узоқни ўйламай қилган Эронга зарбалари ва уруши оқибатида, расмий Теҳрон минтақада шаклланаётган янги қудрат маркази сифатида талқин қилина бошлаяпти. Шу пайтгача Эрон “минтақанинг касал одами”, “минтақадаги энг заиф давлат”, “қоғоздан қурилган қўрғон” деган қарашлар кенг ёйилганди. Бироқ АҚШ билан музокараларда, Эрон келишув излаётган эмас, балки кўпроқ шарт қўяётган давлат мақомида намоён бўлмоқда. Бу эса АҚШ ва Исроилнинг Эронни заифлаштириш, йиқитиш, мағлуб қилиш борасидаги ресурслари мутлақ чекланганини англатади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид