Технология | 10:03
1214
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск 55 миллиард долларлик Terafab лойиҳасини илгари сурмоқда

Илон Маск сунъий интеллект ва юқори ҳисоблаш қувватларига бўлган талабни қондириш мақсадида Terafab номли улкан яримўтказгичлар ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш режасини тақдим этди. SpaceX, Tesla ва xAI иштирок этаётган лойиҳанинг дастлабки қиймати 55 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Фото: Reuters

Reuters маълумотига кўра, Маск Нидерландиянинг чип ишлаб чиқариш ускуналари бўйича етакчи компанияси ASML тадбирида Terafab ҳақида батафсил маълумот бериши кутилмоқда. Лойиҳа келажакда Tesla электромобиллари, Optimus ҳуманоид роботлари, сунъий интеллект тизимлари ва SpaceX инфратузилмаси учун чиплар ишлаб чиқаришга хизмат қилади.

Маълум қилинишича, Terafab Техас штатида барпо этилади. Дастлабки босқичда тадқиқот ва прототиплаштириш фабрикаси ташкил қилиниб, кейинчалик тўлиқ масштабли ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати кейинги босқичларда 119 миллиард долларгача етиши мумкин.

Terafabʼнинг асосий мақсади ташқи чип ишлаб чиқарувчиларга қарамликни камайтириш ҳисобланади. Маскнинг таъкидлашича, унинг компаниялари учун сунъий интеллект ва ҳисоблаш қувватига бўлган эҳтиёж ҳозирги глобал чип бозори имкониятларидан анча юқори. Шу боис Tesla, SpaceX ва xAI келажакда зарур чипларнинг катта қисмини мустақил ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Лойиҳада Intel ҳам иштирок этиши айтилмоқда. Компания Terafab учун ўзининг янги авлод 14A технологик жараёнини тақдим этиши мумкин. Шунингдек, ASML ишлаб чиқарадиган юқори технологияли литография ускуналари ҳам завод фаолияти учун муҳим аҳамият касб этади.

Таҳлилчилар фикрича, Terafab амалга ошса, у нафақат Маск компанияларининг эҳтиёжини қоплайди, балки АҚШнинг яримўтказгичлар соҳасидаги мустақиллигини кучайтиришга ҳам ҳисса қўшиши мумкин. Айни пайтда лойиҳа юқори харажатлари ва техник мураккаблиги сабабли технологик саноатдаги энг катта ташаббуслардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид