Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сотилган товар қайтариб олинмайди». Бу қонуний талабми?
Бозордан ёки қайсидир дўкондан оёқ кийим харид қилдингиз. Уйга келганингизда кроссовканинг ўлчами тўғри келмади ёки ранги маъқул келмаяпти. Сотиб олган жойингизга қайтиб келганингизда, дўкондор «сотилган товарлар қайтариб олинмайди», деган ёзувни кўрсатиб, талабларингизни қаноатлантирмаяпти. Хўш, дўконнинг бир четига илиб қўйилган бундай ёзув қонун кучига эгами?
Айтайлик, ўзингиз учун кўйлак сотиб олдингиз. Уни уйда қайта кийиб кўрилганда сифатсизлигидан матоси ҳам, тикилиши ҳам нархига тўғри келмаслиги маълум бўлди. Сотувчи томонидан «ювиб-ювиб киясиз, ҳеч нарса қилмайди, бу фалон фирманики…» деб қўлингизга тутқазилган қимматбаҳо уст-бош ҳам бир ювилганда ранги чиқиб, чоклари сўкилиб, киришиб кетиб, яроқсиз ҳолга келиб қолса-чи? Бунда истеъмолчилар қандай йўл тутиши керак?
Охирги пайтларда Ўзбекистондаги йирик бозорлар, савдо марказлари ва кийим-кечак дўконларида «Сотилган товар қайтариб олинмайди!» ёки «Алмаштириб берилмайди!» деган мазмундаги ёзувлар кўпайиб боряпти. Хўш, бу талаб қанчалик асосли?
Қонунчилик нима дейди?
Вазирлар Маҳкамасининг 75-сонли қарорида белгиланишича, чакана савдо қоидаларида зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига кийим-кечаклар киритилмаган. Уни мавжуд тартиб-қоидалар асосида белгиланган муддатда сифатлисига алмаштириб олиш ҳуқуқига эгасиз. Аммо бунда ҳам маълум тартиб-қоидалар бор.
«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасида фуқаролар мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан 10 кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.
Бу ерда «мақбул сифатли» дейилмоқда. Яъни товарнинг ҳеч қандай нуқсонлари йўқ, у истеъмолга яроқли, сифатиям яхши. Хўш, унда алмаштириб олиш нимага керак, дейишингиз мумкин. Қонунга биноан, истеъмолчи сифати яхши товарни ҳам алмаштириб олиши мумкин. Фақатгина бунда унга ўша сотиб олинган товарнинг қандайдир истеъмол хоссалари мос келмагани сабаб бўла олади. Сиз туфли олдингиз, лекин унинг ўлчами бироз мос келмади ёки ранги ёқмади ва бошқа шу каби ҳолатлар.
Истеъмолчи харид қилган товарини сотиб олган кундан бошлаб 10 кун ичида (озиқ-овқат учун 24 соат) бошқа товарга алмаштириш ҳуқуқига эга. Агар 10 кун ўтиб кетса, бу ҳуқуқдан фойдалана олмайди.
Шунингдек, сифатли товарлар қайтарилганда улар истеъмол қилинмаган бўлиши, товар кўринишини йўқотмаган, истеъмол хоссалари, пломбаси, ёрлиқлари сақланган ҳолатда бўлиши керак.
Маҳсулот керакли сифатда бўлмаган тақдирда-чи?
Қонунда зарур сифатга эга бўлмаган, нуқсонли маҳсулотни сотиб олган истеъмолчида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга имкон берадиган 5 та қоида мавжуд. Булар қуйидагилар:
· товарни айни шундай маркали мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
· товарни бошқа маркали шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини қайта ҳисоб-китоб қилиш;
· товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
· харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
· шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Бундан ташқари, сотувчи акция ёки чегирма доирасида сотиладиган товарда камчилик мавжудлиги тўғрисида харидорни огоҳлантирмаган бўлса, нуқсонли товар сотилганда харидор товарни қайтариб бериш ҳуқуқига эга. Сотувчиларнинг «Акция доирасида сотиб олинган товарлар алмаштирилмайди ёки қайтарилмайди» каби иборалари қонунга мувофиқ эмас.
Қандай маҳсулотларни қайтариш ёки алмаштириш мумкин эмас?
Қонунчиликда сифати талабга жавоб берган тақдирда қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат маҳсулотларнинг рўйхати мавжуд:
· дори воситалари ва тиббий асбоблар;
· шахсий гигиена буюмлари (тиш чўткалари, тароқлар, соч турмаклаш анжомлари ва ҳоказо);
· атторлик-пардоз товарлари(атир-упалар);
· тўқимачилик маҳсулотлари (метрлаб сотиладиган газламалар, тасмалар);
· озиқ-овқат билан боғлиқ буюмлар;
· маиший кимё товарлари;
· пестицидлар ва агрохимикатлар;
· мебел, заргарлик буюмлари;
· автомототранспорт воситалари;
· маиший электр товарлари;
· ҳайвонлар ва ўсимликлар.
Айтайлик, сиз тароқ сотиб олгансиз. Тароқ шахсий гигиена буюми ҳисобланади. Сиз ана шу тароқни уйга олиб келиб, ишлатиб кўргач, менга тароқнинг у ери ёқмади, бу ери ёқмади деган сабаб билан алмаштира олмайсиз.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, фуқаролар «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»нинг 1-иловасида келтириб ўтилган рўйхатдаги товарлардан ташқари ҳар қандай ноозиқ-овқат товарини ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга, бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Сотувчилар эса истеъмолчининг қонуний талабларини бажаришга мажбур. Агар дўконда «сотилган товар қайтариб олинмайди» деган ёзувни кўрсангиз, бу шунчаки сотувчининг шахсий хоҳиши холос. Ички қоидалар билан истеъмолчига қонун томонидан берилган ҳуқуқларни чеклаб бўлмайди.
Нақд пулни қайтариш ёки алмаштириш учун истеъмолчи касса ва товар чекини тақдим этиши шарт. Шунинг учун ҳужжатларни сақлаш тавсия этилади.
Мавзуга оид
11:24 / 31.05.2026
Ўғитлар инқирози, логистика ва протекционизм: озиқ-овқат нархлари нега ошиб боряпти?
20:32 / 12.05.2026
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ягона марказлашган тизим яратилади
18:38 / 12.05.2026
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси тузилди. Унга Азизбек Урунов раис бўлди
07:47 / 15.04.2026