Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Э, онангни... 11 гача ёпмасанг, тиқиб юбораман!” — Музработда фермерлар ҳақоратланди
Kun.uz ихтиёрига Сурхондарё вилояти Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқуловга тегишли экани айтилаётган аудиоёзув келиб тушди. Унда ҳоким деб таништирилган шахс ғалла топшириш режасини бажармаётган фермерларни сўкиб, улардан режани бир неча соат ичида бажаришни талаб қилган. Манбага кўра, ҳолат 15 июн куни ҳокимнинг хизмат хонасида содир бўлган.
Kun.uz ихтиёрига келиб тушган аудиоёзув мазмунидан англашилишича, йиғилиш ғалла етиштириш бўйича шартномавий мажбуриятларни бажариш ва ҳосил топшириш масалаларига бағишланган.
Бироқ аудиони фермерлар билан оддий мулоқот ёки муҳокама деб бўлмайди. Қарийб бутун аудиоёзув давомида бир киши гапирган, фермерлар эса асосан қисқа жавоблар билан чекланган. Ҳоким экани айтилаётган шахс қатнашчиларга нисбатан мунтазам равишда ҳақоратли ва таҳқирловчи ибораларни ишлатган, уларни сўкиб, турли таҳдидлар қилган.
«11 гача ёпасанми, йўқми?», «Бир соат сенга муҳлат», «Бугун ёпасан» каби талаблар аудио давомида қайта-қайта такрорланади.
Шунингдек, ёзувда прокуратура ва суд билан боғлиқ таҳдидомуз огоҳлантиришлар ҳам учрайди.
«Бугун далолатнома қилиб судга чиқартираман ҳаммангникини», деган мансабдор.
Kun.uz манбасининг билдиришича, мазкур йиғилиш 15 июн куни Музработ тумани ҳокимининг хизмат хонасида бўлиб ўтган. Манбага кўра, унда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам иштирок этган ҳамда ҳокимнинг фермерларга нисбатан ишлатган ҳақорат ва таҳдидларига гувоҳ бўлган.
Аудиода фермерлар давлат томонидан белгиланган ғалла топшириш режасини бажаришга чақирилаётгани эшитилади. Бироқ бу чақириқлар қўпол муносабат, ҳақорат ва жавобгарлик таҳдидлари билан бирга кечади. Ёзувда фермерларга нисбатан прокуратура, суд ва бошқа таъсир чоралари тилга олинади. Kun.uz Музработ ҳокимлигига сўров юборди.
Эслатиб ўтамиз, Human Rights Watch халқаро ташкилоти ва Инсон ҳуқуқлари ўзбек форуми 2026 йил феврал ойида “Фермерда эркинлик йўқ” номли 120 саҳифали ҳисобот эълон қилган эди. Унда Ўзбекистонда пахта ва ғалла етиштирувчи фермерларга нисбатан кузатилаётган тазйиқ ва эксплуатация ҳолатлари ёритилганди.
“[Сўнгги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда] салмоқли ютуқларга эришилган бўлишига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати пахта ва ғалла етиштиришда жиддий ва мажбурловчи давлат назоратини амалга оширишда давом этмоқда, қолаверса, пахта ва ғалла етиштирувчи фермерларнинг меҳнат ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини таъминлай олмаяпти”, – дейилади ҳисоботда.
Мавзуга оид
19:55
Музработда фермерлар ҳақоратлангани юзасидан текширув бошланди
09:06 / 03.06.2026
Ўзбекистон Афғонистонга қишлоқ хўжалиги уруғликларини беғараз етказиб берди
20:28 / 14.05.2026
Интенсив боғдорчиликка ўтиш: президент эски боғларни янгилашни буюрди
20:32 / 12.05.2026