Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳўрмуз бўғозидаги чекловлар олиб ташланди, музокаралар бошланди
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) президент Доналд Трамп қарорига мувофиқ Ҳўрмуз бўғозида жорий этилган блокада бекор қилинганини маълум қилди. Шу тариқа Эрон портларига кетаётган ёки у ердан қайтаётган кемалар ҳаракатига қўйилган чекловлар олиб ташланди.
CENTCOM баёнотига кўра, Америка ҳарбий-денгиз кучлари энди Эрон портлари билан боғлиқ денгиз қатновига тўсқинлик қилмайди. Шу билан бирга, минтақадаги АҚШ ҳарбий кемалари келишув шартларининг бажарилишини назорат қилиш мақсадида ўз фаолиятини давом эттиради.
АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнснинг маълум қилишича, охирги бир сутка давомида Ҳўрмуз бўғози орқали жами 12,5 миллион баррел нефт ташилган. Бу кўрсаткич АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётлари бошланганидан бери энг юқори даража ҳисобланади.
Вэнснинг таъкидлашича, Эрон томони кетма-кет иккинчи кеча денгиздаги бирорта кемага ҳужум қилмаган. Бу эса минтақадаги вазият барқарорлашаётганидан дарак бериши мумкин.
Шунингдек, у Вашингтон ва Теҳрон ўртасида ўзаро англашув меморандуми масофадан туриб имзоланганини ва шу кундан бошлаб 60 кунлик музокаралар даври бошланганини маълум қилди. Ушбу муддат ичида томонлар кенг қамровли тинчлик келишувининг якуний матнини ишлаб чиқиши керак.
Axios нашри маълумотига кўра, меморандумни имзолаш маросими дастлаб 19 июл куни Швейцарияда ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ Ҳўрмуз бўғозини тезроқ очиш мақсадида жараён олдинга сурилган. Шу билан бирга, АҚШ ва Эрон делегацияларининг юқори даражадаги учрашуви ҳали ҳам режада қолмоқда.
Имзоланган меморандум 14 банддан иборат бўлиб, унда барча фронтларда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, денгиз блокадасини бекор қилиш ва Ҳўрмуз бўғози орқали халқаро кемачиликни қайта тиклаш каби шартлар назарда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Эронга нисбатан жорий этилган нефт санкцияларини бекор қилиш, мамлакат атрофида жойлашган АҚШ қўшинларини чиқариш, шунингдек, хусусий инвестиция жамғармаси ҳисобидан Эронни тиклаш учун 300 миллиард доллар ажратиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Эроннинг хорижда музлатиб қўйилган 24 миллиард долларлик активларини озод қилиш ҳам кўзда тутилган. Эрон эса ўз навбатида ядровий қурол яратмаслик мажбуриятини зиммасига олган.
Томонлар ўртасидаги 60 кунлик музокаралар даврида Эрон ядровий дастури ва минтақавий хавфсизликка оид масалалар бўйича якуний келишув ишлаб чиқилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
22:16 / 18.06.2026
АҚШ вице-президенти Ҳўрмуз бўғози блокадаси очилганини эълон қилди
21:12 / 18.06.2026
Нефть нархи АҚШ ва Эрон уруши бошланганидан бери энг паст даражага тушди
14:15 / 18.06.2026
Ливанга яна ҳужум бўлса, келишув тақдири сўроқ остида қолади – Умрбек Юсупов
13:35 / 18.06.2026