Жаҳон | 08:23
1205
3 дақиқада ўқилади

Дунёда қаҳвани энг кўп қайси мамлакатлар истеъмол қилади?

Қаҳва дунёдаги энг машҳур ичимликлардан бири бўлиб, миллионлаб инсонлар кунни айнан шу ичимлик билан бошлайди. Аммо қаҳва истеъмоли мамлакатлар кесимида катта фарқ қилади. Янги рейтингга кўра, Финландия аҳоли жон бошига қаҳва истеъмоли бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган.

Фото: Marathonec.ru

Тадқиқот маълумотларига кўра, ҳар бир фин фуқароси бир йилда ўртача 9,6 килограмм қаҳва истеъмол қилади. Қаҳва Финландия маданиятининг ажралмас қисмига айланган бўлиб, ҳатто меҳнат қонунчилигида ходимлар учун икки марта ўн дақиқалик қаҳва танаффуси назарда тутилган. Мутахассислар бу ҳолатни мамлакатнинг совуқ иқлими ва узоқ қиш фасли билан ҳам боғлайди.

Иккинчи ўриндан Норвегия жой олган. Бу мамлакатда бир киши йилига ўртача 7,2 килограмм қаҳва ичади. Норвегияликлар қаҳвани асосан қора ҳолда, нонушта пайтида ёки кечки овқатдан кейин ширинликлар билан бирга истеъмол қилади. Мамлакатда меҳмон чақириш ва қаҳва устида суҳбатлашиш алоҳида анъана ҳисобланади.

Учинчи поғонада Нидерландия қайд этилган. Бу ерда аҳоли жон бошига ўртача 6,7 килограмм қаҳва тўғри келади. Қаҳва мамлакат ижтимоий ҳаёти ва кундалик мулоқотининг муҳим қисми сифатида қаралади.

Швеция ҳам қаҳвасевар давлатлар қаторига киради. Мамлакат аҳолиси ҳар йили ўртача 6,5 килограмм қаҳва истеъмол қилади. Бу ердаги машҳур fika анъанаси — қаҳва ва пишириқлар билан қисқа дам олиш маросими швед маданиятининг муҳим элементи ҳисобланади.



Бешинчи ўринни Словения эгаллаган. У ерда ҳар бир киши йилига ўртача 6,1 килограмм қаҳва истеъмол қилади. Мамлакат қаҳвахоналари ва қаҳва маданияти билан Европада яхши танилган.

Австрия рейтингда олтинчи ўриндан жой олган. Бу мамлакатда аҳолининг 92 фоизи мунтазам қаҳва ичади. Вена қаҳва маданияти эса дунёдаги энг машҳур қаҳва анъаналаридан бири сифатида эътироф этилади. Австрияликлар йилига ўртача 5,5 килограмм қаҳва истеъмол қилади.

Сербия ҳам юқори кўрсаткичларга эга давлатлардан бири ҳисобланади. 2021 йилда мамлакатда қаҳва истеъмоли 99 минг тоннадан ошиб, тарихий рекорд қайд этилган.

Рейтингнинг кейинги ўринларида Дания жойлашган. Бу мамлакатда бир киши йилига ўртача 5,3 килограмм қаҳва ичади. Дания тилида ҳатто kaffeslabberas деган махсус атама мавжуд бўлиб, у қаҳва ва пирог атрофидаги норасмий учрашувни англатади.

Мутахассислар фикрича, қаҳва истеъмолининг юқори даражаси нафақат иқлим шароити, балки миллий анъаналар, меҳнат маданияти ва ижтимоий ҳаёт тарзи билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу боис қаҳва кўплаб мамлакатларда оддий ичимлик эмас, балки маданият ва турмуш тарзининг бир қисми сифатида қаралади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид