Спорт | 03:11
3634
3 дақиқада ўқилади

“Стратегик жиҳатдан биз ютиб бўлдик” – Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси

Конго ДР билан ўйиндан аввал Атланта шаҳридаги хиёбонда ўзбек футбол ихлосмандлари ҳамда юртдошларимиз иштирокида миллий жамоани қўллаб-қувватлаш учун қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Уларнинг ичида нафақат ўзбекистонликлар, балки қўшни мамлакатлардан ҳам меҳмонлар бор. Биз аллақачон ғолибмиз, стратегик жиҳатдан ютдик, дейди Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси.

Жоржия штати, Атланта шаҳрида жойлашган замонавий Mercedes-Benz стадионида АҚШ вақти билан 27 июнь кечқурун, Ўзбекистон вақти билан эса 28 июнь тонгда жаҳон чемпионати доирасида ўйин бўлиб ўтади. Бу катта эҳтимол билан Ўзбекистон миллий жамоасининг охирги ўйини бўлиши мумкин. Лекин, футболчилар ва миллий жамоа ғалабадан умидвор.

Атлантадаги Founders Green Park’да АҚШ, Канада, Мексикадаги ўзбеклар, ўзбек диаспораси вакиллари, футбол ихлосмандлари ва мухлислар иштирокида ўйин олдидан тадбирлар ўтказилмоқда. Унда ўзбекона куй-қўшиқлар янгради, юртдошларимиз рақсга тушди, футболчиларга омад тилади.

Kun.uz тадбирга келган Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси – Фурқат Сидиқов билан суҳбатлашди. Биз ғалаба қозондик, стратегик жиҳатдан ютдик, дейди дипломат.

“Бу ерда фақатгина ватандошларимиз эмас, Марказий Осиёдан келган бизнинг қардош қўшниларимизнинг вакиллари ҳам бор. Ўзингизга маълум, бу биринчи тадбир эмас. Биз ҳар битта жамоамиз ўйнаган шаҳарда мана шунақа тадбирларни қилдик. Элчихона ва бошқа вазирликлар билан биргаликда. Нафақат бизнинг ватандошлар, диаспора вакиллари, балки қўшни давлатлардан ҳам келишди. Бизнинг футболимиз Марказий Осиёни бирлаштирди”, дейди Фурқат Сидиқов.

Элчининг қўшимча қилишича, Конго билан ўйинда футболчиларимиз ғалаба қозониши керак. Лекин стратегик жиҳатдан биз аллақачон ютдик, дея қўшимча қилади Сидиқов.

“Ҳозир Атланта Ўзбекистонга айланди. Қаерга қарасангиз ўзбеклар. Ўзбекистон мадҳияси янграганда ва байроғимиз стадионга чиққанда миллионлаб одамлар кўрди. Ҳозир Ўзбекистонга бораман деган одамлар , биласизми, элчихонага мурожаатлар камида 3-4 мартага кўпайиб кетди. Бу катта реклама”, дейди АҚШдаги элчи.

Шунингдек, хиёбонда йиғилган юртдошларимиз ҳам Конгога қарши ўйиндан ғалаба кутаётганликларини билдиришди.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид