Спорт | 15:26
5186
13 дақиқада ўқилади

ЖЧда 15-кун. Кюрасао эртаги тугади, Германия ўйинида сенсация, Туркия эшикни қаттиқ ёпиб кетди

Икки ўйинда жамоалар дурангга «келишди».

Жаҳон чемпионатида учинчи тур авжида – 25 ва 26 июн кунлари E, F ва D гуруҳларида сўнгги учрашувлар ўтказилди. Кюрасао Кот-д'Ивуарга ютқазди (0:2) ва турнирни тарк этди, Германия сенсацион равишда Эквадорга ютқазиб қўйди (1:2), Нидерландия Тунисни осонлик билан мағлуб этди (3:1), Туркия эса натижаси аҳамиятсиз ўйинда мезбон АҚШдан устун келди (3:2), Япония эса Швеция билан (1:1), Парагвай Австралия билан ўйинда (0:0) ўзларига керак бўлган натижаларни қайд этишди.

Дик Адвокат ЖЧ билан хайрлашди

Кюрасао – Кот-д`Ивуар 0:2
Голлар:
Пепе, 7 (0:1). Пепе, 64 (0:2)
Кюрасао: Ром, Гари (Нослин, 77), Обиспо, Фонвилл (Кастанер, 77), Флоранус, Бренет (Самбо, 90), Комененсия (Антониссе, 61), Л. Бакуна, Ж. Бакуна, Чонг, Локадиа (Кувас, 90)
Кот-д`Ивуар: Фофана, У. Диоманде, Коссуну, Опери, Дуэ, Кессе (Сери, 77), Сангаре, Пепе (Ваи, 67), Я. Диоманде (Диаките, 67), Диалло (Оулаи, 46), Бонни (Туре, 67)
Огоҳлантиришлар: Ж. Бакуна, 75. Кастанер, 83 – Пепе, 34

Оқшом ёрқин сюжет билан бошланди – Кюрасао тарих яратиш учун майдонга тушди. Иккинчи турдан кейин Дик Адвокат жамоаси шундай ҳолатда эдики, Кот-д'Ивуар билан ўйиндаги ғалаба оролликлар иккинчи ўрин билан тўғридан тўғри плей-оффга чиқишини таъминларди. Икки ҳафта олдин кўпчилик номини ҳам эшитмаган дебютант ва ЖЧ тарихидаги энг кичик жамоа учун бу ақл бовар қилмас сценарий бўлган бўларди.

78 ёшли нидерландиялик мутахассис ўйиндан олдин яхши натижадан умид қилаётганини яширмади.

«Ўйин қийин бўлади. Бизда учинчи ўйин ҳам ўзимиздан кучли жамоага қарши бўлади, аммо Кюрасао учун ҳам бундай рақибларга қарши ўйинлар керак. Эквадор билан ўйинда нимага қодирлигимизни кўрсатдик. Нафақат ҳимояланамиз, балки ҳужум учун тўғри пайтларни ҳам топа оламиз», – деди Адвокат.

Лекин мўъжиза рўй бермади. Ивуарликлар 7-дақиқадаёқ оролликлар жамоаси ҳимоясидаги қўпол хатодан фойдаланиб, ҳисобни очишди, иккинчи бўлим ўрталарида эса «Вилярреал» ҳужумчиси Николя Пепе дублни расмийлаштирди.

КОНКАКАФ вакиллари ўйин охирини тўлиқ ҳужумда ўтказди. Аммо битта ҳам жавоб қайтара олишмади ва Е гуруҳида сўнгги ўринни эгаллаган ҳолда турнирни тарк этишди.

Эквадордан суперкамбэк

Эквадор – Германия 2:1
Голлар:
Сане, 2 (0:1). Ангуло, 9 (1:1). Плата, 77 (2:1)
Эквадор: Галиндес, Ордонес, Пачо, Инкапие (Эступинян, 71), Франко (Пресиадо, 64), Вите, Мой. Кайседо, Ангуло (Торрес, 85), Йебоа (Х. Кайседо, 85), Валенсия (Родригес, 64), Плата
Германия: Нойер, Рюдигер, Та, Раум, Киммиҳ (Тиау, 60), Павлович (Штиллер, 46), Нмеча (Байер, 64), Мусиала, Вирц (Грос, 73), Сане, Ҳаверц (Ундав, 60)
Огоҳлантиришлар: Инкапие, 43. Франко, 50. Плата, 89 – Павлович, 44

Бир томондан, бу ўйинда сенсация рўй беришини тахмин қилиш мумкин эди. Ўтган турда Кюрасао билан ўйинда очко йўқотган (0:0) эквадорликлардан сўнгги турда рақиб ким бўлишидан қатъи назар уч очко учун ўйнаш талаб этиларди, рақиб эса аллақачон гуруҳ ғолиблиги масаласини ҳал қилиб, плей-оффга тайёргарлик кўраётган жамоа эди. Бошқа томондан, ўйиннинг иккинчи дақиқасидаёқ Лерой Сане ҳисобни очди ва Жанубий Америка вакилларига қаттиқ зарба берди.

Аммо эквадорликлар таслим бўлишмади ва тезда ҳисобни тезлаштиришди. Иккинчи бўлимда эса ўйин бош ҳаками Тори Пенсо видеоассистентлар ёрдамида жанубий америкаликлар дарвозасига қўйилган пеналтини бекор қилди.

Ўйин охирларида эса фантастика рўй берди: Эквадор ҳужумчиси Гонсало Плата бурчак зарбаси ижро этилиши вақтида немислар жарима майдонида юзага келган талатўпдан фойдаланиб, ғалаба голини урди (2:1). Бу эпизодда ўзининг сўнгги халқаро турнирини ўтказаётган Манэул Нойер тўпга чиқишда хатога йўл қўйди, Себастян Беккасесе шогирдлари эса ирода кўрсатиб, учинчи ўрин билан плей-оффга йўл олди.

Нидерландиянинг ишончли ғалабаси

Тунис – Нидерландия 1:3
Голлар:
Сҳири, 3 – автогол (0:1). Бробби, 7 (0:2). Мастури, 54 (1:2). ван Ҳекке, 62 (1:3)
Тунис: Дамен, Талби, Сҳири, Бен Амида (Ашури, 68), Абди, Валери, Гарби (Шауат, 75), Хедира (Маҳмуд, 67), Межбри, Слимане (Бен Уанес, 68), Мастури (Тунекти, 90)
Нидерландия: Вербрюгген, ван Дейк, ван Ҳекке, Аке, Дюмфрис, де Йонг (Копмейнерс, 72), Рейндерс (Клюйверт, 72), Гравенберҳ, Гакпо (Ланг, 84), Мален (Саммервилл, 72), Бробби (Депай, 78)

Тунис биринчи турдан кейиноқ бош мураббийи Сабри Лямушини истеъфога чиқариб, жаҳон чемпионати тарихига кирганди. Африкаликлар жамоаси ўтказилган голлар сони бўйича яна бир антирекорд ўрнатишга қараб кетаётганди, чунки жамоа еттинчи дақиқага келиб икки гол ўтказиб юборди.

Аввалига Тунис яримҳимоячиси Эле Сҳири Дензел Думфриснинг қанотдан узатмасидан кейин ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. Кейин нидерландлар форварди Брайан Бробби жарима зарбасини ажойиб ижро этди ва турнирдаги учинчи голини нишонлади.

Лекин ўйин голлар шоусига айланиб кетмади. Иккинчи бўлим бошида жамоалар биттадан гол алмашишди – Ҳазим Мастури ва Ян Пол ван Ҳекке ўз номларини таблога ёздириб қўйишди.

Роналд Куман шогирдлари 3:1 ҳисобидаги ғалабани сақлаб қолишди ва гуруҳда биринчи ўринни эгаллашди. Учта ўйинда ҳам ютқазган Тунис эса уйга қайтади.

«Ўзаро манфаатли ҳамкорлик»

Япония – Швеция 1:1
Голлар:
Маэда, 56 (1:0). Эланга, 62 (1:1)
Япония: Судзуки, Итакура (Танигути, 39), Х. Ито, Секо (Нагатомо, 75), Танака, Камада, Накамура (Ватанабе, 75), Сугавара, Доан (Д. Ито, 67), Маэда, Уэда (Огава, 66)
Швеция: Виделл Сеттерстрем, Ҳин (Бергвалл, 37), Гудмундссон (Нюгрен, 88), Лагербилке, Линделёф (Старфелт, 87), Айяри, Строуд (Свенссон, 75), Бернҳардссон (Сема, 75), Исак, Эланга, Йокереш
Огоҳлантиришлар: Танигути, 77 – Ҳин, 32. Йокереш, 85

Бу учрашувда икки жамоани ҳам дуранг қониқтирарди. Бундай ҳолатда икки жамоада ҳам очколар сони 4 тадан бўлар, японлар иккинчи ўринни эгаллар, шведлар эса тўплар нисбатига кўра учинчи ўринда қолар, аммо учинчи ўрин вакиллари орасида кучли саккизликка кирарди.

Амалда ҳам жамоалар ҳисобга қараб ўйнашди ва биринчи бўлимда деярли голли вазиятлар юзага келмади. Иккинчи бўлим эса бироз қизиқарлироқ кечди: аввалига Рицу Доан жарима майдонига яқинлашиб борган Дайдзэн Маэдани ажойиб пас билан таъминлади, у эса ўз имкониятини қўлдан бой бермади. Лекин кўп ўтмай швецияликлар Энтони Эланганинг бурчакка йўналтирилган кучли зарбаси билан мувозанатни тиклашди (1:1).

Гуруҳда якуний вазият кутилганидек кўриниш олди. Япония иккинчи, Швеция учинчи ўрин билан плей-оффга чиқди. Буни «ўзаро манфаатли ҳамкорлик» деса бўлади.

Иккинчи қулай дуранг

Парагвай – Австралия 0:0
Парагвай: Ҳил, Веласкес, Алдерете (Канале, 84), Г. Гомес, Майдана (Маурисиу, 46), Касерес, Кубас, Галарса (Алонсо, 90+2), Д. Гомес (Бобадиля, 90+2), Энсисо, Авалос (Арсе, 67)
Австралия: Бич, Суттар, Ҳеррингтон, Чиркати, О`Нилл, Ирвайн (Окон-Энгстлер, 84), Беҳич, Бос, Меткалф, Волпато (Хрустич, 58), Иранкунда (Енги, 84)
Огоҳлантиришлар: Д. Гомес, 77 – Ирвайн, 46

Бу икки жамоани ҳам дуранг ҳисоб қониқтирадиган яна бир ўйин эди. Бундай ҳисоб нисбатан австралияликларга яхшироқ эди, бу ҳолда яшил қитъа вакиллари иккинчи ўриндан тушиб кетмасди. Парагвайликларда эса икки ўйиндан кейин тўплар нисбати ёмонроқ эди (-2), аммо тўрт очко билан жамоа учинчи ўрин эгалари орасида кучли саккизликдан ўрин олиши тайин эди.

Жамоалар ўйин давомида узоқ масофалардан кўплаб зарбалар беришди (19 уриниш), аммо деярли яққол голли вазият кузатилмади. Якунда голсиз дуранг сақланиб қолди, лекин бунинг учун ҳеч ким бу жамоаларни айблай олмайди.

Туркия кучли ўйнади, аммо энди кеч

Туркия – АҚШ 3:2
Голлар:
Трасти, 3 (0:1). Арда Гулер, 10 (1:1). Бариш Йилмаз, 31 (2:1). Берҳалтер, 49 (2:2). Хон Ойхон, 90+8 (3:2)
Туркия: Угуржан Чақир, Ўзан Қобоқ, Абдулкарим Бардакчи, Зеки Челик (Чағлар Суюнчи, 84), Ўзжан, Ўрхун Кўкчи (Хон Ойхон, 88), Эрен Элмали, Ўғуз Ойдин (Мерт Мулдур, 90+1), Арда Гулер, Кенан Йилдиз (Узун, 84), Бариш Йилмаз (Ирфон Қаҳвачи, 90+1)
АҚШ: Тернер, Робинсон, Маккензи, Трасти, Скалли (Фримен, 77), Берҳалтер, Рейна (Дест, 76), Маккенни (Тиллман, 86), Веа (Пулишич, 58), Ааронсон (Зендеҳас, 77), Пепи
Огоҳлантиришлар: Берҳалтер, 19

Турклар 2002 йилдан буён илк бор жаҳон чемпионатига ташриф буюрган ва улардан кўпчилик яхшироқ натижа кутаётганди, аммо Винченцо Монтелла шогирдлари иккинчи турдан кейиноқ гуруҳдан чиқа олмаслиги маълум бўлиб улгурганди: ушбу жамоа икки ўйинда 62 бор зарба йўллади, аммо бирорта гол уролмай, икки ўйинда ҳам ютқазди. Натижада турклар сўнгги ўйинда фақат мухлислар учун ўйнаши керак бўлиб қолди.

Мезбонларга қарши ўйин ҳам Туркия учун жуда ёмон бошланди: америкаликлар жамоаси ҳимоячиси Остон Трасти учинчи дақиқадаёқ ҳисобни очди. Лекин кўп ўтмай Арда Гулер туркларнинг турнирдаги илк голини урди. Бўлим охирида эса Бурак Йилмаз жамоани олдинга олиб чиқди.

Иккинчи бўлим бошида Себастиан Берҳалтер ҳисобни тенглаштирди. Шундан кейин ўйин дурангга қараб кета бошлади, аммо қўшимча дақиқаларда уюштирилган сўнгги ҳужумни Хон Ойхон гол билан якунлади ва туркларнинг турнирдаги илк ва охирги ғалабасини таъминлади – 3:2.

Моуринио ўзиникиларга қарши

«Реал» бош мураббийи Жозе Моуринио жаҳон чемпионатида ўз футболчиларига қарши мухлислик қилади. 63 ёшли мутахассисда бунинг учун тушунарли сабаб бор.

«ЖЧдан мен нима кутяпманми? Тўғрисини айтаман: Мадрид футболчилари ютқазсин ва таътилга чиқишсин. Чунки мен йигитлар мавсумолди йиғинига эртароқ келишини истайман», – деди у Beast Mode On подкастида.

Жозе июн ойи бошида «Реал» бош мураббийи этиб тайинланди ва ҳозирча мадридликлар клубининг мундиалга йўл олган футболчилари билан ҳали кўришмади. Бундай футболчилар жамоада кам эмас: Килиан Мбаппе ва Орелен Тчуамени (Франция), Жуд Беллинҳэм (Англия), Винисиус Жуниор (Бразилия), Федерико Валверде (Уругвай), Антонио Рюдигер (Германия), Тибо Куртуа (Белгия), Браим Диас (Марокаш), шунингдек, ёзги трансферлар доирасида сафга қўшиб олинган Марк Кукуреля (Испания), Бернарду Силва (Португалия), Ибраима Конате (Франция) ва Дензел Дюмфрис (Нидерландия).

Дарвоқе, Моуринионинг истаги аста-секинлик билан рўёбга чиқмоқда – Арда Гулер Туркия миллий жамоаси билан аллақачон турнирни тарк этди.

Турнинг асосий ўйини хавф остида

Нафақат ушбу турдаги, балки гуруҳ босқичидаги энг ёрқин афиша –  Норвегия ва Франция ўртасидаги баҳсдир. Эрлинг Ҳоланд ва Килиан Мбаппе бошчилигидаги ушбу жамоалар аллақачон плей-офф масаласини ҳал қилишди ва энди I квартетида биринчи ўрин учун баҳслашади. Аммо бу беллашув ўз вақтида ўтказилмаслиги мумкин – метеорологлар 26 июн куни Фоксборода ўта ноқулай об-ҳаво кузатилишини прогноз қилмоқда. Бундай ҳолатда қатъий протокол амал қилади, унга кўра, ўйин номаълум вақтга кўчирилади.

Французлар учун бу турнирдаги иккинчи шундай ҳодисага айланиши мумкин – ўтган турда Диде Дешам шогирдларининг Ироқ билан ўйинида икки соатдан ортиқ вақт давомида танаффус юзага келганди. Лекин бу «Учранглилар»га 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишга тўсқинлик қилмаганди.

2026 йилги жаҳон чемпионатида бир неча бор бу каби ҳолатлар кузатилди: турнирнинг илк кунларида Англия миллий жамоаси базаси жойлашган ҳудудда кучли торнадо рўй берган, кучли чақмоқ чақиши португаллар ва испанлар очиқ ҳаводаги машғулотларни бекор қилишига олиб келганди. Аммо фақат французлар тўғридан тўғри ўйин вақтида жабрланувчига айланган ва бу улар билан иккинчи бор рўй бериши кутилмоқда.

Навбатдаги ўйинлар

Учинчи тур давом этмоқда. 26 июн куни кечқурун ва 27 июнга ўтар кечаси қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади:

00.00. I гуруҳи. Норвегия — Франция
00.00. I гуруҳи. Сенегал — Ироқ
05.00. H гуруҳи. Уругвай — Испания
05.00. H гуруҳи. Кабо-Верде — Саудия Арабистони
08.00. G гуруҳи. Янги Зеландия — Белгия
08.00. G гуруҳи. Миср — Эрон

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид