Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
400 кг уран нега 60 фоизгача бойитилган? Эрон элчисининг жавоби
Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий Kun.uz'га берган интервюсида Ғарбнинг Эрон ядровий дастурига оид асосий даъволарини рад этди. У, шунингдек, уруш давомида америкаликлар бойитилган уран захираларининг жойлашувини аниқлашга урингани, лекин бунинг уддасидан чиқолмаганини айтиб ўтди.
— Эрон АҚШ билан уруш давомида бойитилган уранни қандай сақлаб қолди?
— Трампни урушга ундаган асосий омиллардан бири – бойитилган уран масаласи бўйича шаклланган нотўғри тасаввурлар эди. Бизнинг фикримизча, Трамп Нетаняҳу томонидан берилган нотўғри ёки бўрттирилган тасаввурларга таяниб ҳаракат қилган. Эрон Ислом Республикасининг ядро дастури бир неча муҳим хусусиятларга эга.
Биринчидан, бу – соҳадаги билим ва тажриба. Бу билимни бомбалар билан йўқ қилиб бўлмайди. Вақтинча халақит бериш мумкин, аммо уни бутунлай йўқ қилиш имконсиз. Иккинчидан, бу тизим марказлашган эмас, яъни у битта жойда жамланмаган, балки турли ҳудудларга тарқалган. Шу сабабли уни битта зарба билан йўқ қилишнинг имкони йўқ. Учинчидан, уранни бойитиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилади ва бир нечта объектларда олиб борилади. Бу ҳам уни тезда йўқ қилиш имкониятини қийинлаштиради.
Кейинги муҳим омил – бу соҳада ишлаётган мутахассислар. Айрим одамларни йўқ қилиш мумкин, аммо бу билимларга эга минглаб мутахассисларни йўқ қилиб бўлмайди.
Шунингдек, Эроннинг ядро дастури ҳарбий характерга эга эмас, балки тинчлик мақсадларига йўналтирилган. У турли соҳаларда қўлланади, масалан, фармацевтика ҳамда илмий тадқиқотларда. Ахир бундай тизимларни битта зарба билан йўқ қилиб бўлмайди. Ундан ташқари, биз Америкадек душман билан урушаётганимизда бойитилган уранни бир жойда сақламаймиз-ку.
Бундан ташқари хавфсизлик, мудофаа ва ҳарбий жиҳатдан зарур чоралар кўрилган. Шу сабабли, айрим объектларга зарба берилган бўлса ҳам, умумий салоҳият йўқолган деб айтиш асоссиз. Шунга қарамай, АҚШ ва Исроил бир нечта зарбалардан сўнг Эроннинг ядровий салоҳияти йўқ қилинди деб даъво қилди. Агар бу рост бўлса, нега ҳануз музокаралар давом этяпти? Бу эса аслида салоҳият сақланиб қолганини кўрсатади.
Натижада Трампда шаклланган нотўғри тасаввурлар барҳам топди. Бу ҳолат унинг учун сиёсий жиҳатдан оғир бўлди ва у кейинчалик шошмашошарлик билан қарорлар қабул қилди. Масалан, у бойитилган уран захиралари бор деб ҳисобланган жойларга махсус кучлар юборди. Аммо бу ҳаракат натижасиз якунланди ва 1 миллиард доллардан ортиқ зарар билан ортга қайтишга мажбур бўлинди. АҚШ махсус кучлари Эроннинг тузоғига тушиб, бир қанча самолёт ва ҳарбий техникаларидан ажралди. Бу ҳам Нетаняҳу томонидан Трампга берилган нотўғри маълумотлар эди. Оқибатда америкаликлар яна адашди.
Бу эса шуни кўрсатадики, масала мураккаб ва уни оддий ҳарбий чоралар билан ҳал қилиб бўлмайди. Эроннинг асосий мақсади ядро энергетикасини фақат тинчлик йўлида ривожлантиришдир. Ҳатто хавфли вазиятларда ҳам ҳарбий йўналишга ўтиш кўзда тутилмаган, чунки бу масалада атом қуролига эга бўлиш ғояси эътиқод жиҳатидан ҳам қўллаб-қувватланмайди.
— АҚШ уч ярим ойлик уруш давомида Эронда уранни қидирдими?
— Америкаликлар бойитилган ураннинг жойлашувини биламиз деб ўйлашади. Шу асосда ҳарбий операция орқали уни олиб чиқиб кетишга уринишди. Улар бу операцияни турли баҳоналар билан оқлашга ҳаракат қилди. Ҳатто битта учувчимиз йўқолиб қолди деган даъвони ҳам илгари суришди. Шу баҳоналар ортида асл мақсад бойитилган уранни қўлга киритиш эди. Биз эса бунга тайёр эдик. Натижада ўша жойда уларга қарши зарур чоралар кўрдик ва уларнинг таъзирини бердик.
Шундан сўнг Трамп ҳам бу ҳаракат нотўғри эканини англаб етди. У аста-секин Нетаняҳу томонидан берилган нотўғри тасаввурлар асосида қарор қабул қилганини тушуна бошлади. Вақт ўтиши билан у ўз хатоларини англаб борди.
Албатта, бундай вазиятда унинг қарорларига тўлиқ ишонч билдириш қийин, чунки бундай қарорлар ортида соғлом таҳлил етишмагани кўринади. Шунга қарамай, умид қиламизки, у соғлом фикрга қайтади ва вазиятни мантиқ асосида баҳолайди. Минтақамизда тинчлик тикланади ва келажакда халқаро масалалар соғлом ақл ва мантиқ асосида ҳал этилади.
Шунингдек, бу воқеалар Трамп ва унинг жамоаси учун муҳим сабоқ бўлди деб ҳисоблаймиз. Умид қиламизки, минтақа давлатлари ҳам, бутун дунё ҳам бундан тегишли хулоса чиқаради.
— Юқорида улар уранни қидирди, лекин қўлга кирита олмади дедингиз. Бу мавзу хорижий нашрларда кенг ёйилди. Америкалик ҳарбийни эвакуация қилиш учун келган АҚШ авиацияси пастлаб учиб, уран жойлашгани тахмин қилинган жойларни разведка қилгани ҳақида ёзилди. Сизда бу борада батафсилроқ маълумотлар бўлса, ўртоқлаша оласизми?
— Керакли далиллар ва фактлар ҳозир тўпланяпти, чунки бу масала асосан ҳарбий ва хавфсизлик билан боғлиқ. Шу сабабли, бу каби маълумотлар дарҳол эмас, балки маълум вақт ўтгач кенг жамоатчиликка эълон қилинади деб ўйлайман. Яъни биз бу йўналишда иш олиб боряпмиз. Тегишли ҳужжатлар ва аниқ маълумотлар қўлимизга етиб келиши билан, албатта, биринчи фурсатда сизга тақдим этамиз.
— Агарда Эрон ядро қуролига интилмаётган бўлса, нега Эрон 400 кгдан ортиқ уранни 60 фоизга бойитган?
— Биринчидан, биз Атом энергияси халқар агентлиги аъзоси ҳисобланамиз. Бу ташкилот доирасида аъзо давлатларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланган. Асосий талаб шундан иборатки, ядро қуролини яратишга уриниш бўлмаслиги керак. Шу сабабли, уранни юқори даражада, яъни 90 фоиздан ортиқ бойитиш одатда ҳарбий мақсадлар билан боғланади.
Бу мезонларни айнан АЭХА белгилайди ва баҳолайди. Яъни қайси дастур ҳарбий, қайсиси тинчлик мақсадларига хизмат қилаётганини аниқлаш ваколати ҳам айнан шу ташкилотга тегишли. Агар АЭХА томонидан Эроннинг ядро дастури бўйича чиқарилган барча ҳисоботларга назар ташласак, уларнинг барчасида бу дастур тинчлик характерига эга экани тасдиқланган. Нетаняҳу эса бундан қарийб 40 йил олдин ҳам Эрон ядро дастури ҳарбий мақсадга йўналтирилган деган даъволарни илгари сурган.
У турли халқаро майдонларда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида ҳам бир неча бор шундай баёнотлар қилган ва ҳар сафар яқин орада Эронда атом бомбаси пайдо бўлади деб таъкидлаган. Аммо бу даъволарнинг барчаси АЭХА томонидан инкор қилинган.
Бундан ташқари, АҚШ разведка ҳамжамиятига кирувчи бир қатор ташкилотлар ҳам ўз баҳоларида Эроннинг ядро дастури ҳарбий эмас, балки тинчлик мақсадларига хизмат қилаётганини қайд этган. Шунда савол туғилади: нега бундай айбловлар давом этмоқда? Бунинг сабаби, айрим давлатлар ҳар бир мамлакатга нисбатан алоҳида баҳоналар илгари суришидир.
Масалан, Фаластин учун бир сабаб, Ливан учун, ҳатто Туркия учун ҳам бошқа сабаб келтирилади. Худди шундай, Эрон учун асосий баҳона сифатида ядро масаласи кўрсатилади. Амалда эса Эрон ўзининг ядро фаолиятини АЭХА назорати остида олиб бормоқда. Исроил эса нафақат минтақада, балки Европа Иттифоқи ўрнини эгаллаб, АҚШ билан бирга дунёни бошқармоқчи.
Бизнинг ядро энергетикаси соҳамиз фақат илм ўрганишга йўналтирилган. Тарихан қарайдиган бўлсак, Эроннинг ядро дастурини бошлаш ташаббуси дастлаб АҚШ томонидан, шоҳ даврида илгари сурилган. Кейинчалик Европа давлатлари ҳам бу жараёнга жалб қилинган. Масалан, Теҳрондаги атом реактори айнан ғарбликлар томонидан қурилган.
Бугунги кунда ядро технологиялари турли соҳаларда қўлланади. Паст даражадаги бойитиш энергетика учун, 20 фоизгача бўлган даража тиббиёт ва фармацевтикада ишлатилади. 60 фоизгача бўлган даражалар эса фуқаролик кемаларининг двигателлари учун ишлатилади.
Шу билан бирга, қайси дастур ҳарбий ёки тинчлик мақсадига хизмат қилаётганини аниқлаш ваколати яна АЭХАга тегишли. Ҳозирга қадар АЭХА Эроннинг ядро дастури ҳарбий характерга эга деган хулоса чиқармаган.
Умуман олганда, бу ерда асосий масала фақат ядро технологияси эмас, балки илм-фан ва ривожланиш билан ҳам боғлиқ. Ҳар бир давлат ўз салоҳиятини оширишга интилади. Бироқ қайси давлат ривожланишни хоҳласа, уларнинг бошини чопишга ҳаракат қилишади.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.