Жаҳон | 21:14 / 30.06.2026
1012
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Олий суди туғилганда фуқаролик олиш ҳуқуқини тасдиқлади

АҚШ Олий суди 30 июнь куни президент Доналд Трампнинг туғилганлик ҳуқуқи асосида фуқаролик олиш имкониятини чеклашга уринган фармонини блоклаган қуйи суд қарорини тасдиқлади.

Фото: REUTERS/Kylie Cooper

Reuters хабарига кўра, Трампнинг ушбу фармони давлат идораларига, агар ота-онасидан бири АҚШ фуқароси ёки доимий резиденти (яшил карта эгаси) бўлмаса, АҚШда туғилган болаларнинг фуқаролигини тан олмасликни буюрган эди.

Олий суднинг олти нафар судьяси тегишли фармонга қарши, уч нафари эса уни ёқлаб чиқди.

Трамп 2025 йил январь ойида Оқ уйга қайтганидан сўнг ушбу ҳужжатни биринчилардан бўлиб имзолади.

Туғилиш бўйича фуқаролик ҳуқуқи — бу шундай тамойил бўлиб, унга кўра инсон туғилиш пайтида автоматик равишда фуқароликка эга бўлади. 

Халқаро амалиётда иккита асосий ёндашув мавжуд:

1. Тупроқ ҳуқуқи - бунда фуқаролик туғилган жойи бўйича берилади. Мисол: АҚШ ҳудудида туғилган бола, одатда, ота-онасининг фуқаролигидан қатъи назар, автоматик равишда АҚШ фуқаросига айланади.

2. Қон ҳуқуқи - бунда фуқаролик туғилган жойи билан эмас, ота-онанинг фуқаролиги билан белгиланади. Айнан шу тамойил Европа ва Осиёнинг аксарият мамлакатларида асосий ҳисобланади. Масалан, Ўзбекистонда қон ҳуқуқи тамойили асосий ҳисобланади. Агар ота-онасидан ҳеч бўлмаганда бири ёки иккаласи Ўзбекистон фуқароси бўлса, бола туғилиш бўйича фуқароликка эга бўлади (қонунда назарда тутилган шартларга риоя қилинганда). Фуқароликни автоматик равишда олиш учун мамлакат ҳудудида туғилганлик фактининг ўзи етарли эмас.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид