Спорт | 12:25
5823
12 дақиқада ўқилади

ЖЧ кундалиги. Японларда драма, Марокашда камбэк, Парагвайдан сенсация

Нидерландия ва Германия пеналтилар сериясида ютқазиб, турнирни тарк этди, Бразилия юришини давом эттиради.

Фото: Reuters

2026 йилги жаҳон чемпионати 1/16 финал босқичи давом этмоқда. 29 июн куни кечқурун ва 30 июн тонгида ўтказилган ўйинларда яна учта жуфтлик тақдири ҳал бўлди: Бразилия сўнгги дақиқаларда урилган гол эвазига Япония тўсиғидан ўтди (2:1), Германия сенсацион равишда Парагвайга ютқазиб қўйди (1:1, пеналтилар сериясида 3:4), Марокаш эса Нидерландия билан ўйиннинг сўнгги дақиқаларида гол уриб, ўйинни пеналтилар сериясига олиб борди ва футбол лотереясида омадлироқ чиқди (1:1, пеналтилар сериясида 2:1).

Майдон ташқарисида ҳам қизиқарли воқеалар бўлмоқда: ФҚБ ўйинлар ўтказиладиган ҳудудларда 400 та дронни мусодара қилди, Саудия Арабистони ва Чехия миллий жамоаларида ҳам истеъфолар рўй берди, Лионел Месси ва Неймар эса хайрия билан шуғулланмоқда.

Японлар драмаси

Бразилия – Япония 2:1
Голлар:
Сано, 29 (0:1). Каземиро, 56 (1:1). Мартинелли, 90+5 (2:1)
Бразилия: Алиссон, Габриэл Магаляйнс, Маркинос, Дуглас Сантос, Данило Луис, Каземиро (Фабинио, 90+1), Лукас Пакета (Эндрик, 46), Гимарайнс (Данилу Сантос, 90+7), Винисиус Жуниор, Райан, Куня (Мартинелли, 65)
Япония: Д. Судзуки, Танигути, Х. Ито, Томиясу, Камада (Танака, 78), Сано, Накамура (Сугавара, 66), Доан (Д. Судзуки, 66), Маэда (Огава, 90+7), Д. Ито (Матино, 78), Уэда
Огоҳлантиришлар: Каземиро, 14. Данило Луис, 48 – Сано, 12. Камада, 45. Д. Судзуки, 84

Бразилия жаҳон чемпионати 1/16 финалидаёқ катта қийинчиликка учради. Гуруҳ босқичида Нидерландия ва Швеция билан тенгма-тенг ўйнаб, Тунисни йирик ҳисобда мағлуб этган японлар пентакампеонларга ҳам кураш таклиф этишди.

Биринчи бўлимдан кейин осиёлик фанатлар ғалабага яқин эди – уларнинг севимли жамоаси нафақат бразиллар ҳужумларига дош берди, балки Кайсу Санонинг голи эвазига ҳисобда олдинда ҳам боришди. Аммо хурсандчилик узоққа чўзилмади: иккинчи бўлим бошларида Карло Анчелотти шогирдлари ҳисобни тенглаштиришди – «Арсенал» ҳимоячиси Габриэл Магаляйнс жарима майдони яқинида тўпни ҳаводан дарвозабон ҳудудига оширди, у ерда Каземирони ҳеч ким қўриқламади ва у бош билан дарвозани ишғол этди. 90+5-дақиқада эса «Арсенал» вингери Габриел Мартинелли аниқ зарба билан ғалаба голини урди, унга бу вазиятда шу ёзда «Арсенал»га ўтиши кутилаётган Бруно Гимарайнс ассистентлик қилди.

Бу «селесао»нинг ўйиндаги 19-зарбаси эди (Японияда жами бешта зарба, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 7:2). Ва бразиллар якунда ҳақли ғалабага эришди.

Япония эса аламли тарзда навбатдаги турнир билан хайрлашди – бу кунчиқар юрт вакиллари учун нохуш серия давом этиши бўлди – «самурайлар» қаторасига учинчи мундиалда плей-офф ўйинида ҳисобда олдинда борган ҳолда якунда ютқазиб қўймоқда. Бунгача 2018 йилги турнирда Белгия (2:3), 2022 йилги турнирда – Хорватия (1:1, пеналтилар сериясида 1:3) билан ўйинларда шундай ҳолат кузатилганди.

Кейинги босқичда Бразилия Кот-д'Ивуар – Норвегия жуфтлиги ғолибига қарши майдонга чиқади.

Нидерландия турнир билан хайрлашди

Нидерландия – Марокаш 1:1
Голлар:
Гакпо, 72 (1:0). Диоп, 90+1 (1:1)
Пеналтилар серияси: Копмейнерс – (1:0). Ал-Айнавий – (1:0)(устун). Клюйверт – (1:0)(устун). Раҳимий – (1:1). Вегҳорст – (2:1). Талби – (2:2). Тимбер – (2:2)(хато). Ҳакими – (2:2)(устун). Саммервилл – (2:2)(дарвозабон). Сайбари – (2:3)
Нидерландия: Вербрюгген, ван Дейк, Аке (Копмейнерс, 71), ван Ҳекке, Гравенберҳ (Ҳато, 86), де Йонг (де Рон, 110), ван де Вен (Тимбер, 86), Думфрис, Гакпо (Клюйверт, 113), Саммервилл, Бробби (Вегҳорст, 71)
Марокаш: Буну, Диоп, Риёз (Салоҳиддин, 75), Мазравий, Ҳакими, Буадди (Ал Мурабет, 79), Ал-Айнавий, Унаи (Раҳими, 86), Ал-Ҳаннус (Талби, 87), Диас (Ясин, 79), Сайбари
Огоҳлантириш: Диоп, 47

Нидерландия ва Марокаш ўйинни навбати билан ҳужумлар уюштириш орқали бошлади. Дастлабки дақиқаларданоқ футболчилар ўзини ҳам, рақибни ҳам аямай ўйнашди, Ян Паул ван Ҳекке ва Исмоил Сайбари ўртасида муштлашув келиб чиқишига оз қолди: марокашлик ҳужумчи бутсаси билан рақиб ҳимоячисининг бошига зарба бериб юборганди.

Биринчи бўлимнинг асосий қаҳрамонлари дарвозабонлар бўлишди: Вербрюгген ҳам, Буну ҳам бир неча бор ўз маҳоратини ишга солиб, жамоасини қутқаришига тўғри келди.

Иккинчи бўлимда эса кўпчиликни йиғлатган таъсирли воқеа рўй бўлди: 72-дақиқада Крисенсио Саммервилл жарима майдонига кириб борди ва йиқилаётган ҳолда тўпни чапдан очилган Коди Гакпога етказишга улгурди. «Ливерпул» форварди қайтариб бўлмас даражада кучли зарба йўллаб, ҳисобни очди.

Шундан кейин у чўккалаганча ерга бошини қўйди ва йиғлаб юборди.

Майдондаги ва захира ўриндиғидаги жамоадошлари уни қўллаб-қувватлаш учун югуриб келишди ва атрофида ҳалқа ҳосил қилишди.

Гап шундаки, ҳозир Гакпо ва унинг оиласи оғир дамларни бошдан кечирмоқда: унинг турмуш ўртоғи Ноа ван дер Бей бир неча кун олдин ҳомиласи тушиб қолганини маълум қилганди – жуфтлик октябр ойида иккинчи фарзандни кутаётганди.

Футболчи ўрнидан турганидан кейин ҳам анча вақтгача ўзига кела олмади ва кўз-ёшларини футболкаси билан яширишга ҳаракат қилди.

Кейин эса қўлларини юқорига кўтарди ва голини туғилмай қолган ўғлига бағишлади.

Аммо унинг голи жамоаси ғалабасини таъминлай олмади. Марокашликларни турнирни тарк этишдан бир неча дақиқа ажратиб турганди, аммо қўшимча дақиқалар бошланганида Исса Диоп африкаликлар жамоасини қутқариб қолди ва ўйин қўшимча бўлимларда давом этадиган бўлди.

Овертаймда футболчилар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди ва ғолибни пеналтилар сериясида аниқлайдиган бўлишди. Бу серияда футболчилар навбати билан хато қилишди.

Нидерландлар сафида бешинчи бўлиб нуқтага яқинлашган Саммервилл ҳам хатога йўл қўйди.

Ёсин Буну бурчак томон сакрашига ҳам тўғри келмади ва оёқда турган ҳолда тўпни қайтарди.

Марокашликлар сафида ҳал қилувчи зарбани берган Исмоил Сайбари эса совуққонлик билан ҳаракат қилиб, Нидерландияни уйга жўнатди. Марокашнинг 1/8 финалдаги рақиби Канада бўлади.

Нидерландлар эса қаторасига учта жаҳон чемпионатини пеналтилар сериясида ютқазган ҳолда тарк этган илк жамоага айланди: 2014 ва 2022 йилги турнирларда жамоа пеналтилар сериясини Аргентинага бой берганди.

Немислар сенсацион равишда турнирни тарк этди

Германия – Парагвай 1:1
Голлар:
Энсисо, 42 (0:1). Ҳаверц, 54 (1:1)
Пеналтилар серияси: Ҳаверц – (0:0)(дарвозабон). Маурисиу – (0:1). Киммиҳ – (1:1). Гомес – (1:2). Мусиала – (2:2). Галарса – (2:3). Волтемаде – (2:3)(дарвозабон). Санабрия – (2:3)(хато). Амири – (3:3). Балбуэна – (3:3)(дарвозабон). Та – (3:3)(хато). Канале – (3:4)
Германия: Нойер, Рюдигер (Тиау, 110), Та, Браун, Киммиҳ, Павлович (Антон, 79), Нмеча (Горецка, 46), Вирц (Амири, 110), Сане (Волтемаде, 88), Ҳаверц, Ундав (Мусиала, 63)
Парагвай: Ҳил, Канале, Гомес, Алонсо (Балбуэна, 120+2), Касерес (Охеда, 99), Кубас, Бобадиля (Санабрия, 99), Галарса, Алмирон (Веласкес, 91), Энсисо (Маурисиу, 57), Авалос (Кабалеро, 55)
Огоҳлантиришлар: Ҳаверц, 106. Мусиала, 115 – Кубас, 65. Галарса, 117

Жаҳон чемпионатининг биринчи тури Парагвай учун АҚШдан оғир мағлубият (1:4) билан якунланганди. Лекин жанубий америкаликлар тезда ўзига келишди ва кейинги икки ўйинда керакли натижага эришиб, плей-оффга чиқди.

Германия бу жуфтликда яққол фаворит эди. Кутилганидек, биринчи бўлим Юлиан Нагелсманн шогирдларининг устунлигида кечди: улар тўпга эгалик қилишди (ўйиннинг 80 фоиз вақтида), рақиб жарима майдонини қамал қилишди, аммо тиғиз ҳимояга қарши деярли ҳеч нарса қила олишмади. Парагвайнинг кам сонли ҳужумларидан бири эса Ҳулио Энсисо ҳисобни очиши билан якунланди.

Иккинчи бўлим стартида бундестим жавоб қайтарди: Кай Ҳаверц Флориан Вирц қанотдан оширган тўпни дарвозага тўғрилаб қўйди. Шундан кейин ҳам ўйин картинаси ўзгармади – немислар босим қилишда, рақиб чуқур ҳимояланишда давом этди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Парагвай бутунлай ҳужум қилишни тўхтатиб қўйди: футболчилар шунчаки пеналтилар сериясини кутиб вақт ўтказишди. Бу режа 102-дақиқада барбод бўлиши мумкин эди, аммо видеоассистентлар билан маслаҳатлашувдан кейин арбитр Жонатана Танинг голини бекор қилди – бу ҳужум вақтида жанубий америкаликлар дарвозабони Орландо Ҳилга нисбатан фол ишлатилгани маълум бўлди.

Шу тариқа, жамоалар пеналтилар сериясига етиб боришди, у ерда Ҳил Ҳаверц ва Ник Волтемаденинг зарбаларини қайтарди ва ўйинни деярли ҳал қилди. Унинг жамоадошлари якуний зарбани аниқ ижро этиши кифоя эди, аммо Балбуэна ўйин тақдирини ҳал қила олмади. Натижада яна немислар хатосини кутишга тўғри келди ва Та ёрдамга келди: у тўпни дарвоза тўсини юқорисидан ошириб тепди, Хосе Канале эса аниқ зарбаси билан Германияни уйига жўнатди.

Парагвай кейинги босқичда Франция – Швеция жуфтлиги ғолибига қарши майдонга тушади.

Истеъфолар давом этмоқда

Гуруҳ босқичи якунланиб, плей-офф старт олган – ҳозирча жамоаларнинг бир қисмида байрам ҳукмрон, бошқаларида натижалар сарҳисоб қилиниши бошланган. Сабри Лямуши (Тунис), Ҳен Мен Бо (Жанубий Корея) ва Стив Кларк (Шотландия) ортидан Чехия миллий жамоаси бош мураббийи Мирослав Коубек ҳамда Саудия Арабистони футбол федерацияси президенти Ёсир Ал-Мишал 2026 йилги жаҳон чемпионатининг навбатдаги қурбонларига айланишди.

Берилган баёнотга кўра, Коубек ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан, у «учинчи томон босими» ҳақида ҳам қайд этган. У ўз лавозимини Чехия футбол ассоциацияси раҳбари Давид Трундега таклиф қилган – у бунга рози бўлган. Мирослав бошқарувида чехлар жамоаси А гуруҳида 1 очко билан сўнгги ўринни эгаллаганди.

Ал-Мишал ҳам ўз ихтиёри билан истеъфо берган – Саудия Арабистони Н гуруҳида 2 очко билан охирги ўринда қолишини у «жамоа амбицияларига мос эмас» деб топган ва унинг кетиши жамоага келгусида ривожланишда давом этишига имкон беришига умид билдирган.

АҚШ узра дронлар

Америкалик полициячилар жаҳон чемпионати ўйинлари ўтказилаётган ҳудудларда 400 дан ортиқ дронни мусодара қилди, дея ҳисобот берди Федерал қидирув бюроси директори Кэш Пател. Унинг сўзларига кўра, мазкур учувчисиз учиш қурилмалари чекловлар амалда бўлган ҳудудлар яқинида учирилган.

Федерал бюро раҳбари ўз ходимлари якшанба кунининг ўзида Майамида еттита аппаратни мусодара қилишгани, ФИФА фан-зоналаридаги тадбирлар вақтида ҳам яна шунча дрон аниқлангани ҳақида маълумот берган.

Футболчилар хайрия билан шуғулланмоқда

Лионел Месси нафақат майдонда, балки ундан ташқарида ҳам яхши ишларни амалга оширмоқда. El Sumario хабарига кўра, Аргентина миллий жамоаси ҳужумчиси Венесуэладаги зилзиладан жабрланганлар учун маблағ йиғиш ташаббусига қўшилди. 25 июн куни мамлакат шимолида 7,5 магнитудали зилзила содир бўлиб, 1700 га яқин одам ҳалок бўлган, яна бир неча минг киши бедарак йўқолганди.

Аргентиналик футболчи томонидан хайрия қилинган маблағнинг аниқ миқдори ошкор этилмаган, бироқ рафиқаси Антонелла Рокуццонинг эълонидан кейин бир неча миллион доллар йиғилгани маълум. Хайрия қилувчилар орасида Лионелнинг қадрдон дўсти, бразилиялик Неймар ҳам бор – у жабрланганлар учун 250 минг доллар юборган.

Навбатдаги ўйинлар

1/16 финал босқичи давом этмоқда – 30 июн куни кечқурун ва 1 июлга ўтар кечаси қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади:

  • 22.00. Кот-д'Ивуар – Норвегия
  • 02.00. Франция – Швеция
  • 06.00. Мексика – Эквадор
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид