Спорт | 13:29 / 16.10.2024
9584
10 дақиқада ўқилади

Мессида ҳет-трик ва икки узатма, Бразилия ўйнай бошлади. Конмеболда ЖЧ саралаши

Жанубий Америкада ЖЧ-2026 саралаши 10-тур учрашувлари, голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: Reuters

Уйда деворлар ҳам ёрдам беради

Аргентина — Боливия 6:0
Голлар:
Месси (19, 84, 86), Лаутаро Мартинес (43), Алварес (45+3), Алмада (69). 
Аргентина – Рулли, Таляфико, Отаменди (Лисандро Мартинес, 73), Ромеро, Молина, Мак Аллистер (Паредес, 66), Фернандес, Де Паул (Паласиос, 65), Алварес (Алмада, 65), Лаутаро Мартинес (Пас, 73), Месси.
Боливия – Вискарра, Фернандес (Пас, 67), Медина, Сагредо, Суарес, Акин, Вака, Вилямил, Матеус (Террасас, 80), Терсерос (Чавес, 67), Алгараняс (Монтейро, 79).
Огоҳлантириш: Алгараняс (76).

Охирги турларда Боливия ўзига келди ва қаторасига уч ўйинда ғалаба қозонди, аммо бу ўзгариш Аргентинани сафарда енгиш имконини берадиган даражада кескин эмасди. Қолаверса, ватанида 334 кундан буён ўйнамаган Месси илҳомланиб тўп сурди. Лаутаро Мартинес тўпни рақибдан олиб қўйганидан кейин дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борган Лео тўпни яқин бурчакка жойлаштирди ва жаҳон футболида миллий жамоалар миқёсида иккинчи энг яхши тўпурарга айланиб олди. Унинг «албиселесте» либосидаги 110-голи эронлик афсона Али Дайини қувиб ўтишга имкон берди, олдинда эса фақат аргентиналикнинг азалия рақиби Криштиану Роналду (136) бор.

Месси бу билан тўхташ ҳақида ўйламади ва танаффусгача яна иккита голни ташкиллаштирди. Аввалига Лаутарони бўш дарвоза қаршисига чиқариб, ундан қарзини узди, кейин эса стандарт вазиятда тўпни ҳимоячилар ортига очилган Ҳулиан Алваресга етказиб берди. Фақат тўртинчи гол жамоа «ўнлиги» иштирокисиз кечди — Алмада миллий жамоа сафидаги илк голини урди. Ҳисобни очган Месси эса охирги голларга ҳам ўзи муаллифлик қилди. У аввалига ўнг оёғида дарвоза тўрини ишғол қилди — МЛСга ўтганидан кейин шу оёғида ҳам гол уришни бошлаган. Кейин эса «Реал»нинг 20 ёшли тарбияланувчиси Паснинг узатмасидан кейин ўз услубида чап оёғида зарба бериб, ўйинга нуқта қўйди.

Саралаш доирасидаги бир ўйинда ҳет-трик ва икки голли пас — Жанубий Америкада бунақаси 2009 йилдан буён кузатилмаганди. Тақдир ҳазили шундаки, бир футболчининг бундан олдинги бундай бенефиси ҳам Аргентина ва Боливия жамоалари иштирокидаги ўйинда рўй берганди. Ўшанда Месси майдонда эди, мураббийлик ўриндиғида эса бошқа бир афсона — Диего Марадона ўтирганди. Аммо ўша кунни бутун мамлакат хотирасидан ўчириб ташлашни истайди, чунки ўшанда аргентиналиклар Боливия майдонида шармандали ҳисобда (6:1) мағлуб бўлишганди. Ҳоакин Ботеро эса классик «шляпа трюки»га ассистентлик бўйича ҳам ҳет-трикни қўшиб қўйганди.

Президентнинг танқиди

Бразилия — Перу 4:0
Голлар:
Рафиня (38 пеналти, 54 пеналти), Перейра (71), Луис Энрике (74). 
Бразилия – Эдерсон, Абнер, Габриэл, Маркинос, Вандерсон, Бруно Гимараэс (Андре, 79), Жерсон, Родриго (Перейра, 69), Рафиня (Матеус Перейра, 78), Савио (Луис Энрике, 69), Игор Жезус (Эндрик, 78).
Перу – Галесе, Каленс, Самбрано, Араухо, Лопес, Пеня (Мурругарра, 78), Кастилло (Сонне, 57), Картахена, Адвинкула (Поло, 73), Флорес (Грималдо, 73), Рейна (Рамос, 57).
Огоҳлантиришлар: Рейна (8), Галесе (45), Кастилло (48), Самбрано (55), Картахена (68), Вандерсон (83).

Бразилия президенти Лула да Силванинг барча масала бўйича ўз фикри бор. Давлат раҳбари бир бразилиялик сифатида футбол ҳақида мунтазам гапириб туради. Шу кунларда у жамоа легионерсиз яхшироқ ўйнаши ҳақидаги фикрлари билан барчани ўзига қаратди. Бу билан, у албатта бироз ошириб юборганди, фақат Доривал Жуниор — маҳаллий футболчиларни яхши ўйнатадиган мутахассис. У Европада ўйнайдиган юлдузлардан ҳеч қачон бош тортмаган, аммо миллий чемпионатдаги футболчиларга ҳам катта эътибор қаратиши ҳақида тайинловдан кейинги илк интервюсидаёқ гапирганди.

Ва Доривалнинг гаплари амалга ҳам кўчади. Ўтган турда чилиликлар дарвозасига икки голни ҳам ички чемпионат пешқадами «Ботафого» клуби вакиллари — Игор Жезус ва Луиз Энрике уришганди. Бу сафар «Фламенго» яримҳимоячиси Жерсон бошланғич таркибдан ўрин олди, захира ўриндиғида эса пентакапеонлар сафидаги дебютант, «Крузейро» футболчиси Матеус Перейра ўрин олди. Уни дисквалификацияга учраган Лукас Пакета ўрнига чақиришганди, аммо штатдаги пеналтичининг йўқлиги кўпроқ Рафиняга фойдали бўлди ва икки бор 11 метрлик нуқтадан гол урди.

Аутсайдерга қарши ўйин — кўп нарсани кўрсатиб бера олмаслиги равшан. Фақат Бразилия яқингача камтар рақибларга қарши ўйинларда ҳам қийналаётганди. Бу ўйин эса — айниқса, иккинчи бўлимда жуда осон кечди. Андреас Перейра учинчи голни «қайчи» услубида киритди. Пентакампеонларда тизим қанчалик ўзгарганини ноябр ойида Венесуэла ва Уругвайга қарши кечадиган ўйинлар яхшироқ кўрсатиб беради. Қолаверса, бу вақтга бориб Винисиус Жуниор ҳам сафга қайтиши керак.

Чили охирги ўринда

Колумбия — Чили 4:0
Голлар:
Санчес (34), Диас (52), Дуран (82), Синистерра (90+3). 
Колумбия – Варгас, Мохика (Кабал, 86), Лукуми, Санчес, Арияс, Аряс (Карраскал, 77), Лерма, Риос, Хамес (Кинтеро, 86), Диас (Синистерра, 76), Кордоба (Дуран, 46).
Чили – Кортес, Галдамес (Mоралес, 46), Кушчевич, Марипан, Лойола, Пулгар (Ортегоса, 84), Эчеверрия (Герреро, 60), Валдес (Бартурен, 61), Осорио, Давила, Варгас (Тапия, 60).
Огоҳлантиришлар: Кордоба (37), Тапия (65), Пулгар (77), Мохика (78).

Хамес Родригес Америка Кубогида энг яхши ассистент бўлганди. Ҳозирда ушбу фахрий футболчи тўрт голли узатма билан саралаш циклидаги энг яхши ассистент бўлиб турибди ва бу ўйиндаги биринчи голда ҳам унинг хизматлари катта бўлди — бурчак зарбасини айнан у амалга оширганди. Миллий футбол федерацияси юз йиллиги муносабати билан махсус либосда ҳаракат қилган Колумбиянинг стандарт вазиятлардан фойдаланиш статистикаси ажойиб. Жамоа турнирлардаги 27 голидан 15 тасини айнан шундай жарима зарбаларидан уришган ва 13 гол (Санчес билан ҳолатда ҳам) дарвоза тўрига бошда йўлланган зарбадан кейин бориб тушган. Шундан олтитаси ҳозирги саралаш турнирига тўғри келади, фақат бу рекорд эмас, чунки ЖЧ-1998 саралашида бундай зарбалар сони тўққизта бўлганди.

Шу билан бирга, колумбияликлар оёқда ҳам ёмон ўйнашмайди ва прессингда ажойиб ишлаган Ҳамес иккинчи гол муаллифи Диасни идеал вазиятга чиқариб юборди. Сардор яна бир голли пас берса, саралаш турнирларидаги голли паслар сони бўйича учинчи ўриндаги Луис Суарес (13) билан тенглашиб олади. Ўйин охирида захира қироли бўлган Дуран бу сафар ҳам ўзининг одатий ишини бажариб, ҳисобни йирик кўринишга келтирди. «Астон Вилла» ҳужумчиси катта эҳтимол билан Уругвайга қарши ноябрда кечадиган ўйинда бошланғич таркибда тушади.

«Борнмут» сафида ажойиб мавсум ўтказаётган Синистерра эса қўшимча дақиқаларда тўртинчи голни урди. Чили 10 турда атиги беш очко олди ва гуруҳ жадвалида сўнгги поғонада қолмоқда.

Уругвайча қурғоқчилик

Уругвай — Эквадор 0:0
Уругвай – Рочет, Оливера (Саракки, 87), Хименес, Буэно, Нандес, Угарте (Фонсека, 82), Валверде, Араухо, де Арраскаэта (де ла Крус, 46), Пеллистри, Нунес.
Эквадор – Галиндес, Эступинян (Чавес, 90+3), Пресиадо, Инкапиэ, Пачо, Торрес, Минда (Aлварадо, 80), Кайседо, Франко, Валенсия (Родригес, 59), Плата (Йебоа, 90+3).
Огоҳлантиришлар: Кайседо (37), Фонсека (84).

Луис Суареснинг 2024 йилги Америка Кубогидаги муаммолар тўғрисидаги шов-шувли сўзларидан кейин Уругвайнинг ҳар бир ўйинига микроскоп билан қарашмоқда ва бош мураббий Марсело Биелса ҳамдам жамоа ўртасидаги мураккаб муносабатларга далил қидиришмоқда. Барча кўз тикиб турганини сезган футболчилар Эквадор билан ўйинда жон бериб ўйнашди.

Аммо биринчи бўлимнинг ўзида уч ёки тўртта голли вазият юзага келтирилганига қарамай, дарвозани ишғол қилишнинг имкони бўлмади. Пелистрига аниқлик етишмади, Валверденинг икки хавфли зарбасини Галиндес қайтарди, Нунеснинг зарбасидан кейин тўп устунга тегди. Умуман олганда, футболчиларнинг омади келмади. Ноябрдаги ўйинлар жамоа реализация муаммосини қанчалик ҳал қилганини кўрсатади. Ҳозирча эса турнирни энг ёрқин жамоа сифатида бошлаган уругвайликлар тарихда илк бор саралаш босқичида қаторасига тўрт ўйинда гол ура олмади.

Тарихий дубл

Парагвай — Венесуэла 2:1
Голлар: Санабриа (59, 74) — Арамбуру (25). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Энсисо (41).
Парагвай – Фернандес, Алонсо, Алдерете, Гомес, Касерес, Гомес (Бобадиля, 80), Кубас, Энсисо (Вилясанти, 88), Алмирон (Балбуэна, 80), Соса (Ромеро, 46), Питта (Санабрия, 46).
Венесуэла – Ромо, Наварро, Феррареси (Рамирес, 88), Рамирес, Арамбуру, Кассерес (Сеговия, 80), Эррера, Сотелдо, Саварино (Кадис, 66), Мачис (Белло, 79), Рондон.
Огоҳлантиришлар: Наварро (12), Батиста (32), Касерес (35), Сотелдо (38), Кассерес (45+3), Алдерете (63), Кадис (68), Арамбуру (70), Белло (87).

Бу турга қадар Парагвай саралаш ўйинларида биринчи бўлимларда 38 бор гол ўтказиб юборган ва бундай ўйинларда бирор марта ғалабага эриша олмаган (=6-32). Аммо ҳар қандай серия эртами кечми якунланади, август ойида бош мураббийликка тайинланган аргентиналик мутахассис Густаво Алфаро куз бошланганидан кейин қизил-оқлар жамоасини ўзгартира олганини намойиш этди. Бразилия устидан ғалаба қозонган жамоани «Реал Соседад» ҳимоячиси Арамбуру урган гол ҳам, танаффус арафасида Энсисо пеналтини ура олмагани ҳам синдира олмади.

Сентябр ойидаги ўйинларда захирада ўтирган Санабрия эса учрашув қаҳрамонига айланди. Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушган форвард ғалаба келтирган дублни расмийлаштирди ва бу Жанубий Америкадаги саралаш босқичлари учун илк шундай ҳолат бўлди. Унга биринчи голда Алонсо ҳаммуаллифлик қилди. Кейин эса Энсисо айбини ювди. Тўғридан тўғри рақиби устидан ғалаба қозонган Парагвай ЖЧ-2026 учун тўғридан тўғри йўлланма берувчи олтинчи ўринга кўтарилди.

Турнир жадвалидаги вазият:

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани