Жаҳон | 14:43
2094
8 дақиқада ўқилади

Трампга қарши Олий суд ва Покистондаги фожиа – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Суд Трампнинг фармонини ноқонуний деб топди

АҚШ Олий суди мамлакат ҳудудида туғилган барча болаларга автоматик равишда фуқаролик беришни чекловчи президент фармонини ноқонуний деб топди. Тегишли қарор АҚШ Олий суд инстанцияси сайтида эълон қилинди.

Президент Доналд Трамп бу фармонни иккинчи муддатига келган куни — 2025 йил 20 январдаёқ имзолаганди. Унга кўра, туғилиш бўйича Америка фуқаролигини олиш ҳуқуқи – онаси АҚШда ноқонуний бўлиб турган ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган болаларга нисбатан қўлланмаслиги белгиланганди. Мазкур ҳужжатни бекор қилиш учун олти нафар судя овоз берди, уч нафари эса бунга қарши чиқди.

Бу ҳуқуқ АҚШ Конституциясига 14-тузатиши орқали — 1868 йил 9 июлда киритилган. У АҚШда туғилган ва озод қилинган собиқ қора танли қулларнинг ҳуқуқларини кафолатлаши керак эди. Бироқ тузатиш матни анча кенгроқ бўлиб, «АҚШда туғилган ёки натурализация қилинган барча шахсларга» фуқаролик берилиши ҳақида гап боради.

АҚШ Олий суди раиси Жон Робертс бу ваъда амалда эканини эслатиб қўйди: «14-тузатиш муаллифлари ушбу ваъдани 'бу заминдаги ҳар бир эркин туғилган инсонга' татбиқ этган. Бугун биз ушбу ваъдани бажармоқдамиз», деди судя.

Доналд Трамп мазкур иш кўриб чиқилаётганда, Олий суддаги оғзаки тингловларда шахсан иштирок этган илк амалдаги АҚШ президенти бўлди. Бу воқеа 1 апрелда юз берганди.

Умуман олганда, Оқ уй маъмурияти «Америка тупроғида туғилган барча шахсларга фуқаролик берилиши ноқонуний миграция учун қўшимча рағбат бўлади» деб ҳисобламоқда.

Муҳофизлар корпуси аъзолари отиб кетилди

Эрон ғарбидаги Кирмоншоҳ вилоятида содир бўлган отишмада Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг икки аъзоси ҳалок бўлди, яна икки нафари жароҳатланди.

Ҳужум душанба куни кечқурун Эроннинг Ироқ билан чегараси яқинида жойлашган Павеҳ туманида содир бўлган.

Баёнотга кўра, номаълум қуролланган шахслар уйлардан бирининг кириш қисмига қарата ўт очган. Расмий баёнотда ушбу воқеа «қўрқоқларча ва хиёнаткорона террорчилик акти» деб баҳоланган.

Ҳалок бўлган икки шахснинг исми-шарифи тўлиқ очиқланмаган, улар фақат Корпуснинг маҳаллий аъзолари экани маълум қилинди. Ҳужум оқибатида яна икки киши тан жароҳати олди.

Муҳофизлар корпуси отишманинг барча тафсилотларини ўрганиш ва алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ.

ЖАРда мигрантларга қарши намойиш

30 июн куни Жанубий Африка Республикасининг турли шаҳарларида меҳнат муҳожирларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Уларнинг асосий ташкилотчилари бир-бири билан узвий боғлиқ «Марш ва Марш» ҳамда «Дудула операцияси» ҳаракатларидир.

Мазкур ташкилотлар барча ноқонуний муҳожирларга — 30 июнгача ЖАРни тарк этиш учун муддат белгилаганди.

Агар расмийлар — ноқонуний муҳожирларни депортация қилишни тезлаштирмаса ва миграция назоратини кучайтирмаса, намойишчиларнинг бир қисми ушбу ҳаракатларни келгусида ҳам давом эттириш ниятида.

Намойишларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қурол қўллаш тақиқланди. Полиция баёнотига кўра, акциялар умуман олганда тинч ўтган, бироқ айрим ҳолларда талон-торож ва тунашга уриниш ҳам қайд этилган.

Миграция билан боғлиқ ижтимоий норозиликлар фонида, ЖАР полицияси 2026 йил бошидан буён 50 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожир қўлга олинганини маълум қилди.

Намойишлар бошланиши арафасида мамлакатни тарк этган 25 минг муҳожир учун Нигерия, Гана, Мозамбик, Зимбабве ва Малави ҳукуматлари махсус эвакуация рейсларини ташкил этди. Ушбу мамлакат расмийлари бундай рейсларни июл ойида ҳам давом эттиришни режалаштирмоқда.

ЖАР президенти Сирил Рамапоса фуқароларнинг намойишлар ўтказиш ҳуқуқини тан олди, аммо мамлакатда қонуний асосда бўлиб турганлар — кафолатланган ҳимояга эга эканини билдирди.

Покистонда ҳалокат

Сешанба куни Покистон шарқидаги Лоҳур шаҳрида ўқув маркази томи ўпирилиб тушиши оқибатида 14 нафар бола ҳалок бўлди. Қутқарув хизматига кўра, мазкур ҳодисадан сўнг ҳукумат масъулларнинг эҳтиётсизлиги ёки бепарволиги бўйича эҳтимолий жиноий тергов ҳаракатларини бошлаган.

Қутқарувчилар ушбу хусусий таълим муассасаси вайроналари остидан болалар ва 30 ёшли аёл ўқитувчини топган. Ҳалок бўлган болалар 16 ёшгача бўлиб, уларнинг аксарияти 9 ёшга ҳам тўлмаган эди.

Панжоб вилояти ахборот вазири Азма Бохари репетиторлик маркази расмий рўйхатдан ўтмагани ҳамда муассаса мутлақо таъмирталаб, эскирган том остида ишлаганини билдирди.

Бундай марказлар Покистонда жуда кенг тарқалган: у ерда мактаб ўқувчилари одатий дарс соатларидан ташқари вақтларда қўшимча сабоқ олишади.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Панжоб расмийларига муссон ёмғирлари мавсуми бошланишидан олдин барча хавфли биноларни тўлиқ хатловдан ўтказиш буюрилган. Шунингдек, рўйхатдан ўтмаган хусусий таълим муассасалари учун қатъийроқ назорат қоидалари жорий этилади.

АҚШ AI моделларидан экспорт назоратини ечди

АҚШ Савдо вазирлиги «Anthropic» сунъий интеллект компаниясининг энг янги моделларига қўйилган экспорт чекловларини бекор қилди. Бу ҳақда компания сешанба куни маълум қилди.

«Биз Савдо вазирлиги томонидан Claude Fable 5 ва Mythos 5 моделларига нисбатан экспорт назорати олиб ташлангани ҳақида билдиришнома олдик. Эртадан бошлаб ушбу моделлардан фойдаланиш имкониятини тиклашга киришамиз ва тез орада янги маълумотларни тақдим этамиз», деб ёзди Claude расмийлари.

АҚШ савдо вазири Ҳовард Лутник унинг идораси моделларни оммага чиқаришга рухсат бериш учун компания билан бевосита ишлаганини таъкидлади.

Жорий йил 12 июн куни АҚШ ҳукуматининг миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан юборган талаби асосида компания ўзининг энг янги моделларини Америкадан ташқаридагилар учун ўчириб қўйганди. Чунки Claude’нинг янги модели киберхавфсизлик соҳасида эришган натижалари ҳукумат расмийларини ташвишга солиб қўйган.

Британия мудофаа харажатларини кескин оширди

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер сешанба куни мудофаа соҳаси учун қўшимча 20 миллиард доллар маблағ ажратилишини маълум қилди. Бош вазирга кўра, Қироллик «янада хавфлироқ дунёга» тайёр туриши шарт.

Ушбу қарорга кўра, Буюк Британиянинг йиллик мудофаа харажатлари 2029 йилга бориб 106 миллиард долларга етади. Мазкур ўсишни молиялаштириш учун мамлакатдаги баъзи йўл ва энергетика лойиҳалари бекор қилинади.

«Дунё қуролланаётган ва тажовузкорлик кучайиб бораётган бир вақтда, урушнинг олдини олишнинг энг яхши йўли — унга тайёргарлик кўришдир», деди Стармер Мудофаа инвестициялари режаси тақдимоти олдидан.

Ҳукумат тақдим этган стратегик режа мамлакат армиясини технологик жиҳатдан қайта қуроллантиришни кўзда тутади. Унга кўра, дронлар ва автоном қуроллар, «Гибрид флот» концепцияси ривожлантирилади. Режа доирасида 6 та янги ҳарбий кема қуриш тўлиқ молиялаштирилади.

Бош вазирнинг ушбу баёноти мухолиф партиялар томонидан етарли даражада кутиб олинмади ва танқидларга сабаб бўлди. Хусусан, мухолифлар буни «кечиккан ва керакли даражадан кам молиялаштирилган» деб ҳисобламоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид