Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда UzQR тизими ишга тушди. Асосий саволларга жавоблар
2026 йил 1 июлдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар UzQR ягона QR-коди орқали тўловларни қабул қилиши шарти. Тадбиркорларда эса савол пайдо бўлмоқда: энди Payme, Click, Uzum ва бошқа тўлов хизматларининг QR-кодларини олиб ташлаш керакми? Марказий банкнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бошқа QR-кодларни олиб ташлаш талаб этилмайди, тадбиркорга босим ўтказиш эса қонунга хилоф.
Ўзбекистонда кўплаб юридик шахслар 1 июлни қуйидаги савол билан қарши олди: тўловлар учун ҳамма иловаларга ўтадиган ягона QR-код ишга тушиши муносабати билан энди амалда ишлаб турган индивидуал тўлов сервисларнинг QR-кодларини кассадан олиб ташлаш керакми?
Марказий банкнинг Kun.uz сўровига жавоби қуйидагича:
«Бу маълумот ҳеч қандай тасдиққа эга эмас ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Марказий банк ҳеч қачон савдо нуқталарига бирор-бир QR-кодни олиб ташлаш бўйича кўрсатма бермаган ва бундай жараёнларга аралашмайди. Шунингдек, Марказий банк тўлов ташкилотларининг тижорат шартлари ва комиссияларига ҳам аралашмайди.
UzQR – бу ягона QR-инфратузилма бўлиб, унинг мақсади фойдаланувчиларга қулайлик яратиш. Шу билан бирга, тўлов усулларини танлаш имконияти сақланиб қолади: нақд пул, банк карталари ва бошқа амалдаги тўлов усуллари ишлашда давом этади. Агар кимдир тадбиркорларга QR-кодларни мажбурий тарзда олиб ташлашни талаб қилиб босим ўтказаётган бўлса, бу қонунга зид ҳисобланади. Бундай ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни тавсия этамиз».
Қонунга кўра, савдо нуқтасида UzQR бўлиши шарт. Қолган барча QR-кодларни тадбиркорнинг ўзи қолдиради ёки олиб ташлайди ва уларни демонтаж қилишга қаратилган ҳар қандай мажбурлаш ҳолатни қайд этиш ҳамда шикоят қилиш мумкин.
Қонун икки хил талабни жорий этади: бири юридик шахслар учун, иккинчиси якка тартибдаги тадбиркорлар учун
Чалкашликнинг сабаби шундаки, Ўзбекистонда бир вақтнинг ўзида икки хил QR-ислоҳоти амалга оширилмоқда ва ҳар бири алоҳида ҳужжат, муддат ҳамда манзилига эга.
Биринчиси юридик шахсларга тегишли. Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сонли фармонига мувофиқ, банклар 2026 йил 1 январдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги компаниялар учун ягона QR-кодни шакллантиради, 1 июлдан эса у орқали тўлов қабул қилиш мажбурий бўлади. Ягона QR-коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш деб баҳоланади. Тизимнинг ишлаш тартиби Марказий банкнинг 2026 йил 15 апрелда Адлия вазирлигида 3817-сон билан рўйхатдан ўтказилган қоидаларида белгиланган.
Иккинчи ислоҳот якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга тааллуқли. Президентнинг 2025 йил 12 августдаги ПҚ-247-сонли қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб уларда тўлов ташкилотининг рақамли платформасида шакллантирилган махсус QR-код бўлиши керак. Бундай коднинг мавжуд эмаслиги касса техникасидан фойдаланмасликка тенглаштирилади. Бу тизимни кўпчилик Paynet Xolis сифатида яхши билади, чунки ҳозирга қадар бозорда унга рақобатчи пайдо бўлгани йўқ.
Шу билан бирга, ушбу ислоҳотларнинг ҳеч бири аввалги мажбуриятларни бекор қилмайди. Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари аввалгидек терминаллар орқали банк карталарини ҳамда нақд пулни қабул қилиши шарт. Ягона QR-код мавжуд тўлов усулларига қўшимча сифатида жорий этилади.
Бозорда тўрт турдаги QR-тизимлар мавжуд ва уларнинг барчаси турли иловалар орқали тўлов қабул қилади
Икки қатламни ажратиш лозим: сотувчи томонида пул қабул қилувчи QR-тизимлар ва харидор тўловни амалга оширадиган иловалар.
|
Тури |
Мисол |
Қисқача таъриф |
|
Ягона QR |
UzQR |
Марказий банк томонидан жорий этилган бўлиб, банклар ва тўлов ташкилотлари ўртасида ишлайди. Харидор ўз телефонида қайси иловани ишлатишидан қатъи назар, уларнинг барчаси ягона QR'ни ўқий олади. |
|
Терминал QR |
Uzcard TezQR |
QR-код POS-терминал экранида пайдо бўлади, мижоз уни илова орқали сканерлаб, жисмоний картасиз тўлов қилади. |
|
Махсус QR |
Paynet Xolis |
ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилганлар махсус QR-код орқали тўловларни қабул қилганда, электрон чек шаклланади ва сотувчининг бухгалтерияси автоматик юритилади. |
|
Тўлов сервислари ичидаги QR |
Payme QR, Click QR, Beepul QR, Oson QR |
Муайян сервис экотизими ичида ёки бошқа QR-тизимлар билан интеграция орқали тўлов қабул қилиш |
Payme, Click, Uzum Bank, Alif ва бошқа иловалар харидор томонида хизмат кўрсатади: фойдаланувчи TezQR, Xolis ёки UzQR кодини сканерлаганда, айнан илова картадан маблағни ечади ва тўловни тасдиқлайди. Шунинг учун битта кассада бир нечта QR-ечим бемалол ишлаши мумкин. UzQRнинг асосий хусусияти шундаки, уни исталган банк ёки тўлов иловаси ўқий олади.
1 июлдан UzQR йўқлиги савдо қоидаларини бузиш ҳисобланади
Юридик шахс мақомига эга ҳар бир савдо нуқтаси ва хизмат кўрсатиш ташкилоти, мижознинг талабига асосан, ягона QR-код орқали тўлов қабул қилиши шарт. Уланиш бепул: бунинг учун банкка мурожаат қилиш, ҳисобрақам очиш ва ариза топшириш керак. UzQR орқали қабул қилинган маблағ бир иш куни давомида сотувчининг ҳисобрақамига ўтказилади.
UzQR мавжуд эмаслиги учун қўлланиладиган аниқ жарима миқдори ҳозирча келтирилмаган: фармонда савдо қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган ва ушбу нормани QR-кодларга нисбатан қўллаш амалиёти эндигина шаклланмоқда.
Тизимнинг олдиндан билиш лозим бўлган чеклови ҳам бор: UzQR ҳозирча фақат Uzcard ва Humo миллий тўлов тизимлари карталари билан ишлайди. Агар харидорнинг картаси Visa ёки Mastercard бўлса, ягона QR орқали тўловни амалга ошириб бўлмайди – терминал ёки бошқа ечимлар керак бўлади.
Сотувчи 0,65% комиссия тўлайди, харидор-чи?
Норозиликнинг иккинчи жабҳаси комиссиялар билан боғлиқ. Ижтимоий тармоқларда сотувчидан олинадиган 0,65 фоиз комиссиядан ташқари, тизим айрим ҳолатларда харидордан ҳам яна 1 фоиз олаётгани муҳокамаларга сабаб бўлди. Марказий банк изоҳига кўра, ҳозирда харидордан 1 фоиз комиссия ундирилаётган ҳолатларни бартараф этиш, яъни ҳеч қайси ҳолатда харидордан комиссия ундирилмаслигини таъминлаш чоралари кўриляпти.
Сотувчи қанча тўлайди. UzQR расмий тарифи – тўлов суммасининг 0,65 фоизи. Бу ягона нарх эмас, балки энг юқори чегара ҳисобланади: банклар эквайринг шартлари бўйича рақобат қилиб, арзонроқ таклиф бериш ҳуқуқига эга. Масалан, Ipak Yuli Bank июл ойи бошида 0,25 фоиз ставкани эълон қилди. Кодни улаш ва чиқариш исталган банкда бепул бўлгани учун шартнома имзолашдан олдин бир нечта банк таклифларини таққослаш мақсадга мувофиқ.
Комиссия қандай тақсимланади. Регуляторнинг маълум қилишича, 0,65% тўлов занжирининг барча иштирокчилари орасида қуйидагича тақсимланади:
|
Ким олади |
Тўловдан улуш |
Нима учун |
|
Банк-эквайер |
0,10% |
Сотувчига QR-код берган ва унинг ҳисоб рақамини юритади. |
|
Тизим оператори (Munis, МБ ҳисоб-китоблар клиринг тизими) |
0,20% |
Клиринг, ягона колл-марказ, шахсий кабинетлар, онлайн-кассалар билан интеграция. |
|
Uzcard, Humo |
Биргаликда 0,15% |
Миллий карталар бўйича тўловларни қайта ишлаш: Uzcard 0,075%, Humo 0,05% олади, қолган қисми карта эмитенти бўлган банкка қайтарилади. |
|
Тўловчи томон |
0,05 – 0,20% |
Агар тўлов тўлов ташкилоти ташаббуси билан бўлса, харидор банки 0,05 фоиз, банкнинг ўзи ташаббус кўрсатган бўлса 0,20 фоиз олади |
Харидор нима тўлайди. Расмий тарифга кўра — ҳеч нарса: тизим қоидаларида тўловчи учун комиссия кўзда тутилмаган. Унда 1,65% қаердан пайдо бўлди? Тизим ишлай бошлаган дастлабки кунларда айрим банклар ўз иловалари орқали тўлов қилинганда харидордан қўшимча 1% комиссия ундирган.
Қоидаларда бундай йиғимлар тўғридан тўғри тақиқланмаган: улар фақат тўлов тасдиқланишидан олдин комиссия миқдорини тўловчига кўрсатишни талаб қилади. МБ харидор томонидаги комиссиялар масаласи тартибга солинаётганини маълум қилди. Масалан, Payme ўз фойдаланувчилари учун UzQR орқали комиссиясиз тўлов жорий этилганини эълон қилди. Шунинг учун тўлов қилишдан олдин тасдиқлаш экранига қараш лозим: комиссия тўлови муайян иловага боғлиқ.
Бу бозор тарифларига қанчалик мос келади. Шу вақтгача тўлов сервисларининг QR-ечимлари мерчантлар учун айланманинг 1–2 фоизига тўғри келарди. Шу нуқтайи назардан 0,65 фоиз фойдали кўринади. Тадбиркорларнинг эътирози бошқа нарсада: аввалги сервислар ихтиёрий эди, UzQR эса мажбурий. Бу савдо учун юқоридан белгиланган янги доимий харажат ҳисобланади.
ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун алоҳида – махсус QR-код амал қилади
2026 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларда тўлов ташкилотининг рақамли платформасида шакллантирилган махсус QR-код бўлиши шарт. Унинг йўқлиги учун Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ 5 млн сўм, бошқа шахс номига расмийлаштирилган QR-коддан фойдаланганлик учун эса 20 млн сўм жарима белгиланган. Бу талаб солиқ органлари билан интеграция қилинган агрегаторлар орқали йўловчи ташийдиган ва товар етказиб берадиган ўзини ўзи банд қилган шахсларга татбиқ этилмайди.
Қонун расман муайян платформани кўрсатмайди. Бироқ ПҚ-247да унга қўйилган талаблар кенг: платформа электрон ҳамёнларни юритиши, пул қабул қилиши ва ўтказиши, тўлов реквизитлари ва QR-кодларни шакллантириши, операцияларни реал вақт режимида фискаллаштириши, солиқларни автоматик ҳисоблаши ва тўлаши, ҳисоботларни шакллантириши лозим. Бозорда буларнинг барчасини қамраб олган ягона ечим – Paynet'нинг Xolis платформасидир. PaymeQR, ClickQR ёки TezQR фақат тўлов қабул қилишни таъминлагани учун муқобил ҳисобланмайди.
Paynet'дан бошқа илова орқали тўлов қабул қилиш мумкинми?
Харидор Xolis коди бўйича исталган илова – Payme, Click ёки банк дастурлари орқали тўлов қилиши мумкин. Бироқ махсус солиқ режимидаги якка тартибдаги тадбиркорлар тўловларни фақат ушбу платформа орқали қабул қилиши мумкин ва бозорда бундай платформа битта. Талаб амал қила бошлаганига ярим йил бўлганига қарамай, бошқа ҳеч бир финтех компанияси рақобатчи ечимни ишга туширмаган.
Маркировкаланган товарлар билан савдо қилувчилар учун муҳим изоҳ: Xolis касса аппаратининг ўрнини босмайди. Сув, салқин ичимликлар, ёғ ва рақамли мажбурий маркировкага эга бошқа маҳсулотларни у орқали сотиш мумкин эмас – бундай савдо учун аввалгидек онлайн-касса талаб қилинади.
Тадбиркор нима қилиши керак
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар. Банк орқали UzQR олинг: уланиш бепул, ҳисобрақам ва ариза кифоя. Бир нечта банклар тарифларини таққосланг – ставкалар 0,25 фоиздан 0,65 фоизгача. Кодни кассага жойлаштиринг. Карталар учун терминал ва нақд пул қабул қилиш аввалгидек мажбурийлигича қолади.
Payme, Click, TezQR ва бошқа сервислардан фойдаланувчилар. Агар сервислар сизга маъқул бўлса, ҳеч нарсани ўчирманг. Уларни олиб ташлаш талаби ҳеч қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатга асосланмаган. Марказий банк бундай босим ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришни тавсия қилмоқда.
ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар. Рақамли платформадаги махсус QR-код айнан сизнинг номингизга расмийлаштирилганини текширинг: у бўлмаса – 5 млн сўм, бошқа шахснинг QR-кодидан фойдаланилса – 20 млн сўм жарима қўлланади. Агар маркировкаланган товарлар билан савдо қилсангиз, Xolis касса аппарати ўрнини босмайди.
Мавзуга оид
19:59 / 26.06.2026
Бош прокуратура томонидан “Яширин иқтисодиёт харитаси” платформаси ишга туширилди
17:42 / 24.06.2026
Нақди ширин ёхуд нақд пулсиз сиёсатнинг ҳуқуқий томони
15:40 / 24.06.2026
Солиқ қўмитаси банк сирларига кенг миқёсда кириш имкониятини олмоқчи
15:04 / 23.06.2026