Жаҳон | 09:20
2585
3 дақиқада ўқилади

Россия Украина пойтахтига ҳужум қилди

Россия қўшинлари 6 июлга ўтар кечаси Украина пойтахти Киевга баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, зарба берувчи дронлар орқали оммавий ҳужум уюштирди. Украина расмийлари маълумотига кўра, ҳужум оқибатида камида етти киши ҳалок бўлган, 24 нафардан зиёд фуқаро жароҳатланган.

Фото: Thomas Peter/REUTERS

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълум қилишича, ҳужумда бир вақтнинг ўзида баллистик ва қанотли ракеталар ҳамда камикадзе дронлар қўлланган.

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг билдиришича, ҳужум натижасида камида етти киши ҳалок бўлган. Киев шаҳри мэри Виталий Кличко эса жабрланганлар сони 24 нафарга етганини, улардан 14 нафари шифохонага ётқизилганини маълум қилди. Жароҳатланганлар орасида икки нафар бола ҳам бор.

Ҳужум оқибатида Киевнинг бир нечта туманида ёнғинлар келиб чиққан ва турар жой биноларига жиддий зарар етган.

Жумладан, Подолск туманида кўп қаватли турар жой биносининг бир қисми вайрон бўлган. Дастлаб бинода 7–9-қаватлар орасида одамлар қамалиб қолгани хабар қилинди. Кейинчалик қутқарувчилар ёнғин чиққан бинодан 15 нафар фуқарони эвакуация қилди. Юқори қаватлардан уч нафар аёл ва олти нафар бола хавфсиз жойга олиб чиқилган.

Шунингдек, Подолск туманида ракета ва дрон парчалари яна бир турар жой ҳамда гаражлар ҳудудига тушган.

Дарницкий туманида учта нуқтада турар жой бинолари шикастланган. Голосеевский туманида эса беш қаватли уйда ёнғин чиққан.

Ҳужум Киев вилоятига ҳам таъсир кўрсатган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Николай Калашникнинг маълум қилишича, Буча туманида бир киши ҳалок бўлган. Яна ўн нафар фуқаро жароҳатланган бўлиб, уларнинг олти нафари шифохонага ётқизилган.

Шунингдек, Буча, Вишгород ва Бровари туманларида хусусий уйлар, корхоналар ҳамда фуқаролик инфратузилмаси объектларига зарар етган. Ҳодиса жойларида қутқарув ва тезкор хизматлар иш олиб бормоқда.

6 июлга ўтар кечаси Одесса шаҳри ҳам ҳужумга учради. Вилоят ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, ҳужум натижасида 23 ёшли йигит жароҳат олган. Шунингдек, хусусий уйларга зарар етган.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳужумдан бир кун аввал разведка маълумотларига таяниб, Россия яқин кунларда мамлакатга нисбатан оммавий ракета ва дрон ҳужуми тайёрлаётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳужум АҚШ Мустақиллик кунидан сўнг ва 7–8 июл кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган НАТО саммити арафасида амалга оширилган. Зеленский халқаро ҳамкорларни Украина ҳаво мудофааси учун ракеталар етказиб беришни тезлаштиришга чақирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид