Жамият | 20:41 / 06.07.2026
8238
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Андижонда 5 нафар эгизак дунёга келди

Чақалоқларнинг уч нафари қиз, икки нафари ўғил.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бугун, 6 июл куни Андижон шаҳрида жойлашган 2-сонли туғуруқ мажмуасида 5 нафар эгизак дунёга келди.

ССВ матбуот хизматига кўра, Андижон шаҳридаги Қайрағочтош маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Наргиза Бекжонова шу куни кўп ҳомилалик ташхиси билан мазкур муассасага қабул қилинди.

Унда муддатидан илгари туғуруқ ташхиси билан кесарча кесиш амалиёти бажарилди.

Туғуруқ жараёни малакали акушер-гинеколог, неонатолог ва реаниматологлар томонидан муваффақиятли ўтказилган.

– биринчи чақалоқ: қиз, вазни 1450 гр,
– иккинчи чақалоқ: ўғил, вазни 1605 гр,
– учинчи чақалоқ: қиз, вазни 1495 гр,
– тўртинчи чақалоқ: ўғил, вазни 1585 гр,
– бешинчи чақалоқ: қиз, вазни 1205 гр.

Ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида она ва чақалоқлар Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалига ўтказилди.

«Айни пайтда 5 нафар эгизак ва уларнинг онаси малакали тиббиёт ходимлари назоратида ўзларини яхши ҳис этмоқда», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Июн ойида ҳам Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиалида 4 нафар эгизак дунёга келганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид