Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда уй хизматчиси 91 ёшли аёлни қийнаб келгани аниқланди
Уй хизмати ва кекса ёшдаги аёлга қараш учун ёлланган қиз яширин равишда уй эгаларининг бувисини қийнаб, калтаклаб келган. Ожиз аҳволдаги аёл яқинларига бу ҳақда айтиб беролмаган. Хизматчининг қилмиши яширин камера орқали фош этилган.
Тошкент шаҳрида кекса ёшдаги аёлни қийнаб келган қиз жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмига кўра, 33 ёшли Ю.У. пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонлардан бирида уй хизматчиси бўлиб ишлаган. У 3-4 ой давомида хонадонда истиқомат қилувчи 91 ёшли Р.Н.ни мунтазам равишда уриб, қийнаб келган.
Унинг бу ҳаракати уйдаги яширин камера орқали фош этилган.
Уй хизматчиси судда айбига иқрор бўлган.
“Менга хонадонда тозалик ишларини амалга ошириш ва 91 ёшли бувига қараш вазифаси юклатилганди. Ҳар ойда бир-икки маротаба дам олиш кунлари берилганди. Ойлик иш ҳақим 7 млн сўм бўлган.
2025 йил тахминан декабр ойида доимий ишлаб чарчаганим сабабли бувижонни ҳожатхонага олиб кирган вақтимда уни уриб, тан жароҳати етказдим. Бу ҳолат 2026 йил 19 март кунига қадар давом этиб келди. Бош, бўйин ва қўл қисмларига уриш орқали унга доимий равишда тан жароҳати етказиб келганман”, деган судланувчи ўз кўрсатмасида.
19 март куни эрталаб Р.Н. эрта уйғониб, ҳожатхонага боришини айтган. Ю.У. доимгидек қўли билан унинг бош ва юз қисмига уриб, тан жароҳати етказган. Кейин хонага қайтиб келишган. Шу пайт хонага бувининг невараси кирган ҳамда ҳол-аҳвол сўраган. Буви эса ҳеч нарса демасдан йиғлаб юборган.
Шундан сўнг уй эгалари хонадонга ўрнатилган яширин камералардаги тасвирларни кўриб чиқишган ҳамда уй хизматчисининг қилмиши фош бўлган.
ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судининг 2026 йил 18 июндаги ҳукми билан Ю.У. Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
11:10 / 01.07.2026
Тошкентда Tracker ва BYD иштирокида ЙТҲ содир бўлди
09:30 / 23.06.2026
Тошкентда бўёқ ҳидидан заҳарланган уч фуқаро қутқарилди
11:45 / 22.06.2026
Ўзбекистонда одамсимон роботлар ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди
08:51 / 22.06.2026