Жаҳон | 11:05
1323
2 дақиқада ўқилади

Канада Германиядан 12 та замонавий сувости кемасини сотиб олади

Канада Германиянинг TKMS компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган 212CD русумли 12 тагача ноядровий сувости кемасини харид қилишга қарор қилди. Берлин ушбу қарорни НАТО доирасидаги мудофаа ҳамкорлигини мустаҳкамлайдиган муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.

Фото: Carsten Rehder/dpa

Германия канцлери Фридрих Мерц Канада Германиянинг TKMS (Thyssenkrupp Marine Systems) компаниясини танлаганини «кучли сиёсий сигнал» деб атади. Унинг таъкидлашича, бу қарор НАТО саммити арафасида трансатлантик ва Европа давлатлари ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Аввалроқ Канада бош вазири Марк Карни мамлакат Германия ва Норвегия ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 212CD туридаги 12 тагача ноядровий сувости кемасини сотиб олишини расман эълон қилган эди.

Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг айтишича, ушбу лойиҳа амалга оширилса, Германия, Норвегия ва Канаданинг бирлашган сувости флоти дунёдаги энг йирик ва энг замонавий ноядровий сувости кучларидан бирига айланади.

Унинг сўзларига кўра, уч давлат жами 24 та сувости кемаси орқали Шимолий Атлантика, Арктика ва Узоқ Шимол ҳудудларида тўпланган разведка маълумотларини тезкор алмашиш, таҳлил қилиш ва улардан биргаликда фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу НАТОнинг Арктикадаги хавфсизлик стратегиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул ҳам Канада танловини юқори баҳолаб, Оттава дунёдаги «энг яхши ноядровий сувости кемалари»ни танлаганини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур битим Германия, Норвегия ва Канада ўртасида мудофаа ҳамда саноат соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради.

Маълум қилинишича, миллиардлаб евролик ушбу шартнома учун TKMS компанияси Жанубий Кореянинг Hanwha Ocean компанияси билан рақобатлашган. Кемаларга кейинги ўн йилликларда хизмат кўрсатиш ва уларни эксплуатация қилиш харажатлари ҳам инобатга олинганда, битимнинг умумий қиймати тахминан 100 миллиард еврога етиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид