Жаҳон | 09:56
1426
5 дақиқада ўқилади

Ҳамас Ғазодаги фуқаролик ҳукуматини тарқатиб юборди

Ҳамас Ғазо секторини қарийб йигирма йилдан бери бошқариб келган ҳукуматни тарқатиб юборди ва ҳокимиятни фаластинлик технократлар гуруҳига топширишга тайёрлигини маълум қилди. Гуруҳ ўз назорати остида қолган ҳудудларда хавфсизлик ва тартибни сақлашни давом эттиради.

Фото: AP Photo

Ғазо шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Ҳамас ҳукумати медиа идораси раҳбари Исмоил ал-Славабта назорат органи ҳисобланган «Ҳукумат фавқулодда қўмитаси» тарқатиб юборилганини айтди.

«Бу келишилган чораларни амалга оширишдаги жиддийлигимизни кўрсатади ва маъмурий ўтиш жараёнини осонлаштириш мақсадини кўзлайди», деди Исмоил. Reutersнинг Ҳамас расмийсига таяниб ёзишича, вазирликларнинг ўзи ва тайинланган ходимлар ўз жойида қолади

Ҳамас расмийсининг билдиришича, гуруҳ Ғазо ҳудудида Исроилнинг геноцид кўринишидаги урушига чек қўйиш бўйича АҚШ қўллаб-қувватлаётган режа асосида — Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмитанинг тезроқ ҳудудга киришини истайди.

«Ҳамас – ўз тажовузи ва қирғинбарот урушини давом эттираётган оккупация учун ҳар қандай баҳоналарни йўқ қилиш мақсадида эндиликда Ғазо секторини бошқармаслик бўйича янги қадам ташлади», дея Ҳамас расмий вакили Ҳазим Қосимнинг сўзларини келтирмоқда AFP.

Ғазо шаҳридан хабар бераётган Al Jazeera мухбири Хани Маҳмуднинг айтишича, Ҳамаснинг ушбу баёноти «сиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга».

«Бу музокараларни олға силжитиш, технократик қўмитанинг секторга келиши ҳамда у ердаги ҳокимият вакуумидан сўнг масъулиятни ўз зиммасига олишига йўл очиш учун Ҳамас томонидан қилинган ён босишларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда», дейди у.

Шунингдек, Маҳмуд ушбу қадам – Ҳамаснинг Ғазодаги сиёсий ёки ҳарбий ролидан воз кечаётганини англатмаслигини, аксинча, «Ғазодаги бевосита фуқаролик ҳукуматидан чекинаётганини» таъкидлади.

Миллий қўмита баёноти

Ўтган йилнинг октябрь ойида Ғазода АҚШ воситачилигида Исроил билан ўт очишни тўхтатиш бўйича «келишув» кучга кирганидан бери, гуруҳ кундалик бошқарувдан чекинишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган, бироқ уни қуролсизлантириш масаласи ҳамон ҳал этилмаган.

Трамп томонидан қўллаб-қувватланаётган режага кўра, Ҳамас назоратни фаластинлик технократлар гуруҳи — Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмитага топшириши керак.

Мазкур Миллий қўмита раҳбари Али Шааснинг маълум қилишича, 15 нафардан иборат қўмита «зарур ресурслар ва иш фаолияти учун тегишли шароитлар яратилиши» билан Ғазода масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр.

2026-07-08 09.44.33
Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмита аъзолари

«Комиссия муваффақиятининг асосий шартлари — аниқ ҳуқуқий доирадаги ягона ҳокимият, ягона қонун ҳамда ушбу ҳокимиятга бўйсунувчи ягона қурол мавжудлигидир», деб ёзди Шаас.

Сулҳни назорат қилувчи Тинчлик кенгаши ҳам Ҳамаснинг ушбу қадами қайд этилганини маълум қилди. Бироқ кенгаш якуний баҳо — амалий ишларга асосланишини қўшимча қилди.

Младеновнинг қайд этишича, қолган ижро қоидалари бўйича келишувга эришилгач, Миллий қўмита ўз вазифаларини бажаришга кириша олади.

Аммо, Исроилнинг қамал остидаги анклавга киришга эътирозлари сабабли Миллий қўмита бир неча ойлардан бери Ғазодан ташқарида қолиб келмоқда.

Исроил Ҳамас баёнотини рад қилди

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар эса Ҳамаснинг баёнотини рад этди. «Ҳамаснинг технократик ҳукуматга жой бўшатишга тайёрлиги шунчаки гуруҳнинг ўзини қуролсизлантиришдан қочишига қаратилган», деб ёзди Саар.

Унинг айтишича, «модомики Ҳамас ўз қуролларини сақлаб қолар экан, ҳар қандай фуқаролик ҳукумати Ҳамаснинг айтгани билан иш юритади.

Исроил Трамп режасининг тўлиқ бажарилишини, жумладан, Ҳамаснинг қуролларини топширишини талаб қилмоқда.

Ҳамас эса Исроилни оташкесимни мунтазам бузишда ва ўз қўшинларини Ғазодан олиб чиқиб кетиш шартларини бажармасликда айблади. Шу боис Ҳамас Исроил Ғазодаги ҳужумларини тўхтатмагунча қуролсизланишдан бош тортмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид