Ўзбекистон | 13:57
2913
2 дақиқада ўқилади

Иссиқ туфайли Қорақалпоғистондаги боғчалар вақтинча ёпилади

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ва яна 8 та туманда жазирама иссиқ туфайли боғчалар фаолияти вақтинча тўхтатилади. 13 июлдан 18 июлгача бўлган чеклов СЭС тавсияси билан болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.

Фото: Kun.uz

Қорақалпоғистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги об-ҳаво кескин исиб кетиши муносабати билан ҳудуддаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилишини маълум қилди.

Ушбу чора болалар соғлиғини аномал иссиқлик таъсиридан ҳимоя қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилингани қайд этилган.

Шаҳар ва туман ҳокимлари қарорларига мувофиқ, боғчалар қуйидаги муддатларда ишламайди:

  • Нукус шаҳри – 13 июлдан 18 июлгача;
  • Хўжайли тумани – 13 июлдан 18 июлгача;
  • Амударё тумани – 13 июлдан 15 июлгача;
  • Беруний тумани – 13 июлдан 17 июлгача;
  • Тахиатош тумани – 13 июлдан 17 июлгача;
  • Шуманай тумани – 13 июлдан 17 июлгача;
  • Мўйноқ тумани – 13 июлдан 17 июлгача;
  • Қонликўл тумани – 13 июлдан 17 июлгача;
  • Тўрткўл тумани – 13 июлдан 17 июлгача.

Боғчалар фаолиятини вақтинча тўхтатиш Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳудудий бўлимларининг тегишли хулоса ва тавсиялари асосида амалга оширилмоқда.

Шунингдек, мутасаддилар ота-оналардан фарзандларининг саломатлигига эътиборли бўлишни, куннинг энг иссиқ вақтларида уларнинг очиқ ҳавода узоқ вақт қолишига йўл қўймасликни ва зарур эҳтиёт чораларини кўришни сўраган.

Маълумот учун, Ўзгидромет 13–17 июл кунлари Ўзбекистонга жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келишидан огоҳлантирганди. Ҳарорат +44…+46 даражагача кўтарилади, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июлида ҳам ҳаво исиб кетиши туфайли Қорақалпоғистоннинг аксар ҳудудларида боғчалар вақтинча ёпилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид