Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эронга қарши янги зарбаларни эълон қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон Ҳўрмуз бўғозини ҳарбий назорат остига олишини ҳамда у ердан ўтувчи барча кемалар ташаётган юк қийматининг 20 фоизи миқдорида тариф жорий этилишини маълум қилди. Шунингдек, у Эронга қарши янги ҳарбий зарбалар давом эттирилишини ҳам эълон қилди.
Доналд Трамп 13 июл куни Truth Social ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида АҚШ Ҳўрмуз бўғозида хавфсизликни таъминлашни ўз зиммасига олишини билдирди.
«Биз Ҳўрмуз бўғозини назоратга олмоқдамиз. Энди АҚШ Ҳўрмуз бўғозининг қўриқчиси бўлади», — деб ёзди Трамп.
Унинг сўзларига кўра, мазкур қарор кучга кириши билан Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланувчи барча кемалар ташаётган юк учун 20 фоизлик тариф жорий этилади. Шу билан бирга, АҚШ Эрон кемалари ва Теҳрон билан ҳамкорлик қилаётган субъектларга нисбатан денгиз блокадасини қайта тиклайди.
Аввалроқ Fox News телеканалига берган интервюсида ҳам Трамп АҚШ Ҳўрмуз бўғозини ўз назоратига олишини тасдиқлаб, Эрон билан аввал эришилган келишув Теҳрон томонидан бузилганини айтган. Шу сабабли Америка Эрон ҳудудига қарши янги ҳарбий амалиётларни амалга оширишини маълум қилди.
АҚШ Эронга қарши учинчи зарбалар тўлқинини амалга оширди
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Ҳўрмуз бўғози халқаро денгиз ҳуқуқи нормаларига мувофиқ ҳаракатланаётган барча кемалар учун очиқлигини билдирди. Шу билан бирга, АҚШ ҳарбийлари Эрондан келаётган таҳдидларга қарамай, минтақада эркин кема қатновини таъминлашга тайёр эканини маълум қилди.
Шу куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ҳудудига қарши бир ҳафта ичидаги учинчи ҳаво ҳужумларини амалга оширди. Эрон давлат телеканали Press TV Теҳрон ҳамда Сирик, Конарак, Чобаҳор, Жаск ва Бандар-Аббос шаҳарларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушгани ва портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
CENTCOM маълумотига кўра, янги ҳужумларга Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг Кипр байроғи остида ҳаракатланган GFS Galaxy контейнер кемасига қилган ҳужуми сабаб бўлган. Ҳодиса оқибатида экипаж аъзоларидан бири бедарак йўқолган, кемада ёнғин чиққан ва машина бўлимига жиддий шикаст етган.
Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпишини эълон қилди
ИИМК Денгиз кучлари АҚШнинг минтақадаги ҳаракатлари тўхтатилмагунча Ҳўрмуз бўғозини ёпишини маълум қилди. Шунингдек, Эрон Форс кўрфазидаги бир қатор давлатларга зарбалар берганини, асосий нишонлар АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базалари бўлганини таъкидлади.
Тинчлик келишуви бузилди
17 июн куни АҚШ ва Эрон ўртасида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда Ҳўрмуз бўғозидаги блокадани бекор қилишни назарда тутувчи ҳадли келишув имзоланган эди. Бироқ 25 июн куни Эронга тегишли дрон-камикадзе Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган фуқаролик танкерига ҳужум қилди. Бунинг ортидан АҚШ Эрон ҳудудига бир неча марта ҳаво зарбалари берди.
8 июл куни НАТО саммитида Доналд Трамп Эрон билан имзоланган ўзаро англашув меморандуми амал қилишдан тўхтаганини маълум қилди. У Вашингтон Эронга қарши нефт санкцияларини қайта тиклаганини ҳам билдирди.
Шу билан бирга, Reuters агентлигига кўра, 11 июл куни бўлиб ўтган ёпиқ музокараларда эронлик расмийлар Ҳўрмуз бўғозидаги кемаларга қилинган янги ҳужумлар учун масъулиятни «назоратдан чиққан айрим тузилмалар» зиммасига юклаган ва АҚШ билан музокараларни давом эттиришга тайёр эканини билдирган.