Ўзбекистон | 18:00
2160
11 дақиқада ўқилади

“Poytaxt Parking” атрофида мунозара: жарима, эътирозлар ва изоҳлар

Тошкент шаҳрига йўлбўйи пулли автотураргоҳлар албатта керак, лекин бу тизим аввалбошдан хатолар устига қурилди, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров. Расмийлар эса бошқа фикрда: шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев бу лойиҳани ҳокимликнинг бошқа лойиҳалари орасида энг муваффақиятлиси деб атади. Kun.uz томонлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўлбўйи пулли автотураргоҳдан фойдаланиб, пулини тўламаган шахсларни БҲМнинг 2 баробари (1 сентябрдан бошлаб 880 минг сўм) миқдорида жаримага тортиш ташаббуси билан чиқди.

Ҳокимлик тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйгач, тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлди.

Kun.uz мавзу борасида фикр алмашиш учун Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев, жамоатчилик фаоли ва иқтисодчи Отабек Бакиров, “Streetpark Systems” МЧЖ (йўлбўйи автотураргоҳлар оператори) директори Қудратбек Ёқубов ва компания ҳуқуқшуноси Даврон Аҳмадов иштирокида очиқ мулоқот ташкил этди.

Суҳбат иштирокчилари йўл ёқасида машинани қолдириб кетиш пулли бўлиши – катта шаҳарлар учун одатий ва зарурий чора эканини эътироф этди ва мулоқот мазкур тизим нечоғлик тўғри ташкил этилгани, маъмурий жарима жорий этишнинг асослилиги каби масалалар атрофида кечди.

Отабек Бакиров: Пулли автотураргоҳлар мутлақо зарур бўлса-да, 2024 йил ноябр ойидан бошлаб Тошкент шароитида пулли тўхташ тизимини яратиш, шакллантириш ва ривожлантиришда йўл қўйиш мумкин бўлган барча хатоларга йўл қўйилди. Хатолар биринчи кундан, яъни пулли тўхташ тизими бўйича биринчи аукционни ташкил этишдан бошланди. Энг катта хато Тошкентнинг барча кўчаларини битта лот сифатида аукционга қўйиш бўлди. Бошиданоқ битта инвестор ёки оператор бутун шаҳарни тартибга солувчи тизим ярата олмаслиги аниқ эди. Даъвогарларда бундай кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш учун зарур молиявий, техник ва ҳуқуқий ресурслар етишмасди.

Икки яхшироқ йўл бор эди. Биринчиси, биз бир нечта лотлар билан аукционлар ташкил қилиб, Тошкентда бир нечта операторнинг ишлашига имкон беришимиз керак эди. Иккинчи йўл, кўплаб Шарқий ва Ғарбий Европа мамлакатларида қўлланган “очиқ бозор” тизимини яратиш эди. Бу моделда бутун тўхташ тизими муниципалитет (ҳокимлик) назорати остида бўлади ва маълум мезонларга жавоб берадиган ҳар қандай оператор хизматлар кўрсатиши, тўловларни амалга ошириши ва содиқлик тизимлари ҳамда обуналар орқали рақобатлашиши мумкин, бунда даромадни шаҳар олади ва операторларга комиссия тўлайди.

2024 йил ноябр ойида 80 та кўчадаги тахминан 111 километр масофа битта лот сифатида аукционга қўйилди. Бир компания 120 миллиард сўмлик таклиф билан ғолиб чиқди, аммо икки ҳафта ўтгач, аукцион кутилмаганда бекор қилинди. Декабр ойида янги аукцион ўтказилди ва ҳозирги фаолият юритаётган компания қарийб 62 миллиард сўмлик таклиф билан ғолиб бўлди.

Бир ярим йилдан ортиқ вақт ўтди ва биз ҳали ҳам оператор ва шаҳар ҳокимияти ўртасидаги шартнома шартларини билмаймиз. Биз шаҳар мажбуриятлари, оператор масъулияти, инвестиция шартномасининг тафсилотлари ёки томонларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмаймиз. Ушбу хизмат истеъмолчилари сифатида бизда етарлича маълумот йўқ ва бизнинг олдимизда ҳеч қандай ҳисобдорлик мавжуд эмас. Биз автотураргоҳ ҳуқуқи учун 62 миллиард сўмлик тўловнинг қанча қисми тўланганини ҳали ҳам билмаймиз. Шунингдек, дастурий таъминот ҳуқуқлари учун қанча пул тўланганини ҳам билмаймиз. Компания 2025 ва 2026 йилларда шаҳар ривожланиш жамғармасига қанча пул тўлагани номаълум. Шунингдек, инвестиция шартномаси қай даражада бажарилганидан ҳам бехабармиз.

Шаҳар ҳокимияти тақдим этган маълумотларга кўра, танланган компания автотураргоҳ тизимидан фойдаланаётган ҳайдовчиларнинг атиги 2-3 фоизидан тўловларни йиғаётгани маълум бўлди. Бу жиддий муаммо борлигини аниқ кўрсатади ва операторни танлашда катта хатога йўл қўйилганининг яққол белгисидир.

Абдураҳмон Бахтиев: Биринчи аукцион ғолиби 120 миллиард сўмгача таклиф берган иштирокчи, эҳтимол, бу бир марталик тўлов эмас, балки йиллик ижара ҳақи экани ва уни тўлай олмаслигини англагач, воз кечган. Иккинчи ўринни эгаллаган иштирокчи ҳам катта маблағ тўланишини тушунгач, воз кечган. Натижада аукцион ташкилотчиси қонунчилик тартиб-қоидаларига мувофиқ аукционни автоматик равишда қайта бошлашга мажбур бўлган. Бунда ҳеч қандай ёмон ният бўлмаган; бу табиий, қонун билан белгиланган жараён эди.

Отабек Бакиров: Ҳозирда “Poytaxt Parking” сифатида фаолият юритаётган якуний ғолиб биринчи бекор қилинган аукционда иштирок этганми?

Абдураҳмон Бахтиев: Ҳа, “Streetpark Systems” биринчи аукционда қатнашиб, ютқазган. Бу компания ўша вақтда янги ташкил этилган бўлгани, дастлабки ғолиблар воз кечиб, янги аукцион ўтказилгач, унда ғолиб чиққани вазиятни ташқаридан қараганда келишилган қилиб кўрсатиши мумкин.

Отабек Бакиров: Нима учун назорат органлари томонидан бу ғайриоддий воқеалар кетма-кетлиги бўйича комплаенс текширув ўтказилмади?

Абдураҳмон Бахтиев: Мен жорий йил январида шу лавозимга келганимдан сўнг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан суҳбатлашганман. Улар ҳам шу паркинг масаласини ўрганиб, қанчалик тўғри эканини кўриб чиқишни сўрашган. Мен ўрганиш олиб бориб, у ерда ҳеч қандай хатолик бўлмаганига ўзим амин бўлдим.

Отабек Бакиров: Ҳар қандай аукциондан мақсад иложи борича қимматроқ сотиш бўлиши керак. Бунинг учун эса талабгорлар сонини кўпайтириш лозим. Ноябрдаги аукцион бекор бўлганидан кейин, жуда катта очиқлик ва реклама кампанияси кетиши, аукционга кўпроқ компанияларни, ҳатто хориждан ҳам талабгорларни жалб қилиш керак эди. Лекин апил-тапил, зудлик билан икки ҳафтанинг ичида қайтадан аукцион ўтказилганининг ўзи жуда катта муаммо.

Нима сабабдан ҳатто катта суммада хайрия қиладиган одамлар автотураргоҳга келганда 12 минг сўм тўлашга қорни оғрияпти? Чунки улар 12 минг сўм тўлаш билан шаҳардаги инфратузилманинг яхшиланиши ўртасидаги боғлиқликни кўрмаяпти. Улар буйраги операция бўлаётган одамга 1 млн сўм бериб, унга ёрдам бераётганини тушуниб етяпти, лекин 12 минг сўм тўлаб, Тошкент шаҳридаги тирбандлик йўқолишига, жамоат транспорти яхшиланишига ишонмаяпти. Муаммо мана шу жойда.

Абдураҳмон Бахтиев: Кўплаб кўчалар битта лотда аукционга қўйилганига келсак, бу – шаҳар ва Ўзбекистон учун янги тажриба ҳамда уни тез ва бир хил стандарт асосида амалга киритиш учун ягона катта лот қилишга қарор қилинган. Сабаби, битта оператор билан шу механизмни ишлаб олиб, ҳамма камчиликларни ўрганиб олиб, кейинги босқичларда янги ҳудудларни лотларга бўлиб чиқармоқчимиз.

Отабек Бакиров: Кесишувчи кўчаларни битта лотга киритиш рақобатга путур етказади. Масалан, Бухоро кўчаси, Матбуотчилар кўчаси ва Нуронийлар кўчаси кесишувчи кўчалар бўлгани учун битта лотга тушмаслиги керак. Сиз аллақачон энг рақобатли, энг жозибадор кўчаларни биринчи лотда бериб бўлдингиз ва энди у ерда рақобат муҳитини ярата олмайсиз.

Абдураҳмон Бахтиев: Мен ташқаридан келган янги одам сифатида лойиҳани таҳлил қилганимдан кейин шундай тасаввур пайдо бўлди: бошқа шаҳарларнинг тажрибасида кўча четидаги парковкаларни жорий этишга 10 йиллаб вақт кетган, бизда эса бир-бир ярим йил ичида маълум бир тажриба шаклланди. Тўғри, камчиликлар бор, лекин барибир буни ҳокимиятнинг бошқа лойиҳаларига нисбатан энг муваффақиятлиси деб ҳисоблайман.

Отабек Бакиров: Аукцион натижалари бекор қилиниши керак, деб ҳисоблайман. Шартнома бекор қилиниб, ҳокимият бутун парковка тизимини ўзининг назоратига қайтариши ва буни операторларга очиқ бозор тизимида таклиф этиши керак. Бу ерда шартли мисол сифатида айтсам, Yandex ҳам, Uzum ҳам, банклар ҳам рақобатлашиши мумкин. Шунда Тошкент шаҳар бюджети ва истеъмолчилар ютади.

Абдураҳмон Бахтиев: Ҳокимият келажакда рақобатни ва автотураргоҳларда бўш жой бўлишини нарх-наво билан бошқармоқчи. Доналд Шоупнинг назариясига кўра, автотураргоҳнинг бандлик даражаси 80-85 фоиздан ошмаслиги керак. Бунга эса тариф билан эришилади. Масалан, Сан-Францискода энг жозибадор кўчада нархни 1 доллардан 1,5 долларга ошириб, камроқ талаб бўлган кўчаларда 50-75 центга туширишган. Биз ҳам ҳар бир кўча учун ўзининг тарификациясини жорий этиб, идеал балансга олиб келмоқчимиз.

Аукционни бошқадан ўтказиш борасида ҳокимиятнинг позицияси шундаки, ягона катта лот – тез ва бир хил стандартни жорий этиш учун қилинган. Бу биринчи босқич учун ўртача лот. Биз келажакда, кейинги босқичларда яна бошқа кўчаларни лотларга бўлиб, янги аукционларга чиқаришни режалаштирганмиз. Бу охирги қарор эмас.

Отабек Бакиров: Нима учун операторнинг тўловлари ва уларнинг тақсимланиши ҳақида очиқ маълумот йўқ? Ахир истеъмолчи 12 минг сўмни нима учун тўлаётганини ва бу пул қандай тақсимланишини билишга ҳақли эмасми?

Абдураҳмон Бахтиев: Ҳозирги кунга қадар жами 33 миллиард сўм олганмиз. Бунинг ичида икки хил тўлов бор: ижара тўлови ва автотураргоҳдан тушумнинг бир қисми. Ижара тўловининг 65 фоизи ҳокимиятга, қолган қисми эса бўлинишга қараб бошқа ташкилотларга тушади.

Бу ерда аниқлик киритишимимиз керак бўлган жойи бор. Айрим сабабларга кўра, биз шаҳарда йўлбўйи автотураргоҳлар учун аукционда ўйналган 13 мингта автотураргоҳ ўрнининг ҳаммасини ҳам беролмадик. Қайсидир жойларда давлат стандартларига асосан, қайсидир жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш зарурати туфайли йўлбўйи автотураргоҳ қилишнинг имкони бўлмади. Шу сабабли 5300 та жойга рухсат беришга мажбур бўлдик. Шу сабабли йиллик ижара тўлови аукционда белгиланган 62-63 млрд сўм миқдорида эмас, автотураргоҳ ўринлари сони 13 мингтадан амалда 5300 тага камайгани туфайли, шу миқдордан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Мунозарали кечган суҳбатни тўлиқ видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мадина Очилова
Муаллиф Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид