Иқтисодиёт | 16:50 / 09.10.2025
3218
3 дақиқада ўқилади

Bloomberg: НКМК келгуси 5 йил ичида олтин ишлаб чиқаришни 30 фоизга оширади

Навоий кон металлургия комбинати 2030 йилга бориб олтин ишлаб чиқаришни 4 миллион унциягача етказади. Бу 2025 йилда бошланган ривожланиш дастури доирасида амалга оширилади – дастур ҳар йили 600 миллион долларгача сармоя киритишни ўз ичига олади.

Фото: НКМК

Ўзбекистоннинг Лондон биржасида акцияларини жойлаштиришни кўриб чиқаётган “Навоий кон-металлургия комбинати” (НКМК) кейинги беш йил ичида олтин ишлаб чиқаришни 30 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Бу компаниянинг дунёдаги етакчи олтин ишлаб чиқарувчилар орасидаги ўрнини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Компания матбуот хизматининг Bloomberg’га маълум қилишича, ишлаб чиқаришни 2030 йилга бориб 4 миллион унциягача етказиш 2025 йилда бошланган ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилади. Бу дастур ҳар йили 600 миллион долларгача сармоя киритишни ўз ичига олади.

Давлатга қарашли НКМК ўтган йилда 3,1 миллион унция олтин ишлаб чиқариб, ўз мақсад кўрсаткичига эришган ҳамда Россиянинг “Полюс” компаниясини ортда қолдириб, дунёдаги тўртинчи йирик олтин ишлаб чиқарувчи компанияга айланган.

“Жорий йилда Ўзбекистон хусусийлаштириш дастурини жадаллаштирар экан, НКМК Citygroup Inc., Morgan Stanley ва JPMorgan Chase& Co. банклари билан ҳамкорликда Лондон ва Тошкентда бирламчи оммавий акциялар жойлаштириш (IPO) имкониятини ўрганмоқда. Август ойида бу жараён билан таниш манбаларга кўра, компания тахминан 20 миллиард долларлик баҳоланишга эришишни мақсад қилган”, - деб ёзди нашр.

Комбинатнинг янги ривожланиш дастури доирасидаги асосий лойиҳалар — Мурунтов конини кенгайтириш ва йилига 30 миллион тонна руда қайта ишлаш қувватига эга янги завод қуришдан иборат.

Ўзбекистон Марказий банки ҳозирча НКМК олтинининг асосий харидори ва экспортини амалга оширувчи ташкилот бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, компания аста-секин ички сотувларни ошириб, маҳаллий заргарлик саноатини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.

Сентябр ойидаги ҳисоботга кўра, НКМК даромади йилнинг биринчи ярмида 41 фоизга ошиб, 4,7 миллиард долларга, EBITDA (фойда кўрсаткичи) эса 52 фоизга ошиб, 3,1 миллиард долларга етган.

Аввалроқ. НКМК 2025 йилнинг I ярмида олтиндан рекорд даражада фойда ва даромад кўргани маълум қилинганди. Комбинат 2025 йилнинг 6 ойида 1,52 миллион троя унция отин ишлаб чиқарди. Бу даврда компания даромади 40 фоизга, соф фойдаси эса 71,8 фоизга ўсди. Шу билан бирга олтин ишлаб чиқариш таннархи 28 фоизга ошди – бу рақамлар сўнгги йилларда ўсиб боряпти.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид