Иқтисодиёт | 17:28 / 16.08.2025
5324
2 дақиқада ўқилади

НКМК дуал листингда 20 млрд долларлик компанияга айланмоқчи

Навоий кон-металлургия комбинати олтин нархлари энг чўққисига чиққан жорий йилда IPO ўтказиб, 10-15 фоиз акциясини Лондон ва Тошкент фонд биржаларига жойлаши кўзда тутилган. Bloomberg'нинг ёзишича, компания дуал листинг натижасида қарзларини ҳам қўшганда 20 млрд долларлик корхона қийматига эришмоқчи. Ҳамкор банклар сифатида Citi, Morgan Stanley ва JPMorgan танланган.

Фото: НКМК матбуот хизмати

Олтин қазиб олиш ҳажми бўйича дунёдаги тўрта энг йирик компаниядан бири – Навоий кон-металлургия комбинати жорий йилга белгиланган IPO натижасида 20 млрд долларлик корхона қийматига эришмоқчи. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, Bloomberg хабар тарқатди.

Ўзбекистон президентининг шу йил апрел ойидаги фармонига асосан, НКМК 2025 йилнинг иккинчи ярмида дуал листинг ўтказиб, жами 10-15 фоиз акциясини халқаро ва маҳаллий бозорларга чиқариши белгиланган.

Бу IPO дунёда олтин нархи тарихий максимумларни янгилаган йилга тўғри келмоқда. Апрел ойида нарх мутлақ рекорд – унциясига 3500 долларгача кўтарилган эди.

Bloomberg суҳбатлашган икки манбага кўра, НКМКдагилар бу йил олтин нархлари 30 фоизга ошгани ва бошқа олтин ишлаб чиқарувчиларнинг савдоси кескин кўпайганидан келиб чиқиб, IPO якунларига кўра компаниянинг қиймати қарзлари билан бирга 20 млрд доллар атрофида бўлишини кутмоқда.

Компания Лондон ва Тошкент фонд биржаларидаги листинг учун ҳамкорлар сифатида Citigroup Inc, Morgan Stanley ва JPMorgan Chase & Co.ни танлаган. Citi ва JPMorgan аввалроқ НКМКга Лондон фонд биржасига облигация жойлаштиришга ёрдам берган.

Маълумот учун, НКМК 2024 йил октябр ойида ўзининг илк еврооблигацияларини чиқариб, иккита траншда жами 1 млрд сўм жалб қилган. Бунда, 4 йиллик қимматли қоғозлар 6,7 фоиз, 7 йиллик бондлар 6,95 фоиз даромадли шартларда жойланган. 2025 йил майида яна 500 млн долларлик бондлар 5 йил муддатга, 6,75 фоиз ставкада жойланиб, маблағнинг бир қисми кредит портфелини қулайроқ шартларда оптималлаштиришга йўналтирилган.

Аввалроқ, Bloomberg март ойидаги хабарида комбинат листинг бўйича маслаҳатчи сифатида Rothschild & Co. билан ишлаётганини ёзганди.

2024 йилги молиявий ҳисоботига кўра, НКМК 2024 йилда 3,1 млн унция олтин ишлаб чиқариб, 7,4 млрд доллар, хусусан қарийб 4 млрд доллар операцион соф фойда олган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид