Ўзбекистон | 09:35 / 07.05.2023
12776
2 дақиқада ўқилади

“Адолатли солиқ сиёсати керак” — “Юксалиш” ҳаракати P2P назоратини қайта кўриб чиқишга чақирди

Солиқ органлари картадан картага ўтказмаларни назорат қила бошласа, қонун устуворлигига жиддий путур етади, нақд ва нақдсиз тўловлар ўртасидаги фарқ ошиб кетади, дея баёнот билан чиқди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати. Ҳаракатнинг таъкидлашича, иқтисодиётни соядан чиқариш учун тенг ва адолатли солиқ сиёсатини юритиш, бозор иқтисодиёти тамойилларига амал қилиш керак.

Фото: Getty Images

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳукуматни P2P ўтказмалари тўғрисидаги масалани қайта кўриб чиқишга чақирди. Ҳаракат бу борада Марказий банкнинг позициясини қўллаб-қувватлаб чиқди.

“Юксалиш” картадан картага ўтказмалар солиқ органларининг назоратида бўлиши кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлаб, бу – 1 майдан эътиборан кучга кирган ва тўғридан тўғри амал қилаётган янги таҳрирдаги конституцияга зид эканини билдирган.

“Конституциямизда банк операцияларининг сир тутилиши кафолатланган (41-модда) ҳамда инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган (20-модда)”, – дея эслатилган расмий муносабатда.

Фаолларга кўра, бу амалиёт акс самара бериб, қуйидаги салбий оқибатларни келтириб чиқаради:

  • фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини поймол этган ҳолда, қонун устуворлиги тамойилига жиддий путур етказади;
  • нақд шаклдаги тўловларга талабни оширади, банк тизимидан маблағлар норасмий бозорга кўчади ва амалда хуфиёна иқтисодиёт кўлами ортади;
  • нақд ва нақдсиз тўловлар ўртасидаги тафовутнинг ортишига олиб келади.

“Шу муносабат билан, иқтисодиётни соядан чиқаришда мавжуд имкониятларни самарали ишга солиш, солиқ тўловчилар учун тенг ва адолатли солиқ сиёсатини юритиш, бозор иқтисодиёти тамойилларига амал қилиш каби жиҳатларга устуворлик бериш муҳим саналади

Юқоридагиларга кўра, банк карталаридаги P2P ўтказмалари тўғрисида ахборотни солиқ органларига тақдим этиш бўйича Марказий банк позициясини қўллаб-қувватлаймиз ва ушбу масала қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз”, – дейилади “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати баёнотида.

Мавзуга оид