Ўзбекистон | 08:22 / 01.02.2023
16185
6 дақиқада ўқилади

Telegram'дан кўчирилган “миллий мессенжер”: унинг обунаси ўн минглаб давлат хизматчиларига сотилади

Тендерсиз танлаб олинган “UNICON-SOFT” МЧЖ ишлаб чиққан “Humo Messenger” учун Telegram'нинг очиқ кодларидан фойдаланилган. Давлат ташкилотлари ҳар бир ходими бу “ихтиро” учун ойига 25,2 минг сўмдан абонент тўлови тўлаши керак. Рақамлаштириш вазирлиги бу давлат хизматчиларининг ёзишмалари хавфсиз бўлиши учун муҳимлигини билдириб, ундан фойдаланиш мажбурий эмаслигини айтмоқда.

Humo Messenger

Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ходимлари учун миллий мессенжер ишлаб чиқилди.

«2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига биноан, миллий мессенжерни ишлаб чиқиш бўйича буюртма тўғридан тўғри «UNICON-SOFT» МЧЖга берилган.

Қизиқ тарафи, «Humo Messenger» – миллий мессенжерини ишлаб чиқувчилар унинг дизайни ва созламаларини дунёдаги машҳур мессенжерлардан бири – Telegram'дан деярли бирга-бир кўчириб қўйишган.

«Ооо, зўрку, ва ниҳоят миллий мессенжер ишлатар эканмиз» дея хурсанд бўлиб, ўша дастурни ишлатмоқчи бўлдим. Аммо дастурни очишим билан, бу Telegram'ми ёки Humo'ми, деб адашиб қолдим. Шоввозларимиз бирга-бир Telegram'дан кўчиришибди. Яна номи Ўзбекистоннинг миллий мессенжери эмиш... UNICON-SOFT’га биттагина саволим бор: бу шармандаликка қандай чидайсизлар?» – дея янгиликка муносабат билдирди блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Боз устига давлат ташкилотлари ходимлари текин ва оригинал аналоги турганда, бу «ихтиро» учун ҳар ой 25 200 сўмдан абонент тўлови тўлаши керак.

Гарчи 25 минг сўм кичик сумма кўринса-да, юз минглаган давлат хизматчилари сонига кўпайтирилса, бир ойда 2 миллиард, бир йилда 30 миллиард сўм ёки 2,6 миллион доллардан ошади.

Агар 25,2 минг сўмлик абонент тўловини ходимлар тўламайди дейиладиган бўлса ҳам, ўз-ўзидан давлат ташкилоти ёки унинг қандайдир жамғармалари ҳисобидан қопланиши мумкин. Бу харажатлари йил сайин ошиб бораётган ҳукумат учун ортиқча юк бўлиши аниқ.

Мессенжер сайтида келтирилган маълумотларга кўра, бугунги кунда унинг расмий фойдаланувчилари сони 22 минг кишидан ортади.

Мессенжернинг ишлаб чиқувчиси – «UNICON-SOFT» МЧЖнинг 25 фоиз улуши Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «UNICON.UZ» Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази унитар корхонасига тегишли. Қолган 75 фоизнинг эгаси эса 4 нафар жисмоний шахс таъсисчилигидаги «Prosoft» МЧЖ ҳисобланади.

Юқорида келтирилган фармоннинг 1-иловаси 87-бандида ушбу миллий мессенжерни ишлаб чиқиш ва вазирлик тизимида синов тариқасида жорий этиш учун «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси» маблағларидан фойдаланиш кўрсатилган.

Лекин, Kun.uz мухбири билан гаплашган Рақамли технологиялар вазирлиги (собиқ АКТР) матбуот котиби Шерзод Аҳматов дастур "UNICON-SOFT" МЧЖнинг ўз маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилганини ва унга бюджетдан пул ажратилмаганини билдирди.

«Бу давлатнинг ахборот хавфсизлиги сиёсати билан боғлиқ. Давлат ташкилотлари ходимлари серверлари Ўзбекистонда турмайдиган хорижий мессенжерлардаги ўзаро ёзишмаларда ҳужжатларни алмашади. Бу ёзишмаларни хавфсиз қилиш учун миллий мессенжер бўлиши керак эди.

"UNICON-SOFT" тендерсиз танлаб олинганига сабаб – бу дастур текинга тайёрлаб берилгани ва барча талабга жавоб берадиган бошқа компания йўқлигидир. Агар яна биронта бошқа IT соҳасидаги компаниялар сервер қурилмалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган бошқа мессенжер ишлаб чиқиб, фойдаланишга киритса, унга ҳам ҳеч қандай қаршилик йўқ. Бундай месенжерлар қанча кўп бўлса, фойдаланувчиларга шунча имконият бўлади ва улар бир-бири билан рақобатлашади.

Давлат ташкилотлари ходимларига маълумотлари хавфсизлиги учун бу мессенжердан фойдаланишлари тавсия қилинади, лекин мажбурланмайди. Агар кимдир пул тўлашга мажбурланса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши мумкин», – дея вазирлик расмийсининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фармон ижросида миллий мессенжердан фойдаланиш учун абонент тўловини «UNICON-SOFT» МЧЖ билан тўғридан тўғри тузиладиган шартномалар асосида 2023 йил 1 январдан бошлаб доимий равишда ташкил этиш белгиланган. Бунда мессенжердан фойдаланувчилар маблағлари, яъни тўловлари уни юритиш учун асос бўлади.

«UNICON-SOFT» МЧЖнинг Kun.uz'га маълум қилишича, давлат хизматчиларида «янги тизимдан фойдаланиш кўникмаси ҳосил қилишга кўп вақт кетмаслиги учун» HUMO мессенжерини ишлаб чиқишда айнан Telegram мессенжерининг очиқ кодли интерфейсидан фойдаланилган.

«Telegram интерфейси ишлаб чиқарувчи томонидан очиқ кодлар платформаси Github'га GNU General Public License v2.0 лицензияси асосида жойлаштирилган. Ушбу лицензия тижорий мақсадлар, интерфейсни қайта ишлаш, ўзгартириш, тарқатиш ва ихтиёрий фойдаланиш ҳуқуқларини беради.

Нархи борасида. Аслини олганда хар бир фойдаланувчи учун бир ойлик харажатлар бундан юқори. Ҳар бир фойдаланувчи тизим серверига бир ой ўртача 2 Gb файл (баъзилар ундан кўп ёки камроқ бу ўрта ҳисобда олинган) юклаши ва мессенжерни тезкор ишлаши учун юқори тезликдаги интернет канал ва бошқа сервер ресурс харажатлари назарда тутилган», – дейилади компания берган изоҳда.

Маълумот учун, Humo мессенжери андозасидан фойдаланаётган, «дунёдаги энг тез ва хавфсиз мессенжер» дея позицияланадиган Telegram иловаси 2013 йилда Павел Дуров томонидан яратилган. 2022 йил ўрталарига келиб, унинг фаол фойдаланувчилари сони 700 миллиондан ошди.

Илова Ўзбекистондаги энг оммабоп мессенжер ҳамдир: расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 18 миллион киши бу иловадан фойдаланади.

Telegram ўз фойдаланувчиларидан (гарчи улар дунёнинг исталган давлатида бўлса-да) ҳеч қандай пул олмайди. Фақатгина 2022 йилга ўрталарига келиб, илованинг бепул версияси тўла сақланиб қолган ҳолда, унинг пулли – Premium версияси тақдим этилди.

Мавзуга оид