Ўзбекистон | 22:55 / 16.06.2021
48508
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Россиядан келган делегациянинг биргина кечки овқати учун бюджетдан 27 млн сўм харажат қилган

Россия қаҳрамонлари ассоциацияси вакиллари ўзбекистонлик солиқ тўловчилар ҳисобидан шоҳона меҳмон қилинди. Делегация Ўзбекистонда 4 кун қолиб, Тошкентдаги «City palace» меҳмонхонасига, уларни олиб келган самолёт экипажи эса «Wyndham» отелига жойлашган. Меҳмондорчиликдаги ичимликлар ва бошқа маҳсулотлар бозор нархидан каррасига қимматга тушган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Россия Давлат думасининг мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигидаги Россия қаҳрамонлари ассоциацияси жамоат ташкилотининг 28 кишидан иборат делегациясини қабул қилиб, улар учун 27,6 млн сўмлик меҳмондорчилик ташкил этган.

Бу – Тошкентда биргина бир марталик кечки овқат учун сарф бўлган бюджет маблағлари. Делегация эса фақат Тошкентда эмас, бир нечта вилоятларда ҳам бўлган, ҳокимликлар улар учун дастурхон ёзишган.

Жиззах вилоятининг Гагарин шаҳри. Делегация Юрий Гагарин ҳайкали пойига гул қўймоқда / Фото: "Постда"

Тошкентдаги меҳмондорчилик шаҳар ҳокимлиги ва «First Class» МЧЖ ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, 2021 йил 24 апрел куни «Crystal garden» ресторанида кечки овқат тарзида бўлиб ўтган.

Фото: Crystal garden
Фото: Crystal garden

Кечки овқатда истеъмол қилинган таомлар рўйхатини қимматлиги бўйича ассорти ва денгиз маҳсулотларидан ассорти 720 минг сўм билан бошқариб турибди. Бу таомларнинг ҳар биридан иккитадан буюртма берилган.

Шунингдек, меҳмонлар учун Chivas 12 вискисидан тайёрланган, стакани 62 минг сўмлик лимонаддан жами 20та, 385 минг сўмлик «Royal Elite» ароғидан 6 дона буюртма берилган.

Ресторандаги биргина кечки овқат учун шартномага асосан жами 27 млн 601 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ишлатилган.

Шуниси эътиборга моликки, ресторандаги маҳсулотлар бозор нархидан анча қимматга тақдим этилган.

Жумладан, 15 дона «импорт» Coca-Cola ичимлиги 33 минг сўмдан олинган. Бозорда ушбу ичимликнинг донаси қарийб 5500 сўмдан таклиф этилади.

Ресторанда 80 минг сўмдан олинган Тархун ичимлигининг 0,5 литрлисини бозорда 13 минг сўмдан, 1 литрлисини 16 минг сўмдан топиш мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган "Royal Elite" ароғи Россияда турига қараб 209 мингдан 285 минг сўмгача сотилиши маълум бўлди. Ресторанда бу ичимликдан 6 дона олинган бўлиб, бунинг учун солиқ тўловчиларнинг жами 2 млн 310 минг сўм пули сарфланган.

Меҳмондорчилик «Россия қаҳрамонлари ассоциацияси» делегациясини қабул қилиш бўйича 21 апрел кунги Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан ўтказилган. Фармойишда ташриф учун харажатларга давлат бюджетидан пул ажратилиши кўрсатилган.

Делегация Ўзбекистонда 4 кун давомида (22-25 апрел) меҳмон бўлиб, Тошкентдаги «City palace» меҳмонхонасига, уларни олиб келган самолёт экипажи эса «Wyndham» меҳмонхонасига жойлашган.

Делегация ташрифининг илк кунида меҳмонлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси номидан «Versal» ресторанида кечки овқат ташкил этилган.

Дарвоқе, касаба уюшмалари федерациясининг ҳам пули ўзиники эмас – бу пуллар меҳнаткаш ходимларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинадиган пуллардир.

Шунингдек, делегация Тошкент шаҳридан ташқари Жиззах, Сирдарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ҳам ташриф буюрган ва меҳмонлар учун ушбу вилоят ҳокимликлари номидан кечки овқат ва тушликлар ташкил этилган.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев делегацияни “Чеҳра” ресторан–мажмуасида кутиб олган.
Фото: Сирдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Сирдарё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Сўнгги вақтларда давлат ташкилотлари томонидан ҳашаматли харажатлар жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Мудофаа вазирлиги томонидан тилла ручкалар хариди, суд раислари ва бошқа мансабдорлар учун қимматбаҳо хизмат автомобилларининг сотиб олиниши бюджетдан ёки бюджетдан ташқари манбалардан амалга оширилишидан қатъи назар, жамоатчилик томонидан кескин қораланмоқда ва харидларда камтарликка чақирилмоқда.

Мавзуга доир:

Мавзуга оид