Ўзбекистон | 19:35 / 13.05.2026
3570
6 дақиқада ўқилади

Картадан картага пул ўтказмалари назорати ва ҳантавирус билан боғлиқ вазият – маҳаллий дайжест

Солиқ органлари савдо тушумларини шахсий картасига қабул қилиш орқали солиқдан қочаётган тадбиркорларга нисбатан «ов» бошлади. Санэпидқўмита Ўзбекистонда ҳантавирус бўйича вазият барқарорлигини маълум қилди. Тошкентдаги банкда фуқаронинг 500 минг доллар маблағи талон-торож қилинди. Энергетика вазири газ қазиб олиш ҳажмининг кескин қисқариб кетганига изоҳ берди. АҚШ билан меҳнат миграцияси бўйича янги келишувларга эришилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Картадан картага (P2P) пул ўтказмалари мониторинги бошланди

Солиқ органлари савдо тушумларини шахсий картасига қабул қилиш орқали солиқдан қочаётган тадбиркорларга нисбатан «ов» бошлади. Интернет фойдаланувчилари фуқароларнинг солиқ идорасига чақирилаётгани ҳақида ёзмоқда. Текширув доирасига айнан кимлар тушиши, шахснинг банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг олиниши учун белгиланган мезонлар очиқланмаяпти.

Солиқ қўмитаси хабарига кўра, P2P операциялар мониторинги, товарларни маркировкалаш ва бошқа чоралар орқали жорий йилда бюджетга қўшимча 30 триллион сўм тушумни таъминлаш кўзда тутилган.

Интернетда P2P орқали савдо тушумларини яширишда гумон қилинган тадбиркорга солиқ органи томонидан юборилган огоҳлантириш хати сурати ҳам тарқалди. Унда ёзилишича, фуқаро савдо тушумларини шахсий банк картасига қабул қилиш орқали солиқ базасини яширгани «солиқ органида мавжуд маълумотлар ҳамда ташқи манба маълумотлари асосида» аниқланган.

Ўзбекистонда ҳантавирус бўйича вазият барқарор – Санэпидқўмита

Ижтимоий тармоқларда дунёнинг айрим мамлакатларида ҳантавирус инфекцияси тарқалаётгани ҳақида хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият барқарор эканини маълум қилди.

Санэпидқўм раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг айтишича, ҳозирги вақтда мамлакатда ҳантавирус билан боғлиқ хавотирли ҳолат кузатилмаяпти.

Мутахассислар таъкидлашича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳантавирус коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ва глобал пандемияга сабаб бўлиши эҳтимоли паст.

Тошкентдаги банкда фуқаронинг 500 минг доллар маблағи талон-торож қилинди

Тошкент шаҳрида тижорат банки ходимлари томонидан фуқаронинг 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги омонат маблағи сохта ҳужжатлар асосида ўзлаштириб олингани аниқланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банкининг масъул шахслари фуқарога тегишли омонат маблағини қалбаки ҳужжатлар орқали қўлга киритгани маълум бўлган. Хабарда банк номи келтирилмаган.

Тергов материалларига кўра, банк ходимлари маблағни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда гумон қилинмоқда. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 228-моддаси — ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш билан жиноят иши қўзғатилган.

Энергетика вазири газ қазиб олиш ҳажмининг кескин қисқариб кетганига изоҳ берди

2026 йилнинг март ойида Ўзбекистонда 2,7 млрд куб метр газ қазиб олинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 млрд куб метр ёки 30,8 фоизга кам. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу пасайиш «кутилган ҳолат» эканини, ҳозир асосий вазифа қазиб олишни барқарорлаштириш ва ҳажмларни ушлаб туриш эканини айтди.

Вазир сўзларига кўра, бунинг учун «Ўзбекнефтгаз» ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда бурғилаш, янги ускуналар сотиб олиш, геология-қидирув ва янги майдонларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Озарбойжоннинг SOCAR ва Британиянинг BP компаниялари билан ҳамкорлик айнан Устюрт минтақасида янги конлар ва янги майдонларни очишга қаратилган.

АҚШ билан меҳнат миграцияси бўйича янги келишувларга эришилди

Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлардаги элчихонаси масъулларидан иборат делегация Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган Халқаро миграцияни кўриб чиқиш форуми доирасида Американинг қатор таълим муассасалари, иш берувчилари ва юридик ташкилотлари билан меҳнат миграцияси соҳасида янги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.

Учрашувлар якунига кўра тиббиёт, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кадрлар тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Жумладан, Logan университети билан тиббиёт ходимларини АҚШ меҳнат бозори учун мақсадли тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Шунингдек, Missouri Trucking School вакиллари билан 160 соатлик махсус дастур орқали юк автомобили ҳайдовчиларини АҚШ стандартлари асосида тайёрлаш ва ишга жойлаштириш механизмлари муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса National Council of Agricultural Employers билан меҳнат форумлари ташкил этиш ва мавсумий иш дастурларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Head Honchos билан H-2A визаларини расмийлаштириш, ўзбекистонлик қишлоқ хўжалиги ходимларининг салоҳиятини АҚШда тарғиб қилиш ва 8–10 ҳафталик тайёрлов дастурларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид