Пандемиядан кейинги туризм: Ўзбекистон нималарга эътибор қаратиши керак?
Пандемиядан олдин дунё миқёсида иш билан банд бўлган аҳолининг ҳар ўндан бири туризмга алоқадор фаолият тури билан шуғулланган. Пандемия соҳага катта таъсир ўтказди. Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистонда туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 80 фоизга пасайиб кетди. Пандемиядан кейинги даврда республикада туризмни қандай тиклаш мумкин?
Туризм СОVID-19 пандемияси даврида энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири ҳисобланади. Бирлашган миллатлар ташкилотининг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) маълумотларига кўра, сайёҳларнинг ташрифи 2020 йилда 2019 йилги кўрсаткичга нисбатан 74 фоизга камайган. Пандемиядан олдин туризм йирик бизнес ҳисобланиб, глобал ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизидан кўпроғини ташкил қилган. Туризмга боғлиқ ёки ихтисослашган мамлакатларда бу улуш янада кўпроқни ташкил этади.
Ўзбекистон иқтисодиётида туризмнинг аҳамияти қай даражада?
Ўзбекистонда 2019 йилда туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 1,3 миллиард долларни ташкил қилган. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг умумий улушида 2,3 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, экспортнинг умумий улушида 7,3 фоизни эгаллаган.
Маълумот учун, пандемия бошланган даврга қадар туризм соҳасида доимий ўсиш кузатилган. Хусусан, туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 2017 йилда 547 миллион долларни (ЯИМнинг 0,9 фоизи), 2018 йилда эса 1,04 миллиард долларни (ЯИМнинг 2,1 фоизи) ташкил қилган.
Жорий йилнинг январь ойида АОКАда ўтказилган брифингда Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов (эндиликда Туризм ва спорт вазирлиги) 2020 йилда туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 261 миллион долларни ташкил этиб, мамлакатга 1 миллион 504 минг турист ташриф буюрганини айтиб ўтган.
«2021 йилда барча ишларни умумий рақамлар орқали эмас, аниқ режалар ва рейсма-рейс йўналиш бўйича батафсил ҳисоб-китоб асосида амалга оширмоқчимиз, зиёрат туризмига кўпроқ эътибор қаратмоқчимиз. 2021 йилда Ўзбекистонга 1 миллион 700 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифини таъминлаш бўйича режа қилинган ва келадиган даромад 370 миллион доллар бўлиши кутиляпти», деб таъкидлаган Азиз Абдуҳакимов.
Энди бу рақамларни 2019 йилдаги «пандемиясиз дунё»даги ҳолат билан таққослайдиган бўлсак, 2020 йилда туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 80 фоизга пасайган. Агар 2021 йилда вакцинация жараёнлари тезлашиб, қўмита томонидан эълон қилинган прогнозлар ўзини оқласа, соҳадан келадиган даромадлар 2019 йилдаги кўрсаткичларнинг 28 фоизи миқдорида тикланиши мумкин.
Бундан ташқари, туризм иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари: транспорт, меҳмонхоналар бизнеси, умумий овқатланиш, савдо-сотиқ соҳаларида ҳам иккиламчи талабни юзага келтириши натижасида иқтисодиётга жиддий зарар етказган.
Бу соҳадаги асосий камчиликлар нимада?
Ўзбекистонга ташриф буюрган туристларнинг кўпчилиги геолокация яхши йўлга қўйилмаганини таъкидлашади. Туристлар мамлакатга мустақил ташриф буюрувчи сайёҳ ўзи истаган жойга боришда ва истаган нарсасини топишда қийинчиликларга дуч келишини айтишган. Мамлакатда пандемиядан кейинги даврда бу соҳани ислоҳ қилиш жуда ҳам муҳим ҳисобланади.
«Ўзбекистонда интернет сифати ўртача кўрсаткичдан паст. Метрополитен меҳмонхоналари ва кафеларида Wi-Fi жуда заиф ёки шунчаки уланмаган. Ташқи дунё билан алоқа қилишда сизда жиддий муаммолар бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси интернет сифатига бориб тақалади», деб таъкидлаган Ўзбекистонга 2019 йил охирида ташриф буюрган француз сайёҳи.
Мамлакатга ташриф буюрган туристлар фикрига кўра, Ўзбекистонга саёҳат қилишдаги энг катта ноқулайлик рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ. Мамлакатга кириш ва чиқиш учун, ҳатто меҳмонхонада жойлашиш ва тарк этиш жараёнида ҳам алоҳида бланка тўлдирилади. Шунингдек, Ўзбекистонда валютани хусусий айирбошлаш шохобчалари мавжуд эмас ва уни фақат банкларда ва ихтисослашган айирбошлаш хизматларида алмаштириш мумкинлиги келтириб ўтилган.
Бундан ташқари, мамлакатда меҳмонхоналар ва транспорт нархи озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар (кийим-кечак, ичимликлар, совғалар в.б.) билан таққосланганда анча қиммат ҳисобланади. Мамлакат ҳудудларини бир-бири билан боғлашда муаммоли вазиятлар мавжуд (масалан, туристик мавсумнинг энг қайноқ пайтларида ҳам Шаҳрисабздан Хивага тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилмаган).
«Авиасалес» таҳлилчиларига кўра, ўтган йилда ички рейсларнинг ўртача нархида 18 фоиз ўсиш кузатилган.
Пандемиядан кейинги даврда Ўзбекистонда туризмни қандай тиклаш мумкин?
АҚШ Глобал медиа агентлиги (U.S. Agency for Global Media) билан ҳамкорликда ташкил этилган тренингда маъруза қилган халқаро консультант, собиқ дипломат Темури Яккабашвилининг таъкидлашича, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар реклама учун энг арзон ва қулай ҳисобланади, аммо интернетда Ўзбекистон ҳақида тўлиқ маълумот олишнинг иложи йўқ.
«Меҳмонлар учун икки ва уч юлдузли меҳмонхоналар тизимини кенгайтириш керак. Ўзбекистонда туристларга нисбатан «бой қатлам» сифатида қаралиб, доимий равишда уларга қиммат хизматлар тақдим қилинади. Аммо статистик маълумотлар яхшилаб ўрганилса, уларнинг аксарияти 60 ёшдан ошган ва иложи борича ўртача харажатларни хоҳловчи қатлам вакиллари ҳисобланади. Транспорт хизмати сифати ва нархларига ҳам алоҳида аҳамият бериш жудаям муҳим», деди Темури Яккабашвили.
Яна бир муаммоли вазият меҳмонхоналар тармоғи билан боғлиқ. Бу ички туризмнинг ривожланишида ҳам жуда муҳим омил ҳисобланади. Kun.uz мухбири билан суҳбатда Туризмни ривожлантириш ассоциацияси раиси Дилшод Одилов меҳмонхоналар қимматлигини изоҳлаган.
«Бутун дунёда хизмат секторида, хусусан, меҳмонхона тармоғида қўшимча қиймат солиғи мутлақо йўқ ёки жуда ҳам катта фарқ билан иқтисодиётда ўрнатилган ҚҚСдан паст ставкада белгиланган. Масалан, туризми яхши ривожланган Туркияда ҚҚС 18 фоиз қилиб белгиланган, аммо меҳмонхоналар учун 8 фоиз. Германия, Греция, Франция – ҳаммасида меҳмонхоналар учун ҚҚС камида 2 баробар паст.
Бизда бир хил 15 фоизлик ставка белгиланган. Лекин Ўзбекистонда қўшимча қиймат солиғи мавзусини кўтаришга юқорироқ турадиган ташкилотларнинг «аллергия»си бор. Чунки ҚҚС давлат бюджетига асосий тушум келтирадиган солиқ ҳисобланади. Ўзбекистонда меҳмонхонанинг солиқ юки биз олган рақамлар бўйича 37 фоизга тўғри келди. Бунча солиқ юки бўлиши жуда катта рақам. Натижада меҳмонхона хизматлари нархини 37 фоизга кўпайтиришга тўғри келади.
ҚҚС туфайли, Туркия ва Ўзбекистондаги бир меҳмонхонанинг эгаси бир хил пул топган тақдирда, Туркия меҳмонхонаси Ўзбекистондаги меҳмонхонадан 10 фоиз арзон бўла олади. Масалан, Туркияда битта хона 90 доллар бўлса, Ўзбекистонда айнан шунча пул топиш учун хонани 100 долларга сотиш керак. Бу меҳмонхона эгасининг айби эмас, бу тизимнинг хатоси», деб таъкидлаган Дилшод Одилов.
Ҳозирда мамлакатда меҳмонхоналарга субсидиялар бериш муддати 2023 йилнинг 31 декабригача узайтирилди. Бу пост-пандемия даврида тармоқнинг жон сақлаб қолиши учун аҳамиятли ҳисобланади.
Яна бир нарсага эътибор қаратиш керак. Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг жуда катта қисмида мамлакатнинг маданий ва тарихий меросига қизиқиши юқори. Шу ўринда битта нарсага аҳамият бериш муҳим. Статқўм маълумотларига кўра, 2010 йилдан бери Ўзбекистонда бирорта музей ташкил этилмаган. Маданий туризмга боғлиқ бўлган мамлакатда бундай ҳолатнинг кузатилиши ажабланарли.
Маданий туризм кўпроқ «бир марталик» ташрифларга ихтисослашган. Шу сабабли қўшимча равишда бизнес туризм (мамлакатнинг қишлоқ хўжалик потенциалидан келиб чиқиб), зиёрат туризми, экотуризм, спорт туризми каби йўналишларга алоҳида аҳамият қаратиш керак.
Бундан ташқари, ўзбек ошхонаси доимий равишда туристларнинг эътиборида бўлиб келган. Бу тармоқни ривожлантириш истиқболли ҳисобланади.
«Озиқ-овқат маҳсулоти Ўзбекистондаги бой тарих ва маданиятнинг катта қисмидир. Ҳаётий ва ижтимоий воқеалар овқатланиш билан боғлиқ», дейилган Ўзбекистон ҳақидаги мақолада.
Республикада зиёрат туризми бўйича истиқболли режаларни амалга оширишда катта салоҳият мавжуд. Хусусан, аҳолиси сони кўп бўлган мусулмон давлатлардан (Индонезия, Покистон, Малайзия, Туркия, Бангладеш), шунингдек, Россиянинг ислом динига эътиқод қилувчи субъектларидан сайёҳларни жалб қилиш соҳага катта имкониятлар очиб беради. Бунда келаётган инсонларда ижобий таассурот уйғотишнинг аҳамияти юқори. Аммо бунда келаётган инсонларга қулай шароит яратиш керак. Аммо баъзи зиёрат ёдгорликларида таҳорат олишга етарли шароит яратилмагани ёки таҳорат олишнинг пуллик экани бу йўналишда ижобий туристик имижни шакллантиришга халақит бериши табиий.
Бундан ташқари, ҳалол стандартларни татбиқ қилишда камчиликлар бор. Ўзбекистонда бу борада кўпроқ озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан бу талаблар қўлланишига урғу берилади, аммо ташриф буюрувчилар талабларида меҳмонхона хизматларида (ювиниш воситалари, матоларнинг кимёвий таркиби) ҳам бу борада эътиборлироқ бўлишга нисбатан эътирозлар мавжуд. Шунингдек, аэропортлар ва темир йўл вокзалларида намозхоналар сонини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир.
Дин ишлари бўйича қўмита маълумотларига кўра, ҳозирда Туркияда 30 миллиондан зиёд Нақшбандия тариқатига эътиқод қилувчи инсонлар истиқомат қилади. Аммо ўтказилган сўровномаларга кўра, уларнинг кўпчилиги шайх Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасининг Бухорода экани ҳақида маълумотга эга эмас.
2021 йил 15 апрель санасидан бошлаб «Uzbekistan Airports» АЖ ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғим ва тарифларни пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Асосий йиғим ва тарифлар ўртача 27 фоизга пасайтирилиб, Ўзбекистон аэропортларига мунтазам йўловчи рейсларини бажарадиган хорижий авиакомпаниялар учун қўлланади. Бу қарор авиачипталар нархларига ижобий таъсир қилиши кутилмоқда.
Пандемиядан олдинги даврда соҳа ривожига ижобий таъсир қилган омиллар
2021 йил 15 март ҳолатига кўра, фуқаролари учун Ўзбекистонда визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар сони 90тани ташкил қилади. Охирги уч йил ичида ушбу рўйхатдаги давлатлар сони 10 баробардан ошиқ кўпайтирилди. Бу эса ушбу даврда туристлар оқими деярли 4 баравар ошишида муҳим аҳамият касб этган.
Шунингдек, мамлакат саёҳат қилиш учун энг хавфсиз мамлакатлар қаторига киради. Бу сайёҳларни жалб қилишда катта аҳамият касб этади.
Байрам кунлари олдидан қўшимча дам олиш кунлари жорий қилиниши ва транспорт нархларига чегирмалар берилиши ички туризмнинг ҳам жонланишига олиб келди.
Туризмни қайта тиклашда дунё мамлакатлари қандай чораларни амалга оширмоқда?
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти жорий йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича эълон қилган маълумотларга кўра, 2021 йилнинг биринчи чорагида 2019 йилнинг мос даври билан солиштирганда сайёҳлар оқими 85 фоизга пасайган.
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти 2019−2020 йиллардаги ҳолатларни жорий йил билан солиштирган ҳолда туризм соҳаси учун вазиятнинг пессимистик ва оптимистик версиядаги прогнозларини тақдим қилди:
Биринчи сценарий июль ойидаги тикланишга ишора қилмоқда, бу 2020 йилги тарихий энг паст кўрсаткичга нисбатан 2021 йилда туристларнинг 65 фоизга кўпайишига олиб келади. Бу ҳолда сайёҳлар оқими 2019 йилда қайд этилган даражадан 55 фоиз пастроқ бўлади.
Иккинчи сценарий сентябрь ойида потенциал тикланишни назарда тутади, бу ўтган йилга нисбатан келганларнинг 30 фоизга кўпайишига олиб келади. Шунга қарамай кўрсаткич 2019 йилги даражадан 67 фоизга паст бўлишини англатади.
Туризм саноатининг келажаги эмлаш жараёнининг қай даражада кечишига боғлиқ. Ҳозирда баъзи ҳукуматлар тўғридан тўғри ёки соҳага имтиёзли кредитлар ва кафолатлар орқали молиявий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Хусусан, Таиланд ички туризмни ривожлантириш учун 700 миллион доллар маблағ ажратди. Бундан ташқари, мамлакатда саргузашт ва тиббиёт туризмини ривожлантиришга эътибор кучайтирилмоқда.
Ямайкада ҳукумат 10 минг сайёҳлик ишчиларига малакаларини оширишга ёрдам бериш учун бепул онлайн сертификатлаш машғулотларини ўтказди. Мамлакатда меҳмонхона саноатидаги харидорларга маҳаллий фермерлардан товарларни тўғридан тўғри сотиб олиш имкониятини берадиган онлайн платформа ишга туширилди. Коста-Рикада экотуризмни ривожлантириш бўйича давлат стратегияси ишлаб чиқилди.
Пандемия даври ва ундан кейинги дастлабки йилларда соҳанинг тикланиши ва ривожланишида замонавий технологиялар муҳим роль ўйнаши мумкин. Ижтимоий масофа сақлаш, гигиена протоколлари яқин келажакда сақланиб қолиши мумкинлиги сабабли, рақамли технологиялар орқали хизмат кўрсатишнинг йўлга қўйилиши соҳага инвестициялар тикланиши учун кўприк бўлади.
Достон Аҳроров
Мавзуга оид
13:24 / 21.11.2024
COP29 иштирокчилари иқлимга мос туризмни ривожлантиришга келишиб олди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024