Ўзбекистон | 16:00 / 09.12.2022
32297
3 дақиқада ўқилади

Битта суддан иккита қўпол хато. Тошкент тумани ИИБ ходимлари ва судьясига чора кўриладими?

Жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судининг инсон тақдирига боғлиқ 2 та ҳукми “синди”: бири бекор қилинди, бошқаси эса ўзгартирилди. Агар апелляция берилмаганида 20 ёшли йигит ортиқча 2 йил-у 6 ой қамоқда ўтирган, айбсиз эр эса битта “и” ҳарфини деб жувонмарг бўлган бўларди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz олдинроқ жиноят ишлари бўйича Тошкент туман суди ва туман ИИБ терговчилари томонидан қилинган адолатсизликлар ҳақида ёзганди.

Хусусан, дўконда сотувчилик билан шуғулланиб келган 20 ёшли Абдураҳим Абдуғаниев тақиқланган эканини билмаган ҳолда интернетдан диний материал юклаб (“скачать”) олиб, ўртоғига юборгани учун мазкур суд ҳукми билан 6 йил озодликдан маҳрум қилинган. Асли Қозоғистон фуқароси бўлган Аброр Шамаров эса собиқ турмуш ўртоғига ўзаро тортишувда “ҳаром” деган сўзни ишлатгани учун жазога ҳукм қилинганди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судининг мазкур ишлар доирасида чиқарилган ҳукмлари юқори инстанцияда “синди”. Жумладан, Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан Абдураҳим Абдуғаниевга чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилди ва унга нисбатан 3 йил-у 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Таъкидланишича, дастлабки суд жазо тайинлашда Олий суд Пленумининг тегишли қароридаги тушунтиришларга риоя қилмаган.

Гарчи жазо бирмунча енгиллаган бўлса-да, маҳкумнинг яқинлари ва адвокати адолатсизлик ҳамон барҳам топмаган деб ҳисоблашмоқда. Адвокатнинг далиллар келтиришича, Абдураҳим Абдуғаниев бу ишда айбсиз бўлиб, у оқланиши зарур.

Фуқаро Аброр Шамаров Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ҳукми билан яна бир бор оқланди ва унга оид жиноят иши тугатилди. Судга оид лингвистик экспертиза хулосасига кўра, тақдим этилган дискдаги видеолавҳада Аброр Шамаров турмуш ўртоғи билан тортишувда “ҳароми” сўзини ишлатмагани, “ҳаром” сўзини шаръий нуқтайи назардан талоқ маъносига тенглаштириб қўллагани аниқланган. Мазкур иш доирасида ҳам жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани суди жазо тайинлашда жиддий хато қилган: айби белгиланган тартибда исботланмаган, ишда уни айблаш учун асос бўлувчи бирор-бир далил бўлмаган вазиятда Аброр Шамаровга нисбатан айблов ҳукми чиқарган.

Тошкент тумани ИИБ терговчилари ҳамда жиноят ишлари бўйича туман суди судьясининг бу каби “адашиш”лари инсонлар учун қимматга тушмоқда. Адолат масканида адолатсизлик қилаётганларга чора кўриладими ёки йўқ, буни вақт кўрсатади.

Судьялар олий кенгаши ва ИИВдан муносабат кутиб қоламиз.

Мавзуга оид