Кам таъминланганларга ҚҚС суммаси қайтариб бериладиган товарлар рўйхати кенгайтирилди
Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган фуқаролар ҚҚС тўловчиси бўлган тадбиркорлардан ун, шакар, дори воситаларини сотиб олганида ва уларнинг тиббий хизматларидан фойдаланганида 12 фоиз кешбэк қайтарилади. Бунгача ушбу рўйхат мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик мойидан иборат эди.
Президент қарори билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.Хусусан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар томонидан сотиб олинганда ҚҚС суммаси қайтариб бериладиган айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига қуйидагилар киритилди:
- ун;
- шакар;
- дори воситалари ва тиббий хизматлар.
Бунда қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш ойига БҲМнинг 10 бараваригача бўлган харидлар суммаси доирасида амалга оширилиши белгиланди.
Маълумот учун, 2023 йил 1 майдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларидан айрим товарларни сотиб олганда харид суммасидан 1 фоиз миқдордаги кешбэк ўрнига 12 фоиз ҚҚС қайтарилиб келинмоқда.
Шу пайтгача ҚҚС қайтариб бериладиган маҳсулотлар рўйхатида қуйидаги маҳсулотлар бўлган:
- қўй гўшти;
- парранда гўшти;
- мол гўшти;
- тухум;
- ўсимлик ёғи.
Кешбэк қайтариш тартиби қандай?
ҚҚСни қайтариб олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги истеъмолчи “Солиқ” мобил иловасини юклаб олиб, Face-ID орқали рўйхатдан ўтиши ҳамда иловада харид чекининг QR-кодини сканерлаши лозим.
ҚҚС қайтарилиши учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак:
- харидор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлиши;
- сотиб олинган маҳсулот ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига кириши;
- тадбиркорнинг ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгани.
Реестрдаги истеъмолчи:
- ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар билан бирга бошқа турдаги маҳсулотларни харид қилиб, чекни рўйхатдан ўтказганда, ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар учун 12 фоиз, бошқа турдаги маҳсулотлар учун 1 фоиз кешбэкка эга бўлади;
- ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектидан ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар сотиб олганда, ҳозиргидек 1 фоиз кешбэк қайтарилади.
ҚҚС суммаси чек рўйхатдан ўтказилган ойдан кейин ойнинг 25-санасидан сўнг “Солиқ” мобил иловаси орқали тўлаб берилади.
Мавзуга оид
08:40 / 09.09.2024
Экспорт қилувчилар учун ҚҚС қоплаш тартиби соддалаштирилди
13:50 / 05.09.2024
ХМТ лойиҳаларига етказилган товарлар учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҚҚС қайтарилади
07:53 / 04.09.2024
Айрим тадбиркорларга ҚҚСнинг бир қисми қайтарилади
21:09 / 25.04.2024