Ўзбекистон | 19:00 / 12.05.2022
14080
3 дақиқада ўқилади

Энергия таъминотида табақалаштирилган тарифларга ўтилади

Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ бўйича ижтимоий истеъмол нормаси киритилади. Энергетика вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, бу норма маиший истеъмолчиларнинг аксариятини қамраб қолади. Шу тариқа, сезиларли кўп энергия сарфлайдиган аҳолининг кам сонли ўзига тўқ қисмига бюджетдан субсидия тўлашга барҳам берилиши мумкин.

Ўзбекистонда маиший истеъмолчиларининг аксарияти жорий этилиши кутилаётган ижтимоий нормадан ошмаган миқдорда энергия таъминотидан фойдаланади. Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 12 май куни журналистлар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Табақалаштирилган тарифларни жорий қилишимиз худо хоҳласа республика миқёсида бўлади. Тест режимида эмас. [Тизим] тўлиқ ишга туширилади. Барча ҳудудлар учун ягона тариф сиёсати сақланиб қолади.

Ҳозирги вақтда айтишим мумкинки, аксарият истеъмолчиларнинг истеъмол ҳажми оширилган тарифга эмас, балки базавий тарифга тўғри келади”, – деди Хўжаев.

Вазир ўринбосари норма доирасидаги квоталар миқдори қанчалиги ва табақалашган тарифлар қачондан жорий қилинишини очиқламади. Қайд этиш лозим, энергия истеъмолида ижтимоий норма киритиш 2022 йилги давлат дастурига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, электр энергияси ва табиий газ истеъмолининг базавий нормаси бўйича 2019-2020 йилларда Тошкентнинг Юнусобод туманида эксперимент ўтказилган эди. Тажриба тариқасидаги аҳоли истеъмолчи учун базавий норма қуйидагича белгиланганди:

  • электр энергияси бўйича: ойига бир абонентга 300 кВт.соат;
  • табиий газ бўйича: иситиш мавсуми даврида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонентга ойига 1000 куб.м; бошқа ҳолатларда бир абонентга ойига 250 куб.м.

Эксперимент доирасида юқоридаги квотадан ортиқ ишлатилган электр энергияси ва табиий газ учун базавий тарифга нисбатан 20 фоиз оширилган миқдорда нархлар белгиланганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ таннархидан сезиларли паст нархларда уй хўжаликларига етказиб берилади, ўртадаги фарқ давлат бюджетидан субсидия ажратиш тарзида қопланади.

Иқтисодчиларга кўра, бундай субсидиялаш тизими ижтимоий адолат мезонларига зид. Чунки субсидиялар барча учун бирдек тўланади, амалда эса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлмаган кам сонли ўзига тўқ қатлами бошқаларга нисбатан сезиларли кўп энергия истеъмол қилади, шу сабаб субсидиялардан анча кўпроқ фойдаланади.

Мавзуга оид