Ўзбекистон | 17:43 / 02.11.2020
27630
3 дақиқада ўқилади

Хитой вакцинаси Ўзбекистонда 5 мингга яқин кишида синовдан ўтказилади

Хитой Фанлар академияси Микробиология институти томонидан тайёрланган вакцина синовининг учинчи босқичи Ўзбекистонда ҳам ўтказилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги бўлим бошлиғи Феруза Хўжаеванинг Kun.uz’га маълум қилишича, 6 ноябрь куни мазкур вакцинани яратиш ва ишлаб чиқишда қатнашган бир гуруҳ хитойлик олимлар Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

«Вазирлигимизда пандемияга қарши курашишда зарур дори воситалари, хусусан, вакциналарни ишлаб чиқариш бўйича халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хитой Микробиология институтида ишлаб чиқилган вакцина синовининг учинчи босқичини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ушбу битимга биноан, Хитой компанияси вакцина клиник синовларининг учинчи босқичини 5000 нафарга яқин ўзбекистонлик талабгорлар ўртасида ўтказишни ўз зиммасига олди.

Битим доирасида 6 ноябрь куни Хитой Микробиология институтининг вакцинани ишлаб чиқариш бўйича амалиёт ўтказаётган мутахассислари Ўзбекистонга ташриф буюришади.

Албатта, бу жуда мураккаб жараён. Вакцинани қўллаш учун уни бир неча босқичда синовдан ўтказиш керак. Бунинг икки босқичи Хитойда ўтказилган. Учинчиси эса бир қатор давлатлар билан бир қаторда бизнинг мамлакатда ҳам ўтказилади.

Агар синовлар муваффақиятли якунланса, Ўзбекистон вакцинани имтиёзли нархларда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади ҳамда вакцина Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига Ўзбекистон орқали тарқатилиши назарда тутилган.

Феруза Хўжаева

Ташриф давомида биринчи навбатда вакцинани қўллаш бўйича ташкилий-ҳуқуқий масалалар ўрганилади. Бу масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинади. Хитойлик олимлар билан вакцина келажакда қандай қўлланиши ва аҳолининг қайси қатламлари унда иштирок этиши масалалари келишиб олинади», деди вазирлик вакили.

21 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой фанлар академиясининг Микробиология институти ва «Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказган эди.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Одилова вакцина кимларда синалиши тўғрисида маълумот берганди.

«Ҳар бир мамлакатда янги дори-дармонлар ишлаб чиқарилганидан кейин у бир неча босқичда синовлардан ўтказилади, жумладан вакциналар ҳам. Синовда қатнашиш учун кўнгиллилар ўз хоҳишларига кўра танлаб олинади. Коронавирус касаллигига қарши вакцинани синовдан ўтказишда ушбу касалликка чалинмаган ва организмида иммуноглобулин G шаклланмаган кўнгиллилар қатнашиши мумкин», дея таъкидлаган эди у.

Мавзуга оид