Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Иссиқ сувнинг “куйдирадиган” таннархи, арзон Аи-92 ваъдаси ва рақамлашадиган ЯТТлар — ҳафта дайжести
Ёпиқ келишувнинг нозик қисми очилди: Тошкентда уй иситиш 4 йилда 5 баробар қимматлашадими? Жаҳон банкидан пессимистик прогноз: Ўзбекистон юқори даромадли давлатга айланишига наҳотки ҳали 100 йил бор? Расмийлардан қалтис ташаббус: аҳоли жуда зич яшайдиган жойларда 80-90 тезликка рухсат бериладими? Кичик бизнес рақамли шаклга ўтади: ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилганларни нималар кутяпти?
Якунланаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид муҳим мавзулари – Kun.uz дайжестида.
“Ҳар йили 30 фоизга оширишга келишилган”
Жамоатчиликка очиқланмайдиган келишувлардан нима кутиш мумкинлиги ҳар доим катта савол остида бўлади. Бундай келишувлар аҳоли ва тадбиркорлар учун сюрпризларни ҳам ўз ичига олиши мумкинлиги шу ҳафта яна бир бор ўз исботини топди.
2021 йилда Тошкент шаҳридаги иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тизими 30 йилга Франциянинг Veolia компаниясига топширилганида, Молия вазирлиги рус ва инглиз тилларида умумий гаплардан иборат пресс-релиз эълон қилиш билан чекланган. Бу баёнотнинг давлат тилидаги версияси берилмаганига сабаб жуда оддий: пресс-релизга “Молия вазирлиги Ахборот хизмати” деб имзо қўйилган бўлса-да, аслида уни вазирликдагилар эмас, Veolia компанияси ёзган – пиар соҳасидан салгина хабари бор одам буни бир қарашдаёқ тушунади. Хусусий компаниянинг баёнотини нуқта-вергулигача кўчириб, давлатники деб эълон қилган расмийлар, тайёр матнни давлат тилига ўгириб қўйишга ҳам ярамаган.
Лекин ҳозир гап бунда эмас. Бу келишувнинг ўша вақтда очиқланмаган муҳим шартларидан бири орадан тўрт йил ўтиб маълум бўлди. Унга кўра, хусусий шерик билан Тошкентда иссиқлик таъминоти тарифларини ҳар йили 30 фоизга ошириб боришга келишилган экан. Буни Veolia компанияси навбатдаги нарх ошириш юзасидан берган изоҳида маълум қилди.
Компаниянинг билдиришича, аҳоли учун тарифларни ҳар йили 30 фоиздан ошириш “турли ижтимоий сабаблар”га кўра кечикяпти. Фақат ўтган йили икки марта 15 фоиздан оширишнинг уддасидан чиқилган. Навбатдаги ошириш 2025 йил 1 октябрга белгиланган. Шу санадан эътиборан, пойтахтда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифлари аҳоли учун 15 фоизга, бизнес учун нақ 40 фоизга ошириш режалаштирилган. Базавий тарифларнинг 17 ой ичида уч марта ошиши умумий ҳисобда аҳоли учун 52 фоизга, бизнес учун 85 фоизга қимматлашишни англатади.
Эътиборлиси, 2024-2025 йилларда тарифлар кўтарилиши билан бюджетдан субсидия ажратиш камайиб қолмайди, аксинча, кескин ошади. Пойтахтнинг ўтган йилги бюджетида иссиқлик таъминоти учун 2 трлн сўм субсидия ажратилган бўлса, бу йилги бу миқдор 38 фоизга ошиб, 2,7 трлн сўмга етган. Ваҳоланки, давлат стратегиясида иссиқлик таъминотини субсидиялашни ошириш эмас, 2030 йилгача тўлиқ тўхтатиш кўзда тутилган. Veolia'нинг маълум қилишича, октябрдаги кўтарилишдан кейин, таннарх таркибида тариф ва субсидиянинг улуши 20/80 шаклига келади: истеъмолчилар иссиқлик харажатларининг 20 фоизини тўғридан тўғри, қолган 80 фоизини солиқлари орқали тўлайди. Бу дегани, стратегияда белгиланган мақсадга эришиш учун, кейинги 4 йилда тарифлар 5 баробарга ошиши ва шу вақтда таннарх ошмай туриши керак.
Таннарх нега бунчалик баланд деган саволга Veolia'нинг жавоби қуйидагича: қозонхоналар, қувурлар ва насос станциялари ёппасига эскириб кетган, иссиқлик йўқотишлари жуда катта, устига устак табиий газ ва электр энергияси харажатлари ошяпти. Бугунги кунда шаҳардаги иссиқлик тармоқларининг 68 фоизи модернизацияга муҳтож. 2021 йилда бу кўрсаткич 72 фоиз бўлганига қараганда, 4 йилдаги ўзгариш 4 фоизга тенг бўлади. Лекин компания табиий эскириш туфайли ҳар йили бу ҳажм ортиб бораётгани ҳисобига, 4 фоизлик натижани “сезиларли қадам” деб баҳолаяпти.
Коммунал қарзлар ойликдан ушлаб қолинади
Коммунал соҳага оид яна бир янгилик ҳақида Қонунчилик палатаси хабар берди. Депутатлар 12 август куни қабул қилган қонунга асосан, коммунал хизматлар ва халқ тилида “квартплата” дейиладиган тўловлардан қарздорликни соддалаштирилган тартибда ундириш жорий этилади. Қонун кейинги босқичлардан ўтиб кучга кирган тақдирда, коммунал қарздорликлар МИБ томонидан қарздорнинг иш ҳақи, пенсияси ёки стипендиясидан ушлаб қолинади. Ушлаб қолинадиган миқдор қарздан ташқари, мажбурий ундирув учун жаримани ҳам ўз ичига олади.
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги версиясида ундирувни фуқаронинг банк картасидаги пулларга ҳам қаратиш кўзда тутилган эди. Лекин мухолифатдаги ХДПнинг қаршилиги билан, лойиҳа ўзгартирилди ва коммунал қарздорликни соддалаштирилган тартибда ундиришда банкдаги маблағларга тегинилмаслиги белгиланди. Лекин агар қарздорнинг расмий ойлиги, пенсия ёки стипендияси бўлмаса, ундирув амалдаги тартиб бўйича оддий шаклга ўтади ва ундириш учун худди ҳозиргидек ҳамма чоралар кўрилади.
Янги қонун қабул қилиниши фонида, коммунал тўловлар бўйича аввалроқ айтилган бошқа бир ғоя кун тартибидан тушиб қолгандек кўриняпти. Ёдингизда бўлса, ўтган йили “квартплата”дан қарзи борларнинг свети ўчириб қўйилиши эълон қилинганди. Лекин кейинчалик бу масала бошқа кўтарилмаганига қараганда, қарздорларнинг светини ўчириш ўрнига, қарзларни осонроқ ундиришга қарор қилинган бўлиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, “қарзи бор светсиз қолади” деган қоида жорий йил 1 августдан бошлаб чиқинди тўловлари бўйича амал қила бошлади.
Аи-80 қимматлашди, Аи-92 арзонлашиши айтилди
Аи-80 бензинидан воз кечилиши арафасида, унинг нархи сезиларли ошди. Ўзбекистондаги энг йирик АЁҚШлар тармоғи – Carvon'да 13 августдан бошлаб Аи-80 9100 сўмдан сотила бошланди. Шу тариқа, энг арзон бензин нархи 1,5 йил ичида 1,5 баробарга ошди.
Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатга кўра, “Ўзбекнефтгаз” келаси ойдан бошлаб Аи-80 ишлаб чиқаришни тўхтатиш ниятида. Бунинг эвазига Аи-92 нархи бироз бўлса-да пасайиши мумкин. Душанба куни “Ўзбекнефтгаз” Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилган Аи-92нинг биржадаги бошланғич нархи 2 фоизга пасайтирилганини эълон қилди. Компания буни “биринчи босқич” деб атади ва нархни яна туширишга ваъда берди.
Шуни эътиборга олиш керакки, расмийларнинг “нарх пасаяди” деган ваъдаси шохобчалардаги нархларга тааллуқли эмас. Ҳозир ҳамма АЁҚШлар турли йўллар билан хусусий қўлларга ўтиб кетган, расмий жиҳатдан чакана нархларни давлат белгиламайди. Шу сабаб, биржадаги бошланғич нарх пасайгани шохобчаларда ҳам нарх арзонлашувига олиб келади деб ҳеч ким кафолат бермайди.
Иқтисодий ўсиш тезлашмаса...
Ўзбекистонда бир неча йилдан бери сифатли бензин АҚШдагидан ҳам қимматроқ бўлиб қоляпти. Ваҳоланки, ўртача америкалик ўртача ўзбекистонликдан 28 баробарга бойроқ. Хўш, қачон Ўзбекистон ҳам ўзига тўқ давлатлар қаторига қўшилади? Жаҳон банки куни кеча эълон қилган ҳисоботдаги рақамларга қараганда, юқори даромадли мамлакатлар қаторига киришимиз учун бизга 100 йилдан кўпроқ вақт керак бўлади.
Жаҳон банки бу рақамни ҳисоблаб чиқаришда охирги 10 йилликдаги иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига таянган. Иқтисодчи Миркомил Холбоев эса пандемиядан кейинги даврни ажратиб олиб, алоҳида ҳисоб-китоб қилиб кўрди. Унга кўра, агар Ўзбекистон иқтисодиёти охирги 4 йилдаги каби суръатда ўсишда давом этса, юқори даромадли мамлакатлар қаторига 2042 йилда қўшилиши мумкин. Қозоғистон эса келаси йилдаёқ юқори даромадли давлатлар қаторига қўшилиши эҳтимолдан холи эмас.
Эътиборлиси, Жаҳон банкининг ҳисоб-китоби бўйича ҳам, Миркомил Холбоевнинг версияси бўйича ҳам, Ўзбекистон бу маррага Марказий Осиё давлатлари орасида энг охирги бўлиб етиб боради.
Маълумот учун, Жаҳон банки таснифи бўйича “юқори даромадли мамлакат” деганда, жон бошига бир йиллик ялпи миллий даромади 2023 йилдаги нархлар бўйича 14 минг доллардан ошадиган мамлакатлар тушунилади. Ўтган йили бу кўрсаткич Ўзбекистонда 3 минг долларга етди, Қозоғистонда эса 12 минг доллардан ошди. Юқорида бензин нархларини биздаги билан деярли бир хил деганимиз АҚШда эса жон бошига ўртача даромад 84 минг долларни ташкил этади.
Норасмий иқтисодиётни қисқартириш чоралари
Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 5 йиллик махсус ҳуқуқий режим эълон қилинди. Президент фармонига кўра, бу режим доирасида бир-бирига боғланган янги электрон платформалар ишлаб чиқилади. ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилганлар бу платформалар орқали ўз фаолиятини рақамлаштиради, яъни банк ҳисобварақларини бошқаради, контрагентлари ва ходимлари билан ҳисоб-китобларни амалга оширади, ҳужжатларни Face-ID орқали имзолайди, мижозлар учун фискал чеклар шакллантиради ва албатта, солиқларни ҳам осон ҳисоблаб, тўлаб бориши мумкин бўлади.
2026 йил 1 январдан бошлаб, йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ 1 фоиз деб белгиланади. Яъни ЯТТлар учун ҳозирги 4 фоизлик солиқ 1 фоизга тушади. Шу пайтгача йилига 100 млн сўмлик даромад учун солиқлардан озод этилган ўзини ўзи банд қилганлар эса 1 фоиз ставкада айланмадан солиқ тўлай бошлайди. Шунингдек, ЯТТлар ҳам, ўзини ўзи банд қилганлар ҳам электрон тўловларни қабул қилиш учун QR-кодга эга бўлиши мажбурий деб белгиланяпти. Улар сотиш пайтида ҳар битта товар ва хизматнинг идентификация кодини киритиб ўтирмасдан, гуруҳ кодини киритиши мумкин бўлади.
Иқтисодиётни оқартириш учун ўтган ҳафта меҳнат муносабатларига доир фармон ҳам қабул қилинган эди. Унга кўра, 1 сентябрдан бошлаб хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида ишлаётган, қўл остидаги ходимлари сони 50 нафардан ошмайдиган тадбиркорларга ортиқча қоғозбозлик қилиб ўтирмасдан, ходимларни Face-ID орқали ишга олиш ва ишдан бўшатиш ҳуқуқи берилади. Фармонда иш берувчиларни яна бир нечта бюрократик мажбуриятлардан халос қилиш, эвазига норасмий тарзда ходим ёллаганлик учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Пахтани ўз вақтида териб олиш учун, фермерларга тоннасига 1 млн сўмдан субсидия бериладиган бўлди. Ўз маблағига пахта етиштирган ёки харид қилган корхоналарга хомашё қийматининг 10 фоизи қоплаб берилади. Шунингдек, тўқимачилик занжиридаги барча корхоналарга ижтимоий солиқ 1 фоизга туширилади. Кластерларга келсак, уларнинг 2,2 млрд долларлик кредит қарзидан 377 млрд сўмлик пенялар кечиб юбориляпти. Бунчалик катта қарзнинг сабаби – маъмурий йўл билан тузилган ва имтиёзларга кўмилган кластерлар жаҳонда пахта нархлари тушиб кетгани сабаб ташқи бозорларда рақобат қилолмай, қийин аҳволга тушиб қолган. Бунга муносабат билдирган иқтисодчи Юлий Юсупов кластерларни ҳам худди автосаноат каби арзанда қилиб юрмасдан, катта ҳаётга қўйиб юборишга чақирди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати яна ўзининг мавжудлик моҳиятига ғирт тескари ташаббус билан чиқди. Тошкент шаҳрининг бешта кўчасида рухсат этилган тезликни 60 км/соатдан 80 км/соатга кўтариш таклиф этиляпти. Тошкент шаҳар ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари бу масалани халқ депутатлари шаҳар кенгаши йиғилишида илгари сурди. Инсонлар ўлимини кўпайтирадиган бу ташаббусга бирортаям депутат қарши чиққани йўқ. Афтидан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўз номини “Тезликсевар ҳайдовчилар манфаатини ҳимоя қилиш хизмати” деб ўзгартираверса бўлади. Аввалроқ радарлар қайд этган тезликдан 5 эмас, 10 км/соат чегириб ташлаш масаласи кун тартибига чиқарилганди. Бу иккита ташаббусни бирлаштирганда, даҳшатли манзара ҳосил бўлади: ҳатто Тошкент шаҳри марказида, аҳоли зич жойлашган мавзелардан ўтувчи кўчаларда ҳам тезликни нақ 90 км/соатгача ошириш имкони берилиши мумкин.
Ўзбекистонда 6 хил товар учун экологик йиғим жорий этилиши мумкин. Гап батарейка ва аккумуляторлар, транспорт воситалари, мойлаш материаллари, шиналар ва резинка камералар, қадоқлаш ва шиша маҳсулотлари ҳақида кетяпти. Бу борадаги режалар пайшанба куни экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг давлат раҳбарига қилган тақдимотидан ўрин олди. Эслатиб ўтамиз, транспорт воситалари учун утилизация йиғими аллақачон жорий этилган. Шунингдек, ўтган ойда қурилиш ойналари учун утилизация йиғимини жорий этиш ҳақидаги қонун қабул қилиниб, Сенатга юборилган эди.
Давлат хавфсизлик хизмати қуйи бўғинлардаги коррупция ҳақида серияли хабарлар беришда давом этмоқда. Тошкентда 50 мартадан кўп пора олган паспорт-виза мансабдори қўлга тушди. Бухорода вилоят ИИБ ходими 13 минг доллар, Фарғонада божхона пости бошлиғи 5 минг доллар, Шаҳрисабзда фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 3,5 минг доллар, Марғилонда мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассиси 2 минг доллар билан ушланди. Самарқандда эса “Афросиёб” поездига нисбатан қўпорувчилик содир этган икки темирйўлчига ҳукм ўқилди. Маълум бўлишича, улар лавозими пасайтирилганидан норози бўлиб, қасд олиш мақсадида “Афросиёб” йўлига бетон ташлаб қўйган. Судланувчилардан бири 13 йил, яна бирига 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Заправкалардаги портлашлар ҳаддан ташқари кўпайиб бормоқда. 13 август куни Сурхондарёнинг Шўрчи туманида ҳам пропан қуйиш шохобчаси портлади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида жабрланганлар бор-йўқлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Вилоят ҳокимлиги эса жабрланганлар борлигини тасдиқлади, лекин уларнинг сонини очиқламади. Қайд этиш керак, бу – охирги бир ой ичида портлаган республикадаги бешинчи заправка бўлди. Бунинг ортидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнилғи қуйиш, сақлаш ва ташиш корхоналарининг раҳбарларига мурожаат билан чиқиб, уларни масъулиятли бўлишга чақирди.
Ғазо секторидан Ўзбекистонга олиб келинган бир гуруҳ фаластинликларга ғамхўрлик кўрсатиш ҳақида президент фармони қабул қилинди. Унга кўра, бу болалар давлат боғчалари ва мактабларига навбатсиз жойлаштирилади, 2028 йилгача боғча пули олинмайди, қўшимча таълим харажатлари тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади. Катта ёшдаги фаластинлик меҳмонларга эса нафақалар ва ижара харажатлари учун компенсация тайинланди. Шунингдек, ҳар бир оилага бирламчи зарурий воситалар хариди учун бир марталик моддий ёрдам ҳам тўланадиган бўлди. Ижтимоий ходимлар уларнинг Ўзбекистон ижтимоий муҳитига мослашишини мониторинг қилиб боради.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Мавзуга оид
09:00 / 28.12.2025
2026 йилги режалар, янги газ кони ва бюджетнинг ёпиқ муҳокамаси — ҳафта дайжести
12:40 / 26.12.2025
“Тошкент–Самарқанд” йўналишида юқори тезликдаги поездлар учун янги линия қурилади
23:34 / 25.12.2025
Тошкент шаҳри учун дизайн-код ишлаб чиқилди
16:25 / 25.12.2025