23:15 / 04.05.2024
15649

Олимпиада йўлланмаси, Солиқ қўмитасининг “иштаҳаси” ва заифлашган сўз эркинлиги — ҳафта дайжести

Ўзбек футболи охирги 30 йилдаги энг катта ютуғини қўлга киритди. Сўз эркинлиги рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни яна пасайди. Уй-жой ва автомобил олди-сотдиси нақд пулсиз шаклга ўтказилиши мумкин. Тошкентнинг 100 та маҳалласида кутубхона очиляпти. Расмий камбағаллик чегараси янгиланди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Футбол: Ўзбекистон – Олимпиадада

Ҳафта қувончли воқеа билан бошланди: Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта Олимпия ўйинларида спортнинг жамоавий тури бўйича ҳам иштирок этадиган бўлди. Душанба куни футбол бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионати яримфиналида Индонезияни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, финалга чиқиш билан бирга, Олимпиада учун Осиё қитъасига ажратилган тўғридан тўғри 3 та йўлланмадан бирини қўлга киритди.

Темур Кападзе шогирдлари финалда Япониядан устунлик қилиб, 91-дақиқада ўтказиб юборилган гол эвазига чемпионликни бой берди. Жамоамиз 99-дақиқада пеналтидан фойдалана олмаган бўлса-да, турнир давомида кўрсатилган ўйин ва қайд этилган натижалар сабаб мухлислар олқишига сазовор бўлди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия жамоаси аввалги Осиё кубогида ҳам кумуш медал совриндори бўлганди.

Францияда ўтадиган олимпия ўйинларининг футбол турнири 24 июлдан бошланади. Унда дебютант Ўзбекистон Испания, Миср ва Доминикан Республикаси билан бир гуруҳдан жой олган. Гуруҳдаги биринчи ўйин 24 июл куни Парижда Ўзбекистон ва Испания жамоалари ўртасида кечади. Ўйинда ҳар икки мамлакат ўз қитъасининг амалдаги вице-чемпиони мақомида майдонга чиқади.

Матбуот эркинлиги рейтингида яна пасайиш

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти 3 май – матбуот эркинлиги куни муносабати билан анъанавий матбуот эркинлиги рейтингини эълон қилди. Унда Ўзбекистон бир йил олдингига қараганда 11 поғонага пастлаб, 148-ўринда қайд этилди. Халқаро кузатувчилар Ўзбекистонни матбуот эркинлиги бўйича вазият “мураккаб” бўлган давлатлар қаторидан, аҳвол “жуда жиддий” бўлган давлатлар қаторига ўтказди. Бу тоифадаги мамлакатлар харитада тўқ қизил рангда кўрсатилган.

“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги ҳолатини 100 баллдан 37 баллга баҳолаган. 2022-2023 йиллардаги ҳисоботларда бу кўрсаткич 45 балл эди. Рейтингга асос бўлувчи 5 та йўналиш орасидан бу йил Ўзбекистонга сиёсий индикатор бўйича сезиларли камроқ балл берилган.

“Президент Ислом Каримовнинг вафотидан кейин оммавий ахборот воситалари учун шароитлар бирозгина яхшиланди, ҳокимиятдаги шахсларни танқид қилиш жуда мураккаблигича қолмоқда”, дея қайд этган ҳисобот муаллифлари. Кузатувчиларнинг таъкидича, Ўзбекистонда матбуот эркинлигини кафолатловчи ҳуқуқий ислоҳотларга зарурат сақланиб қоляпти. Мамлакатда цензура, кузатув ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳолатлари кенг тарқалган, дейилади ҳисоботда.

Яширин иқтисодиётга қарши курашиш лойиҳаси

Вазирлик ва идоралар яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича режаларни ишлаб чиқиб, тегишли президент қарори лойиҳасини тайёрлаган. Маълум бўлишича, бу режалар қаторида анча кескин ўзгаришларни назарда тутувчи нормалар ҳам бор.

Масалан, улгуржи савдони тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказиш таклиф этиляпти. Уй-жой, кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари сотувини ҳам фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида амалга ошириш масаласи кўтарилган. Бу жисмоний шахсларга ҳам, юридик шахсларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Лойиҳада ёзилишича, автомобил ёки уй-жой олди-сотдисини нотариал тасдиқлаш учун банкдан маълумотнома олиш керак бўлади.

Давлат идоралари муҳокама қилаётган яна бир таклифга кўра, 1 июлдан эътиборан нақд пул орқали қилинган харидлар учун кешбэк тўлаш тўхтатилиши мумкин. Яъни QR-кодли чек суммасидан 1 фоизлик кешбэк қайтариш тартибини фақат нақдсиз, яъни терминал ёки онлайн иловалар орқали қилинган тўловларга тааллуқли деб белгилаш таклиф қилинган. Эслатиб ўтамиз, шу йилдан бошлаб ойлик кешбэкнинг максимал миқдорига 204 минг сўмлик чеклов киритилган эди.

Шунингдек, агар ҳужжат қабул қилинса, қурувчи фирмаларнинг солиқ тўлашдан қочиши қийинлашиши мумкин: лойиҳада қурилиш корхоналари томонидан жисмоний шахсларга кўчмас мулк объектлари сотилганида, солиқ базаси ҳар бир квадрат метрга минимал миқдордан келиб чиқиб ҳисобланиши кўзда тутилган. Бу дегани, қурувчи фирма харидорга кўчмас мулкни квадратини 10 млн сўмдан сотиб, қоғозда 1 млн сўм кўрсатса ҳам, солиқ тўлашга келганда, белгилаб қўйилган энг кам меъёрлар бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

Қарор лойиҳасида ҚҚСни қайтариш муддатини 60 кундан 75 кунга узайтириш, айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган миқдорларини бекор қилиш, солиқчиларга тадбиркорнинг ҳудудига кириш ваколатини бериш ҳам кўзда тутилган. Солиқ қўмитаси сўраётган яна бир ваколат эса яна картадан картага пул ўтказмаларига тааллуқли. Унга кўра, ўтказмалар муайян чегарадан ошган тақдирда, бу ҳақда банклар солиқ идораларига хабар бериши керак. Эслатиб ўтамиз, Солиқ қўмитасининг банк сирлари тўғрисидаги қонунчиликка зид бундай уриниши роппа-роса бир йил олдин президент фармони билан тўхтатилган эди.

Журналистлар юқоридагиларни ўз ичига олган қарор лойиҳасидан хабар топиб, бу ҳақда маълумот тарқатгач, режа қилинаётган чоралар кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Шундан кейин Солиқ қўмитаси лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига чиқаришга ваъда берди. Расмийларга кўра, яширин иқтисодиётга қарши курашиш дастури жамоатчилик ва президент ҳузуридаги тадбиркорлар кенгашининг таклифлари асосида қайта кўриб чиқилади.

Квартплата”дан қарзи борларнинг свети ўчириб қўйилади

Кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи компаниялар ва ширкатлар билан боғлиқ қатор муаммолар бўйича соҳа масъуллари янги ечимни таклиф қиляпти. Маълумки, кўп ҳолатларда аҳоли вакиллари “ЖЭК”ни сифатли хизмат кўрсатмасликда айблайди, иккинчи томон эса одамлар пул тўламаётганидан ёзғиради. Натижада кўп қаватли уйларнинг ертўласидан бошлаб томигача муаммолар йиғилиб бораверади, бундан эса тўлов интизоми юқори уй эгалари энг кўп жабр кўради.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовнинг айтишича, бу ҳолатга барҳам бериш учун “квартплата”дан қарзи бор хонадонларнинг электр таъминотини тўхтатиб қўйиш режалаштириляпти. Яъни ЖЭКдан қарздор хонадонлар қарзини узмагунча светсиз ўтиришига тўғри келади.

“Битта кўп қаватли уйда 50 та хонадон бўладиган бўлса, 40 та хонадон ўз вақтида тўласа ва 10 та хонадон тўламагани учун хизмат кўрсатилмаса. Нега 40 та хонадон эгалари тўламаган 10 та хонадон учун бу хизматдан фойдалана олмаслиги керак? Кўп қаватли уйларда яшовли аҳолига хизмат қилишни хоҳлаймиз, лекин тўлов масаласида кўп нарсалар келиб чиқяпти. Шу муаммоларни бартараф этиш учун ҳам қилинган бу”, – деди Шерзод Ҳидоятов.

Бундай тизимни бутун республикада жорий этишдан аввал, одамларнинг тўлов интизоми юқорилиги билан ажралиб турадиган Навоий шаҳрида синовдан ўтказилади. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, “квартплата” тўловлари борасида биллинг тизими ишлаб чиқилиб, электр тармоқлари билан интеграция қилинган. Энди фақат тегишли қонунга ўзгартириш киритиш масаласи қолган. Бу қонун билан, аввалроқ хабар берганимиздек, чиқинди тўловлари ҳам электр энергиясига боғлаб қўйилиши мумкин.

Курск области мигрантларнинг киракашлик қилишига тақиқ қўйди

Россияда мигрантларга такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаш тақиқланган ҳудудлар рўйхатига Курск области ҳам қўшилди. Област губерниясидан маълум қилишларича, бундай қарорга келишдан олдин ижтимоий тармоқда сўров ўтказилган. Сўровда 42 мингдан ортиқ киши қатнашиб, уларнинг 82 фоизи тақиқни қўллаб-қувватлаган. Ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтга келиб Россия регионларининг тахминан учдан бир қисмида мигрантларнинг у ёки бу соҳада ишлаши бўйича чекловлар амал қилмоқда.

Ҳафта давомида Тожикистон фуқаролари билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам Россияга киришда қийинчиликларга дуч кела бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди, лекин Миграция агентлиги буни рад этди. Агентлик ўз ўрганишларига таяниб маълум қилишича, Ўзбекистон фуқаролари Россияга аэропортлар ва ерусти чегара пунктлари орқали тўсиқларсиз кириб чиқяпти. Хусусан, Москва аэропортларида Ўзбекистон фуқароларини узоқроқ вақт ушлаб туриш каби ҳолатлар кузатилмаяпти.

Бундай ҳолатларга Крокус терактидан кейин энг кўп Тожикистон фуқаролари дуч келяпти. Апрел ойи охирида Москва аэропортларида мингдан ортиқ тожикистонлик Россияга киритилмай ушлаб турилганини маълум бўлганди. Шу ва бошқа ҳолатлар ортидан душанба куни расмий Душанбе рус элчисига нота топширди. Нотада Россиядаги Тожикистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари оммавий тарзда поймол қилинаётгани, бундай хатти-ҳаракатлар фақатгина Тожикистон фуқароларига нисбатан бўлаётгани таъкидланган. Россия томони буни рад этиб, хавфсизлик кучайтирилгани муносабати билан жорий этилган чоралар барча давлатлар фуқароларига бирдек тааллуқли эканини билдирган. Пайшанба куни Қирғизистон ҳукумати ҳам ўз фуқароларига Россияга бормай туришни маслаҳат берди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистонда расмий камбағаллик чегараси янгиланди. 1 майдан бошлаб минимал истеъмол харажатлари миқдори 27 минг сўмга оширилиб, киши бошига 1 ойга 648 минг сўм деб белгиланди. Шунга асосан, май ойидан энг кам пенсия миқдори ҳам 648 минг сўмга етказилди. Бу – газ ва электр энергияси бўйича оширилган тарифлар кучга киргани билан боғлиқ. Ҳафта давомида, шунингдек, давлат боғчаларида болалар таъминоти учун тўловларнинг янги миқдорлари тасдиқланди. Расмийларга кўра, бу тўловлар охирги уч йил давомида ўзгармай келган, шунинг ҳисобига ота-оналарнинг тўловлари болаларнинг овқатланиш харажатларини қоплаши даражаси 35 фоизга тушиб қолган.

Хорижий инвесторлар акциялардан оладиган дивидендлари бўйича солиқлардан 3 йилга озод этилади. Бундан ташқари, хорижий инвесторларга ерларни ижарага бериш муддати 49 йилгача узайтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент инвестиция форумида айтиб ўтди. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳалол рақобат, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллигини таъминлашни ўз зиммасига олмоқда, деди давлат раҳбари.

Фарғона вилояти Қўштепа тумани прокурори ўринбосари қўлга олинди. У судда кўрилаётган жиноят иши бўйича айбдорга жазо тайинлашда енгиллик қилиб беришни ваъда қилиб, 2 минг доллар олаётган пайтида ушланган. Бухорода эса реставрация маркази мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Улар тарихий ёдгорликларни таъмирлашга ажратилган 3,3 млрд сўмни талон-торож қилишда гумонланяпти.

Тижорат банклари Тошкент шаҳридаги 100 та маҳаллада кутубхона ташкил этяпти. Бу масканлар 1 майдан бошлаб бирин-кетин ишга туша бошлади. Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Тимур Ишметовнинг маълум қилишича, банклар Бухоро вилоятининг Олот туманида кутубхона очган китобхон Шаҳноза Наврўзовадан илҳомланган. Лойиҳага “Маҳалла кутубхонаси” деб ном берилган. Маълумот учун, Ўзбекистонда кутубхоналар сони 2000 йилдаги 6027 тадан 2021 йилда 402 тагача қисқариб кетган.

Top