Ўзбекистон | 17:36 / 30.04.2024
4045
4 дақиқада ўқилади

Банклар Тошкентдаги 100 та маҳаллада кутубхона ташкил этади

Тижорат банклари Олот туманида кутубхона очган Шаҳноза Наврўзовадан илҳомланиб, Тошкент шаҳридаги 100 та маҳаллада кутубхона ташкил этяпти. Президент маслаҳатчиси ўринбосари Тимур Ишметовга кўра, бу масканлар 1 майдан бошлаб кетма-кет ишга туширилади. Ўзбекистонда кутубхоналар сони 2000 йилдаги 6027 тадан 2021 йилда 402 тагача қисқариб кетган.

Мирзо Улуғбек тумани Мунавварқори МФЙ кутубхонаси / Фото: Алоқабанк

15 та тижорат банки Тошкентдаги 100 та маҳаллада кутубхона ташкил этиш ҳаракатини бошлади. Кутубхоналар 1 майдан бошлаб кетма-кет ишга туширилади.

Бу ҳақда маълум қилган президент маслаҳатчисининг ўринбосари Тимур Ишметовнинг сўзларига кўра, банклар “Кутубхоначи қиз” Telegram-канали муаллифи Шаҳноза Наврўзова Бухоро вилоятининг Олот туманида кутубхона очганидан илҳомланиб, бу ташаббусга қўл урган.

Kun.uz аввалроқ Шаҳноза Наврўзова билан суҳбат эълон қилган эди.

Шаҳноза Наврўзова

Ишметовнинг маълум қилишича, Тошкентда бошланаётган лойиҳага “Маҳалла кутубхонаси” дея ном берилган.

“Улар маҳалла учун оммабоп масканга айланадими? Келажакда уларнинг сонини кўпайтириб, ягона тармоққа бирлаштириш мумкинми? Уларнинг узлуксиз ишлаши, китоблар билан тўлдириб турилиши қандай ташкил қилинади? Ушбу саволлар жавоби устида бош қотирамиз, ҳозирча бошлайверайлик”, – дея ёзди у X тармоғида.

Лойиҳа доирасида Саноатқурилишбанк 15 та, Миллий банк 14 та, Халқ банки 10 та, Ҳамкорбанк 8 та, Ипак йўли банки 8 та, Даврбанк 7 та, Ориент Финанс Банк 6 та, Трастбанк 6та, Туронбанк 6 та, Азия Алянс Банк 5 та, Асакабанк 4 та, Бизнесни ривожлантириш банки 3 та, Инфинбанк 3 та, Микрокредитбанк 3 та, Алоқабанк 2 та маҳаллада кутубхона очмоқда. Президент маслаҳатчиси ўринбосари бунинг учун уларга миннатдорлик билдирган.

Миробод тумани Қўйлиқ ота МФЙ кутубхонаси / Фото: Миллий банк

“Жараённи кузатиб, кутубхоналар ишга тушгач, уларнинг хизматидан фойдаланиб, ўз фикрингизни билдиринг (кутубхоналарнинг аксарияти маҳалла биноларида жойлашмоқда)”, – дея жамоатчиликка мурожаат қилди Тимур Ишметов.

У банклар томонидан кутубхона ташкил этилаётган маҳаллаларнинг туманлар кесимидаги рўйхатини ҳам келтириб ўтди:

  • Бектемир тумани: Нурафшон, Мусаффо маҳаллалари
  • Мирзо Улуғбек тумани: Боғимайдон, Мустақиллик, Мунавварқори, Шаҳриобод, Дарҳон, Олий ҳиммат, Алишеробод, Азамат маҳаллалари
  • Миробод тумани: Қуйлиқ-ота, Темирйўлчилар, Парвона, Салар, Шароф Рашидов, Юксалиш, Олтинкўл, Толақир, Янги Қўйлиқ, Мовароуннаҳр маҳаллалари
  • Олмазор тумани: Қичқириқ, Абу Бакр Шоший, Ғалаба, Мойариқ, Ёшлик, Бўстонобод, Гузарбоши, Гуручариқ, Университет, Ғани Аъзамов, Элпарвар, Ачаобод маҳаллалари
  • Сергели тумани: Саховат, Асробод, Нилуфар маҳаллалари
  • Учтепа тумани: Фарҳод, Жарбулоқ, Истироҳат, Шафтолизор, Ўткир, Тақачи, Диёробод, Ватан, Кўкча-Оқтепа маҳаллалари
  • Чилонзор тумани: Катта Навбаҳор, Шарқ, Меҳржон, Новза, 3-Чарх Камолон, Баҳористон, Дўмбиробод, Шараф, Хонтўпи, Мевазор, Хирмонтепа, Хайробод, Дилобод маҳаллалари
  • Шайхонтоҳур тумани: Бўстон, Камолон Дарвоза, Гулобод, Белтепа, Гулбозор, Ҳувайдо, Янги Камолон, Ипакчи, Боғ кўча, Кичик Хирмонтепа маҳаллалари
  • Юнусобод тумани: Тикланиш, Ҳалқабоғ, Шаҳристон, Кулолқўрғон, Ифтихор, Туркистон, Юртобод, Ғайратий, Севинч, Исломобод маҳаллалари
  • Яккасарой тумани: Армуғон, Юнус Ражабий, Муқимий, Ракат, Дилбулоқ, Конституция, Абдулла Қаҳҳор, Боғсарой маҳаллалари
  • Янгиҳаёт тумани: Олчазор маҳалласи
  • Яшнобод тумани: Уч чинор, Моҳинур, Қалқон, Беҳизор, Парвоз, Тўйтепа, Илтифот, Қадрият, Тонг, Дилбоғ, Гўзал, Ал-Хоразмий маҳаллалари

Kun.uz аввалроқ ёзганидек, охирги 20 йилда Ўзбекистондаги кутубхоналар сони 15 баробарга камайиб кетган. 2000 йилда республика бўйўлаб 6027 та кутубхона фаолият юритган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилга келиб 402 тагача қисқариб кетган.

Мавзуга оид