Спорт | 21:14 / 29.04.2024
21817
3 дақиқада ўқилади

Осиё кубоги U23. Ўзбекистон Индонезияни мағлуб этиб, ўз тарихида илк марта Олимпиадага йўлланма олди

Қатарда ўтаётган Осиё кубоги U23 яримфинали доирасида Ўзбекистон олимпия жамоаси Индонезияни мағлуб этиб, финалга чиқиш билан бирга ўз тарихида илк бор Олимпиадага йўлланма олди. Темур Кападзе шогирдлари Парижда ўтадиган ҳар тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида иштирок этишади. Вакилларимиз финалда 3 май куни Ироқ – Япония ўйини ғолибига қарши саф тортади.

Доҳада ўтган яримфинал баҳсининг биринчи бўлимида вакилларимиз қатор имкониятларга эга бўлишса-да, ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимда Жасурбек Жалолиддинов ва Ҳусайн Норчаев захирадан майдонга туширилгач, ҳужумкорлик ошди.

63-дақиқада индонезияликлар ҳисобни очган бўлса-да, VAR текширувидан кейин бош ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этиб, голни бекор қилди.

68-дақиқада эса Муҳаммадқодир Ҳамралиевнинг узатмасини Норчаев голга айлантириб, ҳисобни очди – 1:0.

84-дақиқада индонезияликлар сардори Ризқи Ридҳо Жасурбек Жалолиддиновга нисбатан ўта қўпол ҳаракат қилгани учун майдондан четлатилди.

Орадан икки дақиқа ўтиб, Абдуқодир Ҳусановнинг бош билан йўллаган зарбасини рақиб ҳимоячиси Арҳан ўз дарвозасига киритиб қўйди – 2:0.

Шу тариқа, Ўзбекистон олимпия жамоаси ўзбек футболида тарих яратди ва Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритди. Кападзе шогирдлари 3 май куни финалда Ироқ – Япония баҳси ғолибига қарши майдонга тушади.

Осиё кубоги U-23. Яримфинал

29 апрел (душанба)

Ўзбекистон — Индонезия 2:0

Голлар: Ҳусайн Норчаев 68, Арҳан 86 автогол.

Ўзбекистон: 1. Абдувоҳид Неъматов, 3. Зафармурод Абдураҳматов, 4. Абдуқодир Ҳусанов, 7. Ҳожимат Эркинов (10. Жасурбек Жалолиддинов, 46), 9. Улуғбек Ҳошимов (19. Ҳусайн Норчаев, 46), 14. Аббосбек Файзуллаев (6. Иброҳимҳалил Йўлдошев, 90), 15. Умарали Раҳмоналиев, 16. Асадбек Раҳимжонов (5. Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 66), 18. Алибек Давронов, 22. Алишер Одилов (20.Русланбек Жиянов, 71), 23. Абдурауф Бўриев.

Индонезия: 12 Прамата Арнан, 3 Муҳаммад Ферарри, 5 Ризқи Ридҳо Рамадани, 6 Ивар Женнер, 7 Марселино Фердинан, 8 Витан Сулаймон, 9 Рамадан Сананта, 10 Жастин Хабнер, 14 Муҳаммад Фажар Фатхур, 21 Эрнандо Ари Суратайри, 23 Натан Тжое.

Четлатиш: Ризқи Ридҳо, 84 (Индонезия).

Мавзуга оид