20:03 / 29.04.2024
15014

Душанбе: Россияда Тожикистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда поймол қилинмоқда

Тожикистон ТИВ Россия элчисига нота топширди. Унда Россиядаги Тожикистон фуқароларига нисбатан оммавий тарзда кескин салбий муносабатлар кузатилаётгани, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда поймол этилаётганидан хавотир билдирилган.

Фото: Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 29 апрел куни Россия элчиси Семён Григорьевга нота топширди.

Вазирлик ахборотига кўра, нотада Россия ҳудудида Тожикистон фуқароларига нисбатан оммавий тарзда кескин салбий муносабатлар кузатилаётгани, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда поймол этилаётганидан жиддий ташвиш билдирилган.

Ҳужжатда, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатлар фақатгина Тожикистон фуқароларига нисбатан бўлаётгани, бу эса Тожикистон–Россия муносабатларининг руҳи ва анъаналарига мос эмаслиги таъкидланган.

Аввалроқ Тожикистон ўз фуқароларини “ўта зарурат бўлмаса” Россияга бормасликка чақирган эди.

Бундан олдин расмий Душанбе тожикистонликларни Россия ҳудудига киритмаслик билан боғлиқ ҳолатлар бир неча ҳафтадан буён оммавий равишда давом этаётганини билдирган.

Тожикистон ТИВнинг 28 апрелдаги хабарига кўра, Москвадаги аэропортларда мингга яқин Тожикистон фуқаролари ушланиб қолган, улар орасида Россия ҳукуматининг грантлари асосида ўқишга келган талабалар ҳам бор. Баёнотда айтилишича, “бундай чеклов чоралари фақатгина Тожикистон фуқароларига нисбатан” қўлланилмоқда.

Россияда Тожикистон фуқароларига нисбатан чекловлар Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида рўй берган терактдан кейин кузатила бошланган эди. 140 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган ҳодисадан кейин Россияда мигрантларга қарши чекловлар киритиш масаласи фаол муҳокама қилина бошланди.

Мавзу
Москвадаги теракт
Россиянинг Москва вилояти, Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида отишма юз берди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, номаълум шахслар автомат милтиқдан одамларга қарата ўқ узган.
Барчаси
Top