Ўзбекистон | 19:00 / 27.05.2023
19094
8 дақиқада ўқилади

«Кутубхоналар ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳаллада бўлиши керак» – Бухоронинг чекка маҳалласида кутубхона очган қиз

«Болалар ўзида йўқ китобларини маҳалла кутубхоналаридан топа олиши, у ердан топа олмагандан кейингина туман ёки вилоят марказидаги каттароқ кутубхоналарга эҳтиёж сезиши керак. Китоблар ва кутубхоналарга бўлган талаб ҳеч қачон йўқолмайди», – дейди Шаҳноза Наврўзова.

Шаҳноза Наврўзова 1989 йилда Бухоро вилояти Олот туманида эски Томжиқ қишлоғида (ҳозирги Мухтор маҳалласи) туғилган. У 5 ёшида қишлоқдаги мактабга чиққан, кейинроқ таълимни Қоракўлдаги лицейда давом эттирган. 2005 йили 16 ёшида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультети талабасига айланган. 2013 йил магистратурани тамомлайди, 2017 йилда эса докторантурада ўқиш учун Истанбулга кетади. Ҳозирда илмий иши изланишлари билан банд.

Унинг ташаббуси билан ўзи туғилиб ўсган чекка маҳаллада кутубхона очилди. Шаҳноза Kun.uz мухбири билан суҳбатда кутубхонани очишда қандай жараёнлардан ўтилгани, бунда кимлар ёрдам бергани ва лойиҳанинг мақсади ҳақида гапириб берди. 

«Кутубхона орзум эди»

Охирги 5 йилдан бери Истанбулда яшаб, ишлайман. Анчадан буён кўплаб китоб лойиҳаларида кўнгилли бўлиб қатнашиб келаман. Жамоавий тарзда дунё адабиёти бестселлерлари бўлган бир нечта китобни таржима қилганмиз. Бундай лойиҳаларда қатнашишдан ҳеч қачон тўхтамаганман.

6-7 ёшимдан бери кутубхона очишни орзу қилганман. 5 ёшда мактабга беришгани учун эрта савод чиқарганман. Кичкиналигимдан ўқиш учун фақат китоб қидирардим. У вақтлар бизда интернет ёки бошқа воситалар бўлмаган, оддий қишлоқ қизи эдим, қишда кўчага чиқолмасдик, шунга қиладиган ишим ҳам фақат китоб ўқиш бўлган. Керакли китобларни топишга жуда қийналардим. Киноларда кўрганимиздек кутубхоналар йўқ эди, шуни ўйлаб баъзида йиғлагим ҳам келарди. 

Дадамга китоблар олиб келишлари учун рўйхат қилиб берардим, улар туман, вилоят марказларига бориб, китобларни қидирардилар. Ҳатто шу ерларга бориб ҳам китоб топа олмай, қайтиб келардилар. Шундай вазиятлар бўлгани учун ўша пайтлардан кутубхона очишни орзу қила бошлаганман, мана орзум ҳам ичимда йиғилиб-йиғилиб, ниҳоят амалга ошди. 

«Нима қиласан? Барибир ҳеч ким китоб ўқимайди»

Орзуни амалга ошириш учун биринчи ишни китоблар йиғишдан бошлаганман. Қайси давлатга саёҳатга борсам, китоб олиб келаверардим. Анча йиллар давомида ўзимнинг соҳам, филология бўйича ёки турли тиллардаги бадиий китобларни йиғиб юравердим. Кўплаб китоблар йиғилгач, жой масаласи бўйича 2022 йил августдан бошлаб турли ташкилотларга мурожаат қилишни бошладик. Мен Истанбулда бўлганим сабабли бу таклифни масофадан туриб, телефон орқали юборардим, шунингдек, бу жараёнда менинг номимдан дадам ҳам ташкилотларга бориб, кутубхона учун жой ажратилишини сўрарди. Туман ҳокимиятига, туман ёшлар иттифоқи каби ташкилотларга учрашдик, улардан ижобий жавобларни ҳам олганмиз. Лекин бу жавоблар бизни қониқтирадиган даражада бўлмади, чунки бошида жой топиш қийин бўлди, топилганда эса кутубхона учун жуда кичик хоналар ажратилди. 

Шаҳноза Наврўзова

Шунинг учун бу масала 1 йилгача чўзилди, охири ўзим Ўзбекистонга келиб, буни ҳал қилишга қарор қилдим. Кўзлаган мақсадимизга эришмагунча яна шу ташкилотларга қайта-қайта мурожаат қилишни бошладим. Албатта, ижобий жавоблардан ташқари, жуда хафа қиладиган ҳолатлар ҳам бўлди. Аммо тўхтаб қолмадик.

Ким билан гаплашсам: «Нима қиласан? Барибир ҳеч ким китоб ўқимайди», – деб гап бошларди. Ўшанда ҳам бу гапларга мутлақо қўшилмагандим, ҳаракатда давом этдик. 

Бу ишни амалга оширишда Twitterʼдагиларнинг ўрни каттароқ, чунки кутубхона очишдаги илк маслаҳатларни, китобларни йиғиш ва молиявий кўмакни айнан шу тармоқ фойдаланувчиларидан олганман. Китобларни йиғиб, кутубхона учун жой масаласини ҳам ҳал қилдик, эндиги босқич маблағ йиғиш эди. Шунда Тwitterʼга молиявий ёрдам кераклиги ҳақида эълон жойладим. Эълонни бир қанча букблогерлар ҳам ўз саҳифаларида жойлаштирди. Букблогерлардан, айниқса, Маҳин Нурсаидова ва Мадина Мусаеваларнинг ёрдами катта бўлди. Шундан кейин бизга жуда кўп мурожаатлар ва ижобий жавоблар келди, Ўзбекистонда ва мамлакатдан ташқарида яшайдиган, таълим оладиган, китоб ўқишни яхши кўрадиган дўстларимиз, турли тадбиркорлар яна қўшимча китоб йиғишга ёрдам беришди, уларнинг қўллаши билан маблағ ҳам йиғилди. 

Бир нечта нашриёт билан ҳамкорликни йўлга қўйдик ва улар бизга китоблар харидида чегирма берди. Лойиҳани жуда кўпгина мутолаани севувчи ва буни қўллаб-қувватловчи дўстлар, блогерлар ва тадбиркорлар билан биргаликда амалга оширдик десам бўлади. Уларнинг барчасидан миннатдорман.

Очилмасидан гавжумлашган кутубхона

Ниҳоят яқинда Олот туманидаги 29-мактаб биносида маҳалла кутубхонаси сифатида очилдик. Унча катта бўлмаган хона ажратилди, лекин мактаб ва маҳалладагилар келиб-кетиши учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмайдиган жойда жойлашган, ёруғ ва шинам кутубхона бўлди. 

Айни вақт кутубхонамизда мингдан ортиқ китоб бор. Улар орасида жаҳон, ўзбек адабиётига тегишли бадиий китоблар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, хориждаги ҳамюртимиз ёрдами билан Канададан Ҳарвард классикасидан 26 томли китоб, Истанбулдан ҳам туркча китоблар олиб келинган. Шунингдек, мактаб дарсликлари, фанларга оид китобларимиз ҳам бор, деярли ҳамма соҳага оид китобларни топиш мумкин. Кутубхонамизнинг расмий очилиши бўлгани йўқ, ҳозирча китобларни жавонларга тўлақонли жойлаштириб ҳам олмадик, аммо шунга қарамай, айни вақт келувчилар сони кўп, кутубхонамиз жуда гавжум. 

Келгусида кутубхонамиз янаям гавжумлашиб, одамлар кўпаядиган бўлса, уни кенгайтиришни ҳам режа қиляпмиз. Бундан ташқари, турли тадбирлар, букблогер, таржимонлар билан суҳбатлар уюштиришни ҳам ният қилиб турибмиз. 

«Китоблар ва кутубхоналарга бўлган талаб ҳеч қачон йўқолмайди»

Туман, вилоят марказларида бир нечта китоб дўконларини кўрдим, аҳвол 30-25 йил олдингидек эмас. Лекин Олот тумани анча чекка ҳудудда жойлашган, ҳатто вилоят марказига бориш учун ҳам 80 кмни босиб ўтишга тўғри келади. 7-8 ёшли боланинг у ерга бориб келиши қийин, қолаверса, туман марказига ҳам боришини ўйлаб кўриш керак. Агар чекка ҳудуд учун кутубхона очиш қўлимиздан келар экан, нега буни қилмаслигимиз керак эди?! 

Биз тарафларда аксарият оилалар фарзандининг билимли, илмли бўлишини жуда ҳам қаттиқ исташади, гарчи бу молиявий жиҳатдан қийин бўлса-да, максимал равишда уларга шароит яратишга уринишади. Мана шу жараёнда кутубхонамиз болаларни, ёшларни қўллаб-қувватласа, маҳалла аъзоларининг бўш вақтларини сермазмун ўтказишига сабабчи бўлса, умуман, китоб топишда оз бўлса-да ҳиссамизни қўшсак, бундан жуда ҳам хурсанд бўламан. Лойиҳамизнинг асосий мақсади ҳам аслида шу – китобхонликни оммалаштириш. 

Кичик-кичик кутубхоналар ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳаллада бўлиши керак. Болалар ўзида йўқ китобларини маҳалла кутубхоналаридан топа олиши, у ердан топа олмагандан кейингина туман ёки вилоят марказидаги каттароқ кутубхоналарга эҳтиёж сезиши керак. Китоблар ва кутубхоналарга бўлган талаб ҳеч қачон йўқолмайди ва китоблар инсон онгининг маънавий етилишида энг муҳим манба бўлиб қолаверади.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид

Эълонлар

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани

“Uzbekinvest"да глобал иқтисодий трендлар муҳокамасига бағишланган Илмий-амалий кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Кузги Будапешт: жўшқин, қизиқарли ва ранг-баранг кайфият маскани