Ўзбекистон | 20:26 / 03.04.2026
5647
5 дақиқада ўқилади

Фарғонада мудҳиш қотиллик, Ўшга авиақатнов ва ходимга берилган зарба – маҳаллий дайжест 

Тошкент–Ўш–Тошкент йўналишида илк авиарейс амалга оширилди. Тошкентда маст ҳайдовчи ички ишлар ходимига зарба берди, Фарғонада эса банк ходими мижозни ўлдириб, каналга ташлаб юборди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Автобус пиёдани уриб юборди  

Тошкент шаҳрида ажратилган махсус йўлак бўйлаб ҳаракатланаётган автобус пиёдани уриб юборди. Йўл-транспорт ҳодисаси 2 апрел куни содир бўлган

Маълум бўлишича, 2013 йилда туғилган пиёда тартибга солинган ўтиш жойидан ташқари, светофорнинг қизил чироғида йўлни кесиб ўтаётган бўлган. Автобус уриб юбориши оқибатида у жароҳатланган.

Ҳайдовчи томонидан жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, тез ёрдам чақирилган. Шифокорларнинг дастлабки хулосасига кўра, унга бош мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.  

Тошкент ва Ўш ўртасида авиақатнов йўлга қўйилди  

1 апрел куни Centrum Air авиакомпанияси томонидан Тошкент–Ўш–Тошкент йўналишида илк авиарейс амалга оширилди.

Ўш халқаро аэропортида мазкур рейс анъанавий сув аркаси билан тантанали кутиб олинди. Илк парвозда Тошкентдан 98 нафар, Ўшдан эса 141 нафар йўловчи учди.

Йўловчилар орасида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари билан бирга Туркия, Хитой ва Корея Республикасидан келган сайёҳлар ҳам бўлгани мазкур йўналишнинг халқаро аҳамиятини кўрсатди.

Парвозлар замонавий Airbus A320 самолётларида ҳафтасига икки марта — чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Яқин келажакда рейслар сонини 4 тагача ошириш режалаштирилган.  

Фарғонада мудҳиш қотиллик   

Фарғонада 31 март куни автокредит расмийлаштириш мақсадида Қўқон шаҳридаги банкка борган фуқаро қотиллик қурбони бўлди. Уни банк ходими ўлдиргани айтилмоқда.

У банк биносини банк ходими билан бирга тарк этган, икки соат ўтиб ходим ёлғиз қайтиб келган.

Бош прокуратура ахборот хизматига кўра, терговга қадар текширув давомида Қўқон шаҳридаги банклардан бирининг кредит бўлими мутахассиси қотилликда гумонланиб, қўлга олинган. У мижозни ўлдириб, жасадни Катта Фарғона каналига ташлаб юборганига иқрор бўлган.

Банк ходими марҳум акция доирасида автомашина учун кредит олиш мақсадида филиалга келганини, у билан ўзаро тортишиб қолгани, гаплашиб олиш учун Tracker машинасида Ўзбекистон тумани ҳудудига келганини, шу ерда пичоқ билан унинг бўйин соҳасига бир неча марта зарба бериб ўлдирганини айтган. У шундан сўнг иш жойига қайтиб келган, мурдани машинасида қолдирган. Соат 19:00 ларга қадар ишда бўлган. Шундан кейин машинасида Катта Фарғона каналининг Ўзбекистон туманидаги Тўлаш маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган қисмига бориб, мурдани каналга ташлаб юборганини билдирган.

Ҳолат юзасидан қасддан одам ўлдириш билан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда жабрланувчининг жасади топилмаган, қидирув ишлари давом этмоқда.   

Маст ҳайдовчи ходимга зарба берди  

Тошкентда маст ҳолатда автомашина бошқариб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Сўнгра воқеа жойига етиб келган ички ишлар ходимига зарба берди.  

Ҳолат 30 март куни тунги вақтда Яшнобод туманида содир бўлган.

Маълум қилинишича, Malibu ва Leapmotor машиналари ўзаро тўқнашиб кетгач, ҳайдовчилар ўртасида тортишув юзага келган. Сўнгра Leapmotor ҳайдовчиси 102 рақамига қўнғироқ қилиб, давлат рақам белгисига эга бўлмаган Malibu ҳайдовчиси авария содир этиб, унга нисбатан қўполлик қилаётгани ҳақида хабар берган.

Мурожаатга асосан воқеа жойига етиб борган йўл-патрул хизмати ходимлари ҳолатни расмийлаштиришга киришган. Маст ҳолатда машина бошқариб келган Malibu ҳайдовчисига алкотестер орқали текширувдан ўтиш таклиф қилинган.

Ҳайдовчи эса қаршилик кўрсатиб, ходимлардан бирига тирсаги билан зарба берган. 

Шундан кейин у бошқа ходимлар ҳаёти, соғлиғига зарар етказишнинг олдини олиш мақсадида махсус воситаларни қўллаган ҳолда зарарсизлантирилган.

Ҳайдовчи спиртли ичимлик ичгани сабабли қўли кўтарилиб кетганини айтиб, узр сўраган. Ҳозирда у процессуал тартибда ушланган. Ҳолат юзасидан ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва безорилик билан жиноят иши қўзғатилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид