«Тез орада янгилик бўлади деган умиддамиз» – вазирлик Россия билан мунтазам авиақатновлар тикланиши ҳақида
Хорижга турли мақсадларда борувчиларнинг режалари бу йил ўзгариб кетди, кўпчилик мунтазам парвозларни кутмоқда. Яқинда Uzbekistan Airways АЖ қатор йўналишлар бўйича парвозлар мунтазам равишда қайта тикланишини маълум қилди.
Энди бошқа давлатларга бориш ва хориждан Ўзбекистонга келишда қандай тартиб амал қилиши билан қизиқдик. Саволларимизга Транспорт вазирлиги вазирлик матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов жавоб берди.
– Бундан буён парвозлар қайси ҳужжат асосида амалга оширилади?
– Махсус комиссиянинг 2020 йил 31 августдаги 45-сон баёни иловасида Коронавирус пандемияси даврида мунтазам халқаро авиақатновларни амалга ошириш тартиби тўғрисида вақтинчалик йўриқнома тасдиқланган. Бугунги кунда мунтазам авиақатновлар ана шу йўриқнома асосида қайта тикланмоқда.
Йўриқномада аэропортларга қўйилган талаблар, йўловчиларнинг Ўзбекистонга кириб келиш тартиби, йўловчилар учун хавфсизлик чоралари ва ҳоказоларнинг барчаси белгиланган.
– Турли давлатларда вазият турлича. Демак, ҳар бир давлат бўйича алоҳида ҳужжат ишлаб чиқиладими?
– Ҳар бир давлат бўйича алоҳида тартиб йўқ. Лекин ҳар бир давлат хорижий мамлакат фуқароларни ўз ҳудудига киритишда эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, худди Ўзбекистон каби алоҳида тартибларни белгилаши мумкин. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондан мунтазам халқаро авиақатновлар орқали бирор давлатга учаётган йўловчилар ўзлари борадиган мамлакатнинг санитария талабларини мустақил равишда аниқлаб олиши ва авиачипта сотиб олишдан олдин, ана шу мамлакатга кириш ҳуқуқини берадиган тегишли асослар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши зарур.
– Қачон йўловчилар худди олдингидек, ҳеч қандай чекловларсиз ва истаган йўналишлари бўйича учиб кетишлари мумкин бўлади?
– Тизим қайта тикланишини, олдингидек ишлашини биринчи навбатда биз – шу тизим ходимлари кутаяпмиз. Аммо бу бизга эмас, дунё бўйлаб пандемия билан боғлиқ вазиятга боғлиқ. Инсон саломатлиги ва эпидемиологик вазиятни жиловлаш биринчи ўринда турибди.
– Нега тикланаётган мунтазам йўналишлар қаторида Россия шаҳарлари йўқ?
– Бу саволни кўпчилик беряпти. Бу борада музокаралар давом этяпти ва тез орада янгилик бўлиб қолишидан умид қиляпмиз. Нафақат Россия, балки Қирғизистон каби мунтазам парвозлар кўп бўладиган бошқа давлатлар билан ҳам музокаралар кетмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Uzbekistan Airways 2020 йилнинг биринчи ярмида 767,7 млрд сўм зарар кўргани маълум бўлганди.
Май ойи охирида пандемия таъсирини юмшатиш мақсадида карантиндан энг кўп жабр кўрган компаниялар Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports’га 122 млн долларлик кредитлар бўйича тўлов муддатларини кечиктирилган, 60 млрд сўмдан кўпроқ солиқ имтиёзлари берилган. Бундан ташқари, Инқирозга қарши кураш жамғармаси томонидан ушбу компанияларга 50 млн доллар миқдорида фоизсиз ссуда берилган.
Кўриниб турибдики, авиакомпания бугун танг аҳволда қолиб кетган, фақат мунтазам авиапарвозларни тиклаш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш орқалигина вазиятни қисман бўлса-да ўнглаш мумкин.
Ташқи ишлар вазирлиги 2 сентябрь ҳолатига кўра ўзбекистонликлар бориши учун санитария-эпидемиология талабларига жавоб берадиган 49 мамлакат рўйхатини тақдим этди. Ўзбекистондан чиқиб кетишдан олдин бориладиган мамлакатга дипломатик ваколатхоналар орқали кириш талабларини янада аниқлаштириш ва борадиган мамлакатга кириш ҳуқуқини берадиган асослар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш тавсия этилади.
Аброр Зоҳидов